ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, КОРРУПЦИЯ!

Олийгоҳ ҳовлисида тумонат одам. Ҳамма ҳужжат топширишга шошилади. Полвон келбатли йигит опаси иштирокида қабул комиссиясидаги бир домла билан яхши танишиб олди. Полвон йигит бир неча йилдан буён ҳужжат топшириб, ўқишга киролмай юрганлигини айтди. Домла ҳамкасби билан гаплашиб, уларга беғараз ёрдам қилмоқ учун Тошкентдаги танишини ишга солмоқчи бўлди. Домла уларни Гулистон давлат университети ижтимоий-иқтисодиёт факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга киришига амалий ёрдам беришга ваколатли бўлган шахслар билан гаплашишга ваъда берди. Ҳатто олди-берди суммалари ҳам келишиб олинди.

Уч нафар ўқитувчи нафс балосининг сиртмоғига ўзлари илиниб қолганларини билмай қолишди. Ахир, маънавияти суст бўлган инсонларнинг хато қилиши ҳам осон бўлади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирга жалб қилинган Маъруф Комилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) пора сифатида берилган 5000 АҚШ долларини олган Ё.Раҳимов, С.Умиров, Т.Бердиевлар ўқитувчи деган номларга доғ туширдилар.

Коррупция худди ажриққа ўхшайди. Уни шунчаки юлиб ташлаб, йўқотиб бўлмайди. Битталаб илдизини териб ташлаш керак.

Бу иллатга қарши ҳамма онгли равишда кураш олиб борсагина уни тугатиш мумкин.

С.ФАЙЗУЛЛЕВ,

департаментнинг вилоят бошқармаси бўлими бошлиғи.

И.СУЛТОНОВА, журналист.

You may also like...

Fikr bildirish