“ЮКСАЛИШ” — УМУММИЛЛИЙ ҲАРАКАТНИНГ ЯНГИ БЎЛИМИ

Вилоят ҳокимлигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят бўлими ташкил этилиши муносабати билан анжуман бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари туфайли аҳолининг турмуш даражаси кундан кунга яхшиланмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”, шу асосида 2019 йилда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5635-сонли Фармони қабул қилинди.

Давлат дастурига мувофиқ жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунинг-дек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш, халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш учун, фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштириш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташкил этилди.

Юртимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш тамойилларига асосан давлат тузилмалари, жамоат бирлашмалари ва халқ ўртасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Бугунги кунда вилоятимизда 535 та нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар жамиятимизнинг турли соҳаларида ўз фаолиятларини юритишмоқда.

—Мана, бугундан эътиборан вилоятимизда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати — нодавлат нотижорат ташкилоти вилоят бўлинмаси ўз фаолиятини бошламоқда, —деди Ғ.Мирзаев. —Ишонаманки, ушбу ҳаракат ўз атрофида давлат ва нодавлат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг барча институтларини бирлаштириш орқали дастурда белгиланган вазифалар тўлақонли бажарилишини таъминлашга эришади.

Шундан сўнг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов бу ҳаракат шахсан Юртбошимизнинг тавсия ва кўрсатмалари билан ташкил этилгани, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бошқармаси бошлиғи Шерзод Сапаров ҳаракатнинг фаолият йўналишлари ҳақида, бошқа нодавлат нотижорат ҳамда, хориж ташкилотлари билан ҳамкорлик режалари ҳақида тўхталди.

Меҳмонлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг грантлари ҳақида, ҳаракатга аъзо бўлиш тартиблари, ҳаракатнинг вилоят бўлими ходимлари билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоблар берди.

Вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раиси Сарвар Султонов билан барчани таништирди.

               О.СУЛТОНОВ

You may also like...

Fikr bildirish