ЮЗЛАРИ ШУВИТ БЎЛДИ

Гулистон шаҳридаги “Осиё” кафеси олдига чошгоҳ пайтида “ВАЗ- 21011” русумли автомашина келиб тўхтади. Машинадан икки “шоввоз” — Қосим Раҳимов ҳамда машина эгаси Маъруф Шариповлар тушиб келишди (исм-фамилиялари ўзгартирилган). Маъруф валюта қимматликларининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб турадиган таниши Қосимнинг яқинига бориб, бир дўстига валюта зарур бўлиб қолганлигини айтди. Шу сабабли ҳам мижоз билан учрашгани ўша жойга, яъни “Осиё” кафеси ёнига етиб келишди.

Маъруф кеча телефон орқали ваъдалашган танишининг ёнига шошилди. Қосим эса уни бегона йигитлар билан четроққа ўтганини, нималарнидир бир-бирига обдон тушунтираётганини кузатиб турди. Бу пайтда Маъруф кафе олдида турган нотаниш фуқаролар билан ҳар бир АҚШ долларини 8450 сўмдан сотишга келишди ва уларга 4000 АҚШ доллари учун 33.800. 000 сўм берилишини айтди. У Маъруф билан биргаликда уйидан 4000 АҚШ долларини олиб келди. Қосим долларни Маъруфнинг қўлига тутқазиб қўйиб, ўзи “Нексия-3” русумли машинанинг олдида мижоздан олган пулларни тўлиқ санаб олди. Шундан сўнг Маъруф мижозга 4000 АҚШ долларини берди.

Улар энди мўмай даромаддан оғзи қулоғига етиб, жўнаб кетаётганларида фуқаролик кийимида бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб қолишди. “Шов-возлар” ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Қора бозорчиларнинг қора ишларига йўл қўйилмади. Боягина ўзларини “ишбилармон бойвачча”дек ҳис қилаётган Қосим Раҳимов ва Маъруф Шарифовлар темир панжара ортидагина қинғир ишнинг бошини тутиб, ҳеч қачон барака топиб бўлмаслигини тушуниб етдилар.

4000 АҚШ долларининг давлат эгалигига ўтказилиши ҳам уларга сабоқ бўлган бўлса ажаб эмас. Суд ҳукми билан судланувчи Қосим Раҳимов ҳамда Маъруф Шарифовларнинг ҳар бири, Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 3-қисмининг “В” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилдилар. Унга яна ЖКнинг 57-моддаси ҳам қўлланилиб, иш ҳақларининг йигирма фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда бирига 2 йил, яна бирига эса 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Уларнинг ноқонуний ишлари туфайли берилган жазо шугина эмас. Эл-юрт олдидаги юзи шувитлик, виждон азоби, пушаймонликнинг аччиқ сабоғи ҳам борлиги шубҳасиз.

Х.МАМАТҚУЛОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚҚ департаментнинг вилоят бошқармаси инспектори.

You may also like...

Fikr bildirish