«ЙИҒ-ЙИҒ»МИ? «ЙЎҚ, ЙЎҚ!»

Таълим муассасаларида ўқув йили якунланиб, ўқувчилар ёзги таътилга чиқиб кетадиган палла яқинлашмоқда. Бироқ мактаб директорлари, синф раҳбарлари олдида муҳим юмуш — таълим муассасалари ва синф хоналарини янги ўқув йилига тайёрлашдек масъулиятли вазифа турибди. Бу иш эса бевосита маблаққа бориб тақалади. Мактаб директорлари ва синф раҳбарлари ота-оналардан пул сўраб, тиланишни бошлашади. “Йиғ-йиғ”лар авжга чиқади. “Айтинг-чи, аслида қандай бўлиши керак?” Мана шундай савол билан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир АБДУРАҲМОНОВга мурожаат қилдик.


— Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сонли Фармоннинг 3-банди билан “…туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва кузқиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш, умумтаълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрда мини жалб қилишга кўмаклашиш учун шахсан жавобгарлик” маҳаллий давлат ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига юклатилган. Мактаблар давлат тасарруфида. Бас, шундай экан, жорий таъмирга маҳаллий ҳокимликлар ёрдам беришлари керак.

  • Таҳририятимизга жойлардан таъмир учун “йиғ-йиғ”лар бошлангани ҳақида сигналлар тушиб турибди. Бошқарма бошлиғи сифатида бу ҳолатга қандай қарайсиз?

— Вазиримизнинг кўрсатмаларига биноан ота-оналардан пул йиғиш қатъий тақиқланган. Камина ҳам бир неча бор бундай нохуш воқеаларнинг гувоҳи бўлдим. Сайхунобод туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактабининг директори ўқувчиларга: “Таъмирга пул олиб келмасанг, янги ўқув йилида мактабга қўймайман”, деган талабни қўйибди. Яна бир мактаб раҳбари: “Пул олиб келмагунингча сумкангни бермайман”, дея ўқувчига зуғум қилибди. Аслида бу ишлар билан директор эмас, балки мактаблар қошида ташкил этилган Кузатув кенгашлари шуғулланиши керак. Улар мактаб таъмири лойиҳасини ишлаб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорлар ва ҳомий ташкилотларга ёрдам сўраб, мурожаат қиладилар. Биз бу масала бўйича яқинда Гулистон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида вилоятимиздаги барча таълим муассасалари раҳбарларини чорлаб, семинар ўтказдик. Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Гулистон шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг ҳолатини ўрганиб чиққанимизда эшик, деразалар, поллар ва дарвозаларни бўяш, коридор, синф хоналари, ҳожатхонани, оқлаш, розеткаларни алмаштириш учун 30-35 миллион сўм маблағ кераклиги аниқланди. Мактаб ҳисоб рақамида бюджетдан ташқари топилган 10 миллион сўм маблағ мавжуд. Шаҳар ҳокимлиги жорий таъмир учун 5 миллион сўм беришга тайёр. Қолган 20 миллион сўм пул йиғилиши керак…

  • Барибир пул йиғилар экан-да!

—Бу юмушни юқорида айтиб ўтганимдек, Кузатув кенгаши амалга оширади. Кенгаш аъзолари фарзандлари шу мактабларда ўқийдиган тадбиркорлар, депутатлар қўйингки, ёрдам беришга қурби етадиган барча-барча билан музокара олиб борадилар. Бундай илғор ташаббуслар аллақачон синовдан ўтган. Келинг, шу ўринда иккита мисол келтирай. Янгиер шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳар бир синфининг ўз ҳомийси бор. Синф хоналари эшигига “Бу синфни фалон тадбиркор ёхуд депутат таъмирлаб берди”, деган лавҳалар илиб қўйилади. Сирдарё тумани “Бешбулоқ” маҳалласидаги 13умумтаълим мактабининг битирувчилари ҳар йили мактабнинг бир камчилигини бутлаб беришади. Вилоятимиз ҳокими ҳурматли Ғофуржон Мирзаев охирги аппарат йиғилишида сектор раҳбарлари, ҳокимлар, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларини “Сўнгги қўнғироқ” тантаналарида қатнашиб, ўзи таҳсил олган таълим муассасаларига ёрдам беришга чақирдилар. Бундан ташқари, бошқармамиз мактабларни 10, 20, 30, 40 ва 50 йил муқаддам битирган собиқ ўқувчиларга мурожаат билан чиқмоқда. Уларга мактабнинг каму кўстини тузатиш, кутубхоналарга китоблар ҳадя этишга чақирмоқда. Бир сўз билан айтганда, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, “йиғ-йиғ”ларга ҳожат қолмайди. 

Суҳбатдош:    Муҳаммадали АҲМАД

You may also like...

Fikr bildirish