CАРВИНОЗ ҚУРБОНБОЕВА – БИРИНЧИ ГРОССМЕЙСТЕР

“Қуш уясида нимани кўрса, учганда шуни олади”. Ҳар гал мана шу отасўз (мақол) қулоғимга чалинганида Сарвиноз Қурбонбоеванинг шахматда эришган муваффақиятлари ёдимга тушади. Инсоннинг бирор юмушнинг бошини маҳкам тутишида оилавий муҳитнинг айрича роли бор. Жумуқовлар оиласида шахматга ошнолик оилавий ритуалга айланган, десак муболаға бўлмас. Қолаверса, Боёвут туманидаги Носир Маҳмудов қишлоғида шахматга ошуфта бўлмаган оиланинг ўзи йўқ. Бежиз бу гўшани “шахматчилар қишлоғи” деб аташмайди.
Қишлоқда нима кўп—юмуш кўп. Айниқса, ёз, куз ойларида ишлар болалаб кетади. Кузнинг иши кулдан кўп, деган мақол тирикчилик кўйида елиб-югуриб юрган қишлоқ аҳлига нисбатан тўқилган бўлса не ажаб!

Каримберди Жумуқов қишлоқ мактабида рус тили ва адабиёт фанидан дарс беради. Ашаддий шахмат ишқибози. Бир ўйинга киришса, рақибларини мот қилмагунча тахтадан бош кўтармайди. Борди-ю енгилиб қолса, уйга қайтиб шахмат китобларини титади. Унинг уйида “Шахматы в СССР” журналининг 20 йиллик тахлами бор.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ. СССР шахмат федерациясининг 1921 йилда таъсис этилган ойномаси (журнал)  ўз даврида 50 дан ортиқ давлатга тарқалган. 1995 йилдан ойнома “Шахматы в России” номи билан чоп этила бошланди. 1999 йилга келиб журналнинг чиқиши бутунлай тўхтаган.

Бу ойнома мафкурадан бирмунча холи бўлиб, асосан машҳур шахматчилар, жаҳон чемпионларининг сара партияларидан намуналар, энг чиройли комбинациялар бериб бориларди. Мазкур журнал ўз вақтида шахмат ишқибозлари учун ўзига хос қўлланма вазифасини ўтарди.

Жумуқовлар оиласида шахмат энг севимли машғулот эди. Каримберди муаллим ҳар гал рақиблари билан дона сурганда оиланинг кенжаси — Сарвиноз қўлини иягига тираганча соатлаб томоша қилиб ўтиришдан эринмасди. Болаликда ҳамма нарса тошга ўйилгандек нақшланиб қолади. Шу асно қизгина шахмат алифбосини ўрганиб олди. Қизидаги иқтидорни ўз вақтида илғаган Каримберди муаллим у билан индивидуал шуғуллана бошлади. (У киши шахмат бўйича спорт усталигига номзод мақомига эга эди). Натижа тезда кўзга ташлана қолди. Ўшанда устоз-ота энди шахмат оламига қадам қўйган қизига бир ҳақиқатни уқтирди: “Шахмат—бу шакл жиҳатдан — ўйин, мазмунига кўз ташлаганда — санъат, унинг машаққатларини ўзлаштиришга келганда эса—фан”, деганди. Яна бу гаплар менга тааллуқли эмас, жаҳон чемпиони Тигран Петросяннинг қайдлари, дея қўшиб қўйганди. Балки отасининг мана шу сўзлари Сарвиноз учун келгуси ҳаёт йўлида йўлчи юлдуз вазифасини ўтагандир.

5 ёшидан шахматга ошно тутинган Сарвиноз 9 ёшида илк катта синовга рўбарў келди. Ўзбекистон Шахмат федерацияси ҳар йили мунтазам равишда ёш тоифалари бўйича мамлакат чемпионатларини ўтказишни таомилга айлантирган. Ана шу чемпионатнинг илк ёш тоифаси бўйича баҳслар 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида кечади. Бу тутумда 10 га кирдинг, сонга кирдинг нақли тамал тоши вазифасини бажарган бўлса керак-да. 2003 йил Сарвинознинг  ҳечам эсидан чиқмайдиган йил сифатда хотирасида абадий муҳрланиб қолган. Ўша йили мамлакатимиз бошкенти Тошкент шаҳрида 10 ёшгача бўлган болалар ва қизлар ўртасида мамлакат чемпионати старт олди. Каримберди Жумуқов шогирди билан нуфузли турнирга йўл олди. Ўшанда Сарвиноз 9 ёшда эди. Баҳс-лар қизғин бўлди. Сарвиноз эмин-эркин дона сурар, машқда ўрганганларини ҳар бир партияда қўллаб, кетма-кет ғалабаларга эришарди. Илк уриниш—илк муваффақият. Ёш шахматчи 10 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номни қўлга киритди.

Сирдарё воҳасида: “Боёвутдан бир иқтидорли қиз чиқибди. 10 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлибди”, деган хушхабар тарқалди. Чемпион бўлиб уйга қайтганида акаси, уч опаси шодликлари кўкка ўрлаган кўйи қучоқ очиб кутиб олди. Айниқса, волидаи муҳтарамаси Дилбархоннинг хурсандчилигини айтмайсизми! Бутун қишлоқ унга “чемпионнинг онаси” дея мурожаат қиладиган бўлди. Она учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Спорт миллат ва мамлакатни дун-ёга тез танитади, деган гапда жон бор. Миллат ва мамлакат билан бирга соврин олган спортчи ҳам тилга тез тушиши турган гап. Сарвиноз 10 ёшида спорт туфайли дунё кезишни бошлади. 2004 йилда Греция давлатида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан дона сурди. Дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларидан келган тенгдошлари билан тенгма-тенг ўйнаб, чемпионатда 7-ўринни қўлга киритди. Гарчанд ҳали жуда ёш бўлишига қарамай хорижда Ватан шаъни-шавкати учун кураш олиб бориш зиммасига юксак масъулият юклашини юрак-юракдан ҳис этди.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ. Сарвиноз шу пайтгача қизлар ва аёллар ўртасида 20 карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номни қўлга киритди. Илк муваффақиятидан 9 йил ўтгач, 2012 йилда олий лига аёл шахматчилари ўртасида тенгсизлигини исботлаб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Яъни мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Иқтидорли шахматчи 2004, 2006, 2008, 2009 йилларда ўз ёш тоифасида республикамизда тенгсиз эканлигини исботлади. 2009 йилнинг 8-17 февраль кунлари Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида кечган Ўзбекистон чемпионати биринчи лига мусобақаларида бош совринни қўлга киритиб, олий лигада дона суриш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўша йили у спорт устаси талабини бажарди. Бу ютуқларни ҳеч иккиланмай ёш шахматчи ҳаётидаги триумф деб баҳолаш мумкин. (Триумф лотинча (triumphus) сўз бўлиб, “юксак, тенгсиз  ютуқ, ғалаба, тантана” маъноларини англатади).

Сарвиноз Қурбонбоеванинг иқтидори, имкониятлари Ўзбекистон Шахмат федерациясининг доимий эътиборида бўлиб келаётир. У дастлаб мамлакат ёшлар, сўнгра аёллар терма жамоаларининг доимий аъзосига айланди. Жаҳон ареналарида чиройли ўйинлар кўрсатиб, мамлакатимиз довруғини бутун дунёга ёйди. Кечагидек эсида: 2007 йилнинг апрель-май ойларида Тошкент шаҳрида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида кечган мамлакат чемпинатида кумуш медални қўлга киритган Сарвиноз Осиё чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2008 йилда у Ҳофиз ватани Эронда ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли дона сурди. Айни ёз чилласи. Осиё қитъасининг барча мамлакатларидан ташриф буюрган энг кучли шахматчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Швейцарча тизимда кечган чемпионатда Сарвиноз шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Ғолиблар сафида мамлакатимиз байроғи кўтарилди. Ўшанда у озод Ўзбекистон фуқароси бўлганлигидан чексиз равишда фахр, ифтихор ҳисини туйди. Туғилиб ўсган юрти Сирдарёни, она қишлоғи Носир Маҳмудовни, устози ва падари бузруквори Каримберди Жумуқовни, мунис ва меҳрибон онаси Дилбархонни хаёлидан ўтказди. Ахир, уни шоҳсупага кўтарган шу юрт, шу улус, шу инсонлар эканини бир лаҳза унутиб бўладими?!

Қўша-қўша ютуқларнинг онаси —меҳнат. 2009 йилда у Ҳиндистонда ўтган Осиё чемпинатида бронза медалига эга чиқди. Россия давлатининг Екатеринбург шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ёш шахматчилари ўртасида кечган халқаро болалар турнирида олтин медаль соҳибасига айланди.

Спорт халқларни бирлаштиради, деган гап ҳақрост. Бўлмаса, Бразилия қаёқдаю, Ўзбекистон қаёқда эди? Беруний бобомиз ақл қуввати билан аниқлаган диёрга бориш ҳаммага ҳам насиб этмайди. (Денгиз ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали. Абдулла Орипов сатри). 2011 йил Бразилияда ўтган жаҳон чемпинатида яна бир ўзбек фарзандининг ақл машъали барчани ҳайратга солди. Сарвиноз бронза медалини қўлга киритди.

Жаҳон чемпиони Гарри Каспаровнинг шундай гапи бор. “Шахматда якка ёлғиз улкан натижаларга эришиб бўлмайди. Бунинг учун мунтазам равишда олий даражадаги рақиблар билан тўқнашиб туриш керак”. Шу боис қаҳрамонимиз Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари кубоги, Осиё миллатлар кубоги, “Мумбай опен” мусобақаларида мунтазам равишда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

2015 йил эди, шекилли. Ажойиб кунларнинг бирида Сарвиноз отаси Каримберди ака билан хонамга кириб келди. Қўлида тилларанг кубок. Ўшанда у Қозоғистон давлатида ўтган Марказий Осиё давлатлари кубогида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритган экан. Каминага турнирдан оддий ёғочдан ясалган ручка олиб келибди. Мени ручканинг шакли-шамойили мафтун этиб қўйди. Унда бошига ўрама рўмол ўраган қозоқ аёлининг тимсоли дарж этилган. Ручкада қозоқ халқининг равиш-рафтори “манамен”, дея кўзга ташланиб турибди. Хаёлимда Абай ўланлари, Ўлжас Сулаймон, Мухтор Шаханов шеърларида куйланган қозоқ аёлининг таниш чеҳраси намоён бўлди. Суҳбат асно қўшни республикада шахмат қандай ривожланаётгани ҳақида сўрадим.

—Шахмат ҳамма жойда жадал ривожланаяпти, — деди Сарвиноз.—Қозоқ дугоналаримдан Динара Садуакасова, Гулисхан Нахбаева, Жансая Абдумаликлар турли турнирларда ўзбекистонлик шахматчиларнинг асосий рақибларига айланишмоқда.

2010 йилда Президентимизнинг Фармони билан мамлакатимиз шахмати ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Сарвиноз Қурбонбоева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Сирдарёнинг фахрларидан бўлмиш шахматчи қизни табриклаш учун хонадонига йўл олдим. Йўлда қандай совға олсам экан, деган ўй безовта қила бошлади. Дафъатан хаёлимга Сарвиноз билан суҳбатлардаги ажойиб бир ҳангома жонланди. Грецияга жаҳон чемпинатига борганда қизгинанинг бир хонада шоколадлар териб қўйилган столга кўзи тушади. Бола эмасми, бу биз, меҳмонларга ато этилган бўлса керак, деб бир нечасини паққос туширади. Ўзимизнинг Ўзбекистондагидек, тўкинчилик деб ўйлаган бўлса керак-да! Миллатимиз меҳмон деса бор будини дастурхонга қўяди. Ширинликнинг эгаси тановул қилинган шоколадлар фалон пул бўлади, тўланглар, дея қисдиқафас қилади. Орага давлат мулозимлари аралашиб, можаро ижобий ҳал этилади.

Сарвинознинг шоколадни яхши кўришини ҳисобга олиб, бир қути ширинлик олдим. Ёнига даста гул қўшдим. Гарчанд март бўлса-да, кун анча совуқ. Бекобод шамоли изиллаб ҳуштак чалиб турарди. Хонадонда қариндош-уруғ жамулжам экан. Каримберди ака Сарвинознинг лауреатлик дипломи, кўкрак нишонини кўрсатди. Илоё, яқин келажакда шу қиздан гроссмейстер чиқсин, дея дуо қилдик. Кўп ўтмай суҳбат бир чеккада қолиб, шахмат жангги бошланди. Маматқул Хайлаев билан Каримберди ака дона суришга тушиб кетишди. Бу қишлоқдан чемпионлар чиқишининг сирини англагандай бўлдим. Носир Маҳмудовликлар меҳмон-излом келса, кўча гаплари билан бир-бирларининг вақтларини олмай шахмат ўйнашга тушиб кетишар экан. Келган меҳмонларда ҳам “ақл гимнастикаси—шахмат”га (Блез Паскаль таърифи) муҳаббат уйғотар экан.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ. Сарвиноз Қурбонбоева 2010 йилда яна бир нуфузли мукофот — “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2011 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси Мус-тақиллигига 20 йил” эсдалик нишони соҳибасига айланди. Шахматда қўлга киритган ютуқлари учун у 2013 йилда ФИДЕ устаси, 2014 йилда хотин-қизлар ўртасида Халқаро спорт устаси ва ниҳоят, 2017 йилда энг олий мартаба—хотин-қизлар ўртасида Халқаро гроссмейстер мақомига мушарраф бўлди. Бу муваффақиятлар  ўзининг тинимсиз меҳнати, сабр-бардоши, устозларининг хизматлари ва дуо-си ҳисобига қўлга киритилди. Сарвиноз айни чоқда шахмат бўйича вилоятимиздаги биринчи ва ягона Халқаро гроссмейстер бўлиб турибди.

Сарвинознинг маҳорат касб этишида биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов Халқаро турнирининг ўзига хос ўрни бор. Чунки мазкур мусобақада эркаклар ва аёллар аралаш тарзда бир-бирлари билан дона сурадилар. Жаҳоннинг энг кучли шахматчилари билан мусобақага киришиш ҳар қандай шахматчининг маҳорат касб этишига хизмат қилади. Сарвиноз 2012 йил мазкур турнирда хотин-қизлар ўртасида совринли 3-ўринни эгаллади. 2015-2016 йилларда Хотира турнирида аёл шахматчилар орасида 1 ва 2-ўринларни банд этди.

Сарвиноз Халқаро гроссмейстер мақомига эришгач, Ўзбекистон Шахмат федерацияси сайтига интервью берган эди. Сайт мухбирининг: “Ўзингиз бўлган мамлакатлар орасида шахматни ривожлантириш борасида энг маъқул келган юрт қай бири?” деган саволга, қаҳрамонимиз: “20 дан ортиқ мамлакатда бўлдим. Менга энг ёққани Ҳиндистон бўлди. У ерда шахмат жуда ривож топган”, дея жавоб берган эди. Сарвинознинг бу гаплари менга катта бир йиғинда бўлган воқеани эслатиб юборди. Вилоятимиз раҳбарларидан бири: “Мен ҳатто лавозимдор инсон бўлсам-да, Сарвиноз бўлган мамлакатларни кўрмаганман. Бу ниманинг шарофати? Спортнинг, иқтидорнинг!”  деб айтганларида зални қарсаклар тутиб кетган эди.

Сарвиноз кейинги йилларда “Мумбай опен” ва “Дели опен” мусобақаларининг доимий қатнашчисига айланиб бормоқда. Ҳиндистон шахмати раҳбарлари сирдарёлик шахмат устасини махсус таклифнома билан чорлашмоқда. 2017 йилда Сарвиноз ҳар икки турнирдан бўш қўл билан қайтмади. Бирида кумуш, иккинчисида бронза медалларига эга чиқди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг бош мураббийи Владимир Николаевич Егин Сарвинознинг маҳорат жиҳатдан такомиллашиши йўлида маслаҳатларини аямайди. Сирдар-ёлик иқтидорга бир неча Халқаро мусобақалар, шахмат Олимпиадаларида қатнашишга кенг йўл очиб берди. Мазкур мусобақаларда Сарвиноз Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Ирина Геворгян, Нодира Нодиржонова, Севара Боймуродова, Баҳора Абдусатторова, Ольга Собирова каби жамоадош дугоналари билан юртимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилди.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ. Сарвиноз Қурбонбоева ўтган йили Гулистон давлат университетининг инглиз филологияси йўналишини битирди. Ҳозир Боёвут туманидаги мактабда ёш авлодга  чет тилидан сабоқ бермоқда. Боз устига, вилоятимизда ўзининг шахмат мактабини яратиш йўлида жон куйдирмоқда. Шахматда бир кунда 6-8 соат машққилинмаса, бирор натижага эришиш мушкул. Турли Халқаро турнирлар, чемпионатлар шахматчини ўқланган милтиқдай ҳар қандай мусобақага тайёр туришга ўргатади.

Биз бу мақоламизда Сарвиноз Қурбонбоеванинг барча ютуқларини тўкис-тугал кўрсата олмадик. Бироқ бир нарса аён: Сирдарё фарзанди ўз ютуқлари билан юртимиз номини жаҳон ареналарида баланд пардаларда тараннум этмоқда. Шахмат қаҳрамонимизга кўп нарса берди: сабр-бардошни, холисликни, фикрчанликни, ҳаётга теран кўз билан қарашни… Зеро, шахмат дунёси ҳақиқий ҳаётга ўхшаб кетиши билан ҳам ноёб ҳодисадир.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish