ОҚОЛТИНДА “ОЛТИН” БОЛАЛАР КЎПАЯДИМИ?

Бу тренерлар ва спортчиларнинг бугунги саъй-ҳаракатларига боғлиқ

— Умаржон уйдами?
— Сўфи азон айтмасдан ўртоғингни нега сўроқлаб қолдинг? — Жаҳонгирнинг ҳузурига пешвоз чиққан онахон уни сўроққа тутди. —Тўгарак машғулотларинг соат 10 да бошланар эди, шекилли.
— Ҳозир ҳар куни стадионда БЎСМ тренерлари раҳбарлигида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтаяпти. Ўз саломатлигини ўйлайдиганлар сони кундан-кунга кўпайиб бораяпти. Яқин кунларда бу машғулотларга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамлар йиғиладиёв.
— Ҳа, эшитиб эдим. Ҳозир жўрангни овозалайман. Ҳузурингга чиқади.
Умар Азимов ва Жаҳонгир Шавқиев Оқолтин тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг бокс секциясига қатнашади. Икковлон қалин дўст. Ҳасан-Ҳусандек доим бирга юради. Жорий йилнинг 24-28 март кунлари Қозоғистон Республикасининг Шимкент шаҳрида ўтган Халқаро турнирда Умар ва Жаҳонгир 2001 йилда туғилган ёшлар ўртасидаги баҳсларда бронза медалларига эга чиқди. Уларни ҳозир Оқолтин туманида кўпчилик танийди. Совриндор боксчиларга ҳавас қилиб, бокс секциясига ёзилаётган болалар ва ўсмирлар сони кун сайин кўпайиб бораётир.
— Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида жорий йил оммавий бадантарбия машғулотларини йўлга қўйдик, —дейди Оқолтин тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Элмурод Касимов. — Айни кунларда бешта ҳудуд — “Шодлик”, “Бўстон”, “Аҳиллик”, “Кўркам диёр” ва “Алишер Навоий” маҳаллаларидаги умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларида саҳаримардонлаб бадантарбия машғулотлари олиб борилмоқда. Уларда ҳар куни 2000 нафарга яқин аҳоли қамраб олинаяпти. Бундан ташқари, ўсмир-ёшларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, бир неча янги спорт тўгараклари очдик. Мазкур тўгаракларга 365 нафар аҳоли жалб этилди.
“Ёз-2019” концепцияси доирасида БЎСМ жамоаси таътилдаги ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини ҳуш ўтказиш йўлида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиққан. Ёзги таътил мароқли ўтиши учун умумтаълим мактабларида спортнинг 8 тури бўйича соғломлаштириш гуруҳлари ташкил қилинди. Мазкур гуруҳларга 300 нафардан ортиқ ўқувчилар қамраб олинди.
Туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 5-, 9-, 17-умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда “Баркамол авлод” болалар маркази қошида “Камалак”, “Қалдирғоч”, “Бойчечак”, “Оқолтин” кундузги соғломлаштириш оромгоҳларининг икки навбатида 400 нафар ўғил-қиз дам олди. Уларнинг турли спорт тўгаракларида шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилди.
“Ёз-ўтмоқда соз” шиори остида спортнинг бадиий гимнастика, стол тенниси, кураш турлари бўйича туман очиқ биринчилиги мусобақалари ўтказилди. Унда 148 нафардан зиёд ўғил-қиз ғолиблик учун кураш олиб борди. Шу ўринда маҳаллалардаги бандлиги таъминланмаган ёшлар ҳам эсдан чиқмади. Улар иштирокида волейбол бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактабининг очиқ биринчилиги ташкиллаштирилди. Жамоавий ўйинлар маҳалла ёшларининг бошини қовуштирди. Биринчилик тугагач, жамоалар сардорлари йиғилишиб, турнир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди. “Бугун мусобақа баҳона анчадан буён учрашмай юрган тенгдошлар дийдорлашдик. Майдонда кураш завқини туйдик. Танамиз яйради. Чигилимиз ёзилди. Шундай мусобақалар тез-тез ўтказилиб турилса, яна жон-жон деб қатнашардик”.
Туманда оммавий спорт турларини ривожлантириш, оилавий спортни йўлга қўйиш, чекка қишлоқларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларини ривожлантириш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаби “Маҳалла” жамғармаси, халқ таълими бўлими, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликда футбол, волейбол, шашка, бадминтон, стол тенниси, кураш, шахмат, Турон кураши бўйича вилоят мусобақаларига мезбонлик қилди. Ушбу 8 та спорт тури бўйича 184 нафар ўғил-қиз ўз маҳоратларини кўрикдан ўтказди.
Халқимизда, бола бошидан, деган нақл бор. Спортга муҳаббатни таъбир жоиз бўлса, оиладан, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш керак. БЎСМ жамоаси туман мактабгача таълим бўлими билан ҳамжиҳатликда боғчаларда оқолтинлик чемпионлар иштирокида маҳорат сабоқлари ташкил қилди. Шу асно мурғак қалбларда спортга муҳаббат уй-ғотилди.
— Спорт мактабимиз салоҳиятини малакали тренерлар корпуси белгилайди, —дейди Элмурод Касимов. —Айни чоқда мактабимизда 24 нафар ўрта махсус маълумотли тренер фаолият олиб бормоқда. Қувонарли томони, давлатимиз кейинги пайтларда тренерларимизнинг ўсиб-унишлари учун барча имкониятларни яратиб берди. Шу ўринда олийгоҳларимизда сиртқи бўлимларнинг очилганлиги айни муддао бўлди. Сўнгги икки-уч йил миёнасида 10 нафар тренеримиз Гулистон давлат университетининг жисмоний маданият факультети сиртқи бўлими талабаларига айланишди.
Тренерларнинг малакалари ошгани сайин совриндор спортчилар сони ҳам кенга-йиб бораяпти. Айни чоқда БЎСМда 807 нафар ўсмир-ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу йилнинг ўзида 15 нафар спортчи Ўзбекистон чемпионати ва Халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритишди. Шашка бўйича Тошкент шаҳрида ўтган Осиё чемпинатида бирваракайига 3 нафар спортчи —Мафтуна Тоирова, Муҳаммадсултон Абдураззоқов, Абдумажид Абдухалилов бронза, Самандар Алибеков эса кумуш медалларга эга чиқди. Сардор Ўролов ва Дилшод Ҳусанов Урганч ҳамда Андижон шаҳарларида кечган бокс ва Турон кураши бўйича мамлакат чемпионатида бронза медаллари билан тақдирландилар. Диёра Пармонқуловада Барчинойнинг шахти-шиддати бўй кўрсатмоқда. У спортнинг мардлар шуғулланадиган тури бокс билан шуғулланади. Жорий йил июнь ойида Жиззах шаҳрида ўтган Ўзбекистон чемпионатида Диёра 2003-2004 йилларда туғилган қизлар ўртасида кечган муросасиз баҳсда бронза медалига ноил бўлди. Иқтидорли ёшларни нуфузли мусобақаларга тайёрлашда БЎСМ тренерлари Искандар Муҳамматов, Искандар Ҳайитқулов, Нигора Эржигитова, Дурон Ҳамроқуловларнинг ҳиссалари катта бўлди.
26 июнь —Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан туманда яна бир катта мусобақа ташкил этилди. БЎСМ ва Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамкорликда спортнинг кураш, стол тенниси ва шашка турлари бўйича туман биринчилиги мусобақалари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган 94 нафар иштирокчи спортнинг турли қинғайишлардан сақлайдиган тумор эканлигига яна бир карра инондилар. Зеро, спортга ошно тутинганлар аввало, энг катта бойлиги — саломатлигининг мустаҳкамланишига пойдевор қўядилар, қолаверса, спорт инсонни турли иллат ва бало-қазолардан йироқлашишига замин яратади.
—Туманимизда спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида спорт мактабимиз тренерлари ҳамда умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия ўқитувчилари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатмоқчимиз, —дейди Элмурод Касимов. —Биргаликда селекция ишларини жонлантириб, иқтидорли ёшларимизни юзага чиқармоқчимиз. Яна бир қувончли воқеа: туманимиз молия бўлими томонидан спорт мактабимизни жорий таъмирлаш учун 150 миллион сўм маблағ ажратилмоқда. Бу эса имкониятларимиз доирасини янада кенгайтиради.
Ёз чилласи авжида. Саратон офтобида қорайган болакайлар, қизлар БЎСМ тўгаракларига ошиқишмоқда. Ахир, спорт билан дун-ёга танилиш имкониятлари яратилган паллада ёшларимиз ўзларини намоён қилишлари керак-да! Оқолтиндан “олтин” болаларнинг (яъни чемпионликни қўлга киритадиган) етишиб чиқиши эса тренер ва спортчиларнинг бугунги саъй-ҳаракатларига боғлиқ.


Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish