КЕЧИРИНГ, ОНАЖОН!

Қўл телефоним жиринглади. Ҳар доимгидек ойим насиҳат қилишни бошлади. Бу сафар унинг ўгитларини эшитишни истамай, шартта гапини бўлдим.

—Ойи, мен энди ёш бола эмасман-ку, йигирмага кирдим. Ҳадеб менга насиҳат қилаверманг.

Шунчалар қизишиб кетганимдан ойимга бақириб юборганимни сезмай қолдим. Гўшакнинг нариги томонидан келаётган овоз бирдан тўхтади. Жаҳлимни муштипаримга кўрсатишни давом эттириб, телефонни ўчирдим. Кейин уни полга улоқтириб, ўзимни ётоқхона кроватига отдим. 

Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман. Яна қўл телефоним жиринглади. Ким қўнғироқ қилаётганига ҳам эътибор бермай, гўшакни кўтардим. Билсам, қўшни дугонам экан. 

—Она… она… Ўлди… — деди. Мен унинг гапларини охиригача эшитмай гўшакни босдим. Кўз олдимда ойижонимнинг нурли юзларидаги табассум жонланди. Қулоқларим остида эса сал олдин унга бақириб, жеркиб берганим жаранглади. Кўзларимдан тинимсиз ёшлар оқар, томоғим бўғилиб қолганди. Ерга тиз чўкиб, қилмишимдан пушаймон чекдим. 

—Аллоҳим, онамни қайтариб бер! Ёлвораман, онажонимни мендан тортиб олма! Майли, менга нима қилсанг ҳам розиман, фақат онажонимни қайтариб бер! 

Шунчалар бақириб йиғладимки, қаердандир хонага акам кириб келди.

—Нега бақирасан? — деди акам менга. — Ўчир овозингни! Онамнинг гапларини бақир-чақирингдан эшита олмаяпман. 

—Онамнинг?!.. — кутилмаганда яна бақириб юбордим. Шошганча акамнинг қўлидан телефонини тортиб олдим.

—Ойижон?! Ойижон, ўзингизмисиз?

 Онам эса ҳар галгидек хотиржамлик билан:

—Ҳа, болажоним! Менман, мен. Нима бўлди сенга?! — деди.

Мен эса унинг саволларига жавоб беролмай, анчагача ўксиниб-ўксиниб йиғладим. 

—Мени кечиринг, ойижон! Сизни бошқа ҳеч қачон хафа қилмайман. Мени кечиринг… — дея зўрға пичирлаб, кечирим сўрадим.

Гўшакнинг нариги томонидан йиғи товуши эшитилди. Юрагим баттар эзилди.

—Болажоним, сенинг кўз ёшларинг оқишини истамайман. Йиғлаганингни кўтаролмайман… — деди ойим. 

Мен ҳамон йиғлашда давом этардим. Акам қўлимдан телефонни тортиб олиб, хонамдан чиқиб кетди. 

—Эй, Роббим! Мен ва менга ўхшаб онасининг дилига озор берадиганларни ўзинг кечир! Оналаримизнинг умрини узоқ қилгин, — дея қўлларимни дуога очдим.

Ўзимга келиб, акамни қидириш учун ташқарига чиқдим. Билсам, онам мени уйга олиб кетиш учун акамни жўнатибди. Қўнғироқ қилган дугонамнинг онаси оламдан ўтган бўлиб, мен унинг гапларини яхши англамаган эканман. 

Фотима АБДУРАЗЗОҚОВА,

Боёвут тумани.

You may also like...

Fikr bildirish