НАВОИЙ НАЗМИДАН НУРАФШОН КЎНГИЛ


Янгиерлик мактаб ўқувчиси ҳазратнинг 120 та ғазалини ёд билади

Зал сув қуйгандек жим-жит. Фақат ғазал ўқиётган қизгинанинг соҳир овози эшитилади.

                    Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

                     Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур…

Ҳазрат Навоийнинг сеҳрли қаламидан тўкилган байтлар барчани масту мустағриқ қилган. Ғазалдаги ҳар бир сўз ипга тизилган маржон мисоли гўзаллик касб этиб борарди. Навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмон ҳам ғазал ўқиётган қизнинг нозик қочиримларига қойил қолиб ўтирарди. Ғазал тугаши билан зални қарсаклар тутиб кетди.

—Ажойиб, балли, қизим! Навоий бобонгнинг руҳини шод этдинг! —дея волидаи муҳтарамаси Раънохон ва устози Жамилахон алқаганча Ситорабонуни оғушларига олди.

Ҳазрат Навоий ғазалларига шайдолик қаҳрамонимизда жуда эрта —5 ёшларида бошланган эди. Бобоси раҳматли Абдумалик Қаҳҳоров шоиртабиат киши эди. Шеърлар ёзарди. Каттагина кутубхонаси бор эди. Тили бурро набирасига ғазал ёдлатиб, тинглашни яхши кўрарди. Ситорабонунинг қувваи ҳофизаси кучли эди. Ҳазратнинг мураккаб ғазалларини тўрт-беш марта ўқиб ёд оларди-да, бутун оила аъзоларига ёд ўқиб берарди. Бобосидан фарзандларию набираларига ўзи битган “Зиёли уфқлар” ва “Аждодлар” деб номланган китоблар мерос бўлиб қолди.

Ситорабону Абдумаликованинг ҳақиқий истеъдоди 8-синфда ўқиб юрган кезларида юзага қалқиб чиқди. Ажойиб кунларнинг бирида устози, она тили ва адабиёт ўқитувчиси Жамила Сарибоева шогирдини ёнига чорлаб:

—Яна тўрт кундан кейин “Навоий ворислари” танловининг Янгиер шаҳар босқичи бўларкан. Қатнашчилар ҳазратнинг камида 20 та ғазалини ёд билиши шарт экан. Шу ишни эплай оласанми? —дея Ситорабонуга юзланди.

—Ишончингизни оқлайман, устоз! —деди сир бой бермай қизгина.

Ўзбекистон Республикаси “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ташкиллаштирилган танловнинг шаҳар босқичда Ситорабону фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Шу-шу ҳазрат Навоий ғазалларига ошуфта бўлиб қолди. Ситорабонунинг хотира сандиғида маънавий пиримизнинг ғазаллари кун сайин кўпая борди. У ҳар гал янги ғазални ёдлаганида биринчи бўлиб онасига ўқиб берарди. Сўнгра устозининг назаридан ўтказарди. Тушунмаган сўз ва ибораларни луғат ёрдамида ойдинлаштирарди.

 Бу йил Ситорабонунинг ҳазрат бисотидан ёд олган ғазаллари 120 тага етди.  ЎзМТДП томонидан анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказилиб келинаётган “Навоий ворислари” танловининг шаҳар босқичда яна биринчи ўринни эгаллади. Танловнинг вилоят босқичида эса иккинчи ўрин билан кифояланди. Ҳакамларнинг бу қароридан Ситорабону ҳечам хафа бўлмади. Ҳазрат ғазалларини дил-дилдан, сўзлардаги қисқа ва чўзиқ унлиларга хазин бир руҳ бағишлаб ўқишнинг ҳадисини олди. Биз ундан бир ғазал ўқиб беришини илтимос қилдик. Ситорабону ўрнидан турди-да, бирпас индмай турди. Ўзини ғазал руҳига мослади. Сўнгра кўзларини бир нуқтага қадаганча ёддан ўқий бошлади. Ўқирманнинг ҳиссиёти дарров менга кўчди. Яхши қўшиқ эшитгандай мутаассир бўлдим. Ҳазрат сўзининг кучига яна бир карра иймон келтирдим.

 Орадан кўп ўтмай “Навоий ворислари” танловининг узвий давоми сифатда “Мангу сўнмас сиймолар” танлови ташкил этилди. Унда ўқувчилар ҳазрат Мир Алишер Навоий ва Бобур Мирзоларнинг ғазаллари бўйича беллашдилар. Бу сафар шаҳарда ҳам, вилоятда ҳам Ситорабону билан тенглашадиган рақиб топилмади. Унга танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқи берилди. Айни шу палла кўричаги хуруж қилиб, танловнинг якунловчи босқичида иштирок этолмади. Шифохонда шипга қараб ётиб, ҳазрат Навоий ва Бобур Мирзонинг ғазалларини ёд ўқиганча ўзига таскин берди.

Айни кунларда Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши  мактаб жамоалари ўртасида “Мушоира” танловини ўтказмоқда. Янгиер шаҳри шарафини 5-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари ҳимоя қилмоқда. Янгиерлик шеърият шайдолари шу кунгача Сардоба, Ховос ва Мирзаобод туманлари жамоаларини енгиб, финалга чиқишди. Танловнинг мукофоти катта. Ғолиб жамоага Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши 3 минг жилд китоби билан кутубхона қуриб беришни ваъдалаган.

—Мана шу танловда ғолиб чиқсак, мен яшаётган “Наврўзобод” маҳалласида янги кутубхона қад ростлайди, —дейди Ситорабону.

Қаҳрамонимиз шу йилнинг ўзида ёд олган ғазаллари сонини 500 тага етказмоқчи. У ҳазрат Навоийдан ташқари Бобур Мирзо, Огаҳий, Увайсий, Муқумий, Фурқат, Эркин Воҳид ғазалларини, Зулфияхоним, Абдулла Ориф, Муҳаммад Юсуф шеърларини севиб ёд олади.

Ситорабону ғазал ўқиш санъати билан вилоятимизда анча танилиб қолди. Уни вилоят телерадиокомпанияси тез-тез “Хайрли кун” дастурига чорлаб туради. Яқинда Гулистон давлат университети жамоаси Ситорабонуга ғазалхонлик кечасида иштирок этиш таклифи билан чиқди.

—Ситорабону бизнинг фахримиз, —дейди мактаб директори Раҳматулла Ядгаров. —У барча фанлардан аъло баҳоларга ўқийди. Айниқса, мумтоз адабиётга муҳаббати кучли. Ундан ғазал эшитсангиз, беихтиёр сеҳрланиб қоласиз.

Ситорабонунинг келажакдаги орзуси — навойишунос олим бўлиш. Зеро, ҳазрат қолдирган мерос уммонларга менгзагуликдир. Бу уммоннинг тагидан дуру жавоҳирларни териб олиш учун юзлаб илм ғаввослари керак. Ажаб эмас, Ситорабону Абдумаликова келажакда ана шундай изланувчан илм ғаввосига айланса.

Нафсиламрини айтганда, ўзбекман, ўзбекистонликман деган ҳар бир киши ҳазратни ўқиши ва уқиши керак. Ана шунда жамиятимизда комил инсонлар сони кўпайгандан кўпаяди. Ҳазратни ўқимаганлар эса ҳассос шоиримиз Эркин Воҳид айтганларидек:

                                                  Ўзбек  Навоийни ўқимай қўйса,

                                                  Алдангани, алла бўлгани шудир.

                                                  Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,

                                                  Пайтаванинг салла бўлгани шудир.

Не бахтки, юртдошларимиз орасида ҳазрат китобларини ҳар куни варақлаб, ёд оладиган Ситорабону Абдумаликовага ўхшаган қизларимиз бор. Навоий руҳи яшар экан миллатимизнинг келажаги албатта, нурафшон бўлғай.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish