ЎТ БАЛОСИДАН АЛҲАЗАР!

Ёнғиннинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, айрим фуқароларнинг бепарволиги оқибатида нохуш ҳолатлар содир бўлиб турибди.
Гулистон шаҳар “Баҳор” махалласи, Андаржонов кўчаси, 16-уйда яшовчи, фуқаро Э.Мамадалиевнинг хонадонида ёнғин содир бўлди. Ҳаммомнинг мўриси нотўғри ўрнатилган экан. Ёниқ ҳолдаги газ печи назоратсиз қолдирилиши натижасида ёнғин чиқиб, оқибатда ҳаммомнинг ҳамма жиҳозлари, дераза ва эшик ромлари, шифтнинг бир қисми ёниб кетган. Моддий зарар 1.800.000 сўмни ташкил қилади.
“Улуғ йўл” маҳалласи, Беруний кўчасида жойлашган “DIL MEDIA FRESH” МЧЖга қарашли автомобилларни ювиш шохобчаси марказий электр қалқонидаги электр симларини қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида автомобилларни ювиш шохобчасида бўлган автомашиналар хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Ёнғиндан 20 квадрат метр том ва шифт ёниб кетди. Ёнғиндан тадбиркор М.Абдураҳмонов 6.200.000 сўм миқдорида моддий зарар кўрди.
“Янги ҳаёт” махалласи 19-квартал ҳудудида яшовчи фуқаро Т. Жабборовнинг яшаш уйи ошхонаси ҳам ёнғиндан зарар кўрди. Бунинг сабаби шуки, ёниқ ҳолдаги газ плиталар назоратсиз қолдирилган. Ёнғиндан ошхона жиҳозлари, пол ёнган, оилага 1.300.000 сўм миқдорида моддий зарар келтирилган.
Айрим фуқароларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги натижасида “Сайқал” маҳалласи” “Дўстлик” канали қирғоғидаги қуруқ ўтларда ёнғин содир бўлди. Бунинг сабаби ўрганилди. Йўловчи фуқаро томонидан сигарета қолдиғи ўчирилмай қуруқ ўтлар устига ташлаб кетилган. Олов қовжираган ўтларни ёндириб, катта майдонни қисқа муддат ичида қамраб олган.
Ёзги таътилда бўлган, дала яқинида яшаётган оилалар фарзандларининг қаровсизлиги ҳам болаларнинг далада олов ўйнашига сабаб бўлмоқда. Оддий ўйиндан ёнғин чиқаётган ҳолатлар содир бўляпти.
Ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, мол мулкимизни ўт балосидан сақлаш учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни унутмаслигимиз зарур.

Шерзод РАҲИМБЕРДИЕВ,
Гулистон шаҳар ЁХБ ЁН ва ПГ
ЁХ инспектори, катта сержант.

You may also like...

Fikr bildirish