“Яшил чироқ-2019”

“ҲУШЁР”ГА  ОМАД ЁР

 Техника асрида яшаяпмиз. Машиналар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ёшдир, қаридир биз баримиз йўловчимиз. Бас, шундай экан йўловчилик маданиятини рисоладагидек ўзлаштиришимиз керак. Ана шунда  йўл транспорт-ҳодисаларининг сони кескин камаяди. Халқ таълими  ва Ички ишлар вазирликлари, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар шафелигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкиллаштирилган анъанавий “Яшил чироқ-2019” мусобақасининг мақсади ана шундай эзгу ният асосига қурилган.

 Гулистон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида “Яшил чироқ-2019” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳар-туманлардан ташриф буюрган 11 та гуруҳ 10 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Тадбирни вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов кириш сўзи билан очиб берди. Нотиқ ўз нутқида бир фактни афсус-надомат билан очиқлади. Адоқлаган йилда 8 нафар мактаб ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисасининг қурбонига айланган. Демак, хулоса оддий. Ўқувчилар мактаб партасидаёқ йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўзлаштиришлари, тартибли ва маданиятли йўловчилар бўлиб вояга етишлари керак.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига биноан гуруҳлар иккига бўлиниб сафда юриш, велосипедда ҳаракатланиш, регулировкачи сифатда транспорт ҳаракатини тартибга солиш, макет ясаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби шартларни бирин-кетин амалга оширдилар. Бундан ташқари, пиёдалар ҳаракатига оид саволларга жавоб бердилар, йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон топширдилар. Яъни иштирокчилар шаблон саволларига ёзма жавоблар қайтардилар. Гуруҳ сардорлари ўртасидаги беллашув ҳам қизғин курашларга бой бўлди. Макет ясаш ва техника ижодиёти танлови ўқувчиларнинг фикрлаш қобилияти ва ижодкорлигини ёрқин намойиш этди. Мусобақа “Яшил чироқ” ташвиқот гуруҳларининг театрлашаган саҳна кўринишлари орқали йўл ҳаракати қоидаларини бадиий услубда тарғиб қилиш шартини бажариш билан поёнига етди.

Пировардида барча шартларни аъло даражада бажарган Боёвут туманидаги 40-умумтаълим мактабининг “Ҳушёр” гуруҳи 55 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Гулистон шаҳрининг 5-умумтаълим мактаби “Ватанпарварлар” гуруҳига насиб этди. Улар рақибларидан атиги бир балл ортда қолишди. Учинчи ўринни  47 балл жамғарган Сирдарё туманидаги 12-умумтаълим мактабининг “Оқ йўл”  гуруҳи банд этди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар — Халқ таълими, Ички ишлар вазирликларининг ҳудудий бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг  I,   II  ва   III даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Боёвут туманининг “Ҳушёр” гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус қалъасида ўтадиган “Яшил чироқ-2019” мусобақасининг якунловчи республика босқичда вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish