МИНУСЛАРДА МЕДАЛЛАР КЎП БЎЛДИ

Белбоғли кураш

24-25 май кунлари Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида миллий белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасига мувофиқ ўтказилган мазкур мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 300 нафарга яқин  кучли  полвонлар иштирок этишди. 

Мусобақа регламентига мувофиқ эркаклар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида саккиз, аёллар эса белбоғли курашнинг эркин йўналишида еттита вазн тоифасида гиламга чиқишди. 

Икки кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувларнинг якуний натижаларига кўра,  5 нафар сирдарёлик полвон совриндорлар қаторидан жой олди. -57 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Ойдин Абдухалилова термамиз таркибида медалга илинган ягона аёл спортчи бўлиб чиқди. У учинчи ўрин учун курашда рақибининг елкасини ер искатиб, чемпионатнинг бронза медалига ноил бўлди.

Курашнинг классик йўналишида 2 нафар полвонимиз шоҳсупага кўтарилди. -55 килограмм вазн тоифасида Абдуллажон Йигиталиев барча рақибларини енгиб, олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Умиджон Ўсаров   -60 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди.

 Эркин йўналишда яна икки полвонимиз совриндорлар қаторидан жой олди. -73 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Шаҳобиддин Сангиев терма жамоамиз жамғармасига иккинчи кумуш медални қўшиб қўйди. Ниҳоят, энг оғир вазн  +100 килограмм вазн тоифасида курашган Камолиддин полвон Эгамбердиев бронза медали билан  кифояланди.

Ўзбекистон чемпионатида кучли учликдан жой олган полвонлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан сийландилар. 

You may also like...

Fikr bildirish