ТОКИО САРИ ЙЎЛ

вилоятимизда Халқаро Олимпия кунига бағишлаб “Халқ сайли” спорт мусобақалари бўлиб ўтди

“Сайил” сўзининг маъно оттенкалари кенг. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўзга “сайр, пиёда юриш, кезиш; катта ва тантанали сайр-томошалар; сайр-томоша мақсадида айланиб юриш; саёҳат”, дея изоҳ берилган. Нафсиламрини айтганда, сайил деганда бизнинг кўз олдимизга катта байрамлардаги томошалар келадиган бўлиб қолган.

Бу йил 6 июль куни мамлакатимизнинг барча гўшаларида Халқаро Олимпия кунига бағишлаб “Халқ сайли” мусобақалари ўтказилди. 1948 йилдан буён 23 июнь санаси бутун дунёда Халқаро Олимпия куни сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ташаббуси билан ҳечдан кўра кеч, қабилида бу сана Ўзбекистонда ҳам кенг байрам қилинди.

Узоқ масофаларга югуриш байрамнинг асосий тадбирлари сирасига киради. Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) миллий Олимпия қўмиталарига шу куни турли спорт байрамларини ташкил этиш, мазкур спорт тадбирларида югуриш мусобақаларига алоҳида эътибор беришни тавсия этган. Иложи борича спорт мусобақаларига кенг халқ оммасини жалб этиш, шу орқали “Спорт ҳамма учун” Олимпия тамойилини жорий этиш кўзда тутилган. ХОҚнинг Олимпия хартиясида: “Олимпия ҳаракати ёшларни спорт орқали ўзаро тушуниш ва дўстлик руҳида тарбиялашни, ана шу тариқа рўйи заминда яхши ва осойишта дунёни барпо этишни мақсад қилиб қўйган”, дея битиб қўйилган. Зеро, ҳаёт ҳаракатдан иборат эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

6 июль куни тонг саҳардан Гулистон шаҳри кўчаларида ажиб бир жонланиш кўзга ташланди. Эгниларига спорт кийимлари кийган болалар, ўсмирлар ва ёшлар қўлларида байроқлар билан 9-умумий ўрта таълим мактаби қаршисидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб 2 километрлик оммавий юриш марафонини бошлаб беришди. Саф олдида вилоят ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Абдуғаниев байрам қатнашчиларини руҳлантириб борди. (Вилоятимиз ва Гулистон шаҳрининг бошқа раҳбарлари ҳам “Халқ сайли” спорт мусобақаларида қатнашганларида, тадбирнинг қиммати янада ошган бўларди.)

 Оммавий юриш мусобақаларидан кейин 200 нафарга яқин велоспортчи веломарафонда иштирок этди. 350 нафар спортчи эса 3 километр масофага марафонча югуришда ўз имкониятларини синаб кўрди. (Бу масофаларни янада узайтириш мумкин эди. Жазирама об-ҳаво ҳисобга олиниб, марралар яқинроқ олинди).

“Билимдонлар маскани” “Халқ сайли” спорт мусобақаларининг эпицентрига айланди, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Бу ерда ёш истеъдодлар спортнинг 26 та тури бўйича кўргазмали чиқишлар ва мусобақаларда қатнашдилар. “Билимдонлар маскани” бамисоли улкан спорт аренасига менгзаб кетди. Бир томонда гимнастикачилар, иккинчи томонда якка курашчилар, учинчи томондан енгил атлетикачилар, тўртинчи томонда спортнинг ўйин турлари вакиллари ўз ҳунарларини кўрсатишди. Майдонда бир неча маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилди.

—Спорт байрами менда катта таассурот қолдирди, —дейди вилоят якка кураш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Азиз Тожиев. —Биз ҳам самбо бўйича мусобақаларда ўз маҳоратимизни намойиш этдик.

—Бугунги тадбир вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида давом этмоқда, —дейди вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ифтихор Ўроқов.—Мақсад жойларда Олимпия ҳаракатини кенг тарғиб қилиш, ёшларни спортга ошно этишдир. Буни “Халқ сайли” спорт мусобақаларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларидан тортиб, ёши катталаргача иштирок этаётганида ҳам кўриш мумкин. Сайил-да спортнинг 23 та Олимпия турлари билан бир қаторда 3 та миллий спорт турларимизни ҳам киритдик. Ажаб эмас, яқин йилларда миллий спорт турларимиздан айримлари Олимпия ўйинлари дас-туридан ўрин олса. Ноумид шайтон, деган нақл бор-ку!

“Билимдонлар маскани”даги халқ сайли соат 10 гача давом этди. Байрамнинг якунловчи қисми кечки салқин билан “Янгиер” стадионида старт олди. Бу ерга барча туман-шаҳарлардан ўзлари шуғулланаётган спорт турлари бўйича ғолибликни қўлга киритган ёш спортчилар жамулжам бўлдилар. Ёш футболчилар, енгил атлетикачилар, волейболчилар, қиличбозлар, каратэчилар, таэквондочилар, курашчилар, боксчилар, гимнастикачилар, баскетболчиларнинг кўргазмали чиқишлари спорт байрамига ўзгача руҳ ва шукуҳ бағишлади. “Халқ сайли” спорт мусобақалари якунида ғолиб спортчиларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди. Байрам вилоятимиз санъаткорлари ҳамда ҳаваскор хонандаларнинг гала концерти билан якунланди.

Яна роппа-роса бир йилдан кейин Япония пойтахти Токио шаҳрида XXXII ёзги Олимпиада ўйинлари старт олади. Қатнашчилар орасида ўзбекистонлик спортчилар ҳам медаллар учун кураш олиб боришади. Спортга бағишланган бундай халқ сайиллари ёшларда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш иштиёқини янада кучлироқ алангалантиради. Бас, шундай экан, ёшлар кўзига Олимпиадага олиб борадиган йўлни аниқ-тиниқ кўрсатадиган бундай тадбирларни кўпроқ ўтказмоқ фақат фойда беради.

 Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish