“ОЛИМПИАДАГА ЙЎЛЛАНМА АЛБАТТА, БЎЛАДИ”

дея ваъда берди вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган БЎСМ директори

Вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича амалий семинар ташкиллаштирилди. Инчунун, бу Президентимиз илгари сурган бешта ташаббуснинг бири ҳисобланади.

Семинар сузиш ҳавзасида вилоят сув спортига ихтисослаштирилган БЎСМ тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари билан бошланди. Ўриндиқлардан жой олган туман-шаҳар спорт бўлимлари раҳбарлари, БЎСМ ва ИБЎСМ директор ҳамда методистлари, ота-оналар вакиллари иқтидорли ўғил-қизларнинг брасс, эркин, чалқанча ва баттерфляй усулларидаги сузишларини завқ билан томоша қилдилар. Шу ернинг ўзида вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ифтихор Ўроқов энг яхши натижаларга эришган ИБЎСМ тарбияланувчиларини Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Сўнгра кичик бассейнда ёш спортчилар тарафма-тараф бўлиб сув полоси мусобақаларини бошлаб юборишди. 1, 3 ва 5 метрлик трамплиндан сувга сакраш машқлари семинар иштирокчиларида ўзгача завқу шавқ уйғотди.

Семинарнинг асосий қисмида вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Илҳом Мадазимов “Спорт мактабида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, истиқболдаги режалар ҳамда сузишнинг болалар ривожланиши ҳамда соғлигига таъсири” мавзусида тақдимот ўтказди. Нотиқнинг гапларига қараганда, бугунги кунда спорт мактабида 603 нафар ўғил-қиз сув спортининг сузиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ ҳамда сув полоси турлари билан шуғулланади. ИБЎСМ тарбияланувчиларининг 38 нафари Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидир. 2018 йилда вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчилари Халқаро, Осиё ва мамлакат чемпионатларида 283 та медални қўлга киритишди. Илҳом Мадазимов тақдимотининг пировардида: “Спорт мактабимиздан Токио Олимпиадасига албатта, йўлланма бўлади!” дея барчани инонтирди.

Албатта,  ИБЎСМда сув спортининг синхрон сузиш, сувга сакраш, эшкак эшиш слаломи каби спорт турлари малакали тренерлар йўқлиги боис ҳозирча олиб борилмаяпти. Қўлга киритилган салмоқли ютуқларнинг асосий қисми спортнинг академик эшкак эшиш турига тегишлидир.

Семинарда сўз олган Ифтихор Ўроқов ўз нутқини хоҳиши бор одам имкон қидиради, хоҳиши йўқ киши баҳона, деган ҳикматли сўз билан бошлади. Вилоятимизда ёшлар 40 та спорт тури билан шуғулланишларига қарамай атиги битта спорт тури —академик эшкак эшиш бўйича Токио Олипиадасига номзодлар борлиги айтиб ўтилди. Биз барча спорт турлари бўйича тренерларнинг масъулиятини оширишимиз керак. Бу йилдан бошлаб иқтидорли спортчиларни танлашда селекция ишларини жонлантиришимиз даркор. Бу ишда бизга жойлардаги жисмоний тарбия ўқитувчилари яқиндан ёрдам беришлари керак. Гулистон, Янгиер шаҳарлари ва Боёвут туманида сув спорти турларини ривожлантиришга етарлича шарт-шароитлар бор. Гап ишни йўлга қўйишда қолган.

Ифтихор Ўроқов семинарда яна бир ташаббусни илгари сурди. Миллатимизни соғломлаштириш учун барча шаҳар-туманларда эрталабки бадантарбия машқларини йўлга қўйиш лозимлигини уқтирди. Бу хайрли ишнинг бошида БЎСМ ва ИБЎСМ мулозимлари туришлар керак. Улар аҳоли гавжум жойларда ходимлари ва тарбияланувчилари иштирокида бадантарбия машқларини йўлга қўйсалар, бошқалар ҳам қовун қовунни кўриб ранг олар, қабилида улар сафларига қўшиладилар. Шу ўринда  журналист ҳамкасбимиз Фурқат Тошмат ҳам яхши бир таклифни ўртага ташлади. Барча жамоаларда ходимларнинг велосипедда юришларини ташкил этиш ҳам саломатликка кони фойда эканлигини айтиб ўтди.

Анжуман қатнашчиларнинг қизғин савол-жавоблари ҳамда баҳс-мунозаралари билан якунланди.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish