ОРАМИЗДАГИ СУМЛИМЛАР

Ижтимоий тармоқларда рус тилига расмий тил мақоми бериш таклифи билан чиққанларга муносабат

Мақоламизнинг асосий қисмига ўтишдан олдин кўпчиликнинг қулоғига нотаниш эшитиладиган “сумлим” сўзига изоҳ бериб ўтишимиз лозимга ўхшайди. Маҳмуд Кошғарий бобомиз ўзининг машҳур “Девону луғатит турк” асарида бу сўзни ўз она тилига нисбатан нописанд муносабатда бўлган кишиларга нисбатан қўллаган. Бундан ўн аср илгари ҳам ўз она тилини менсимайдиган каслар бўлган экан-да!

Кейинги пайтларда ўзини зиёли санаган бир гуруҳ кишилар ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш керак, деган даъво билан чиқдилар. Хатга имзо чеккан 18 нафар зиёлининг барчаси бегона эмас: ўзимизнинг миллатга мансуб кишилар. Шунга айтсалар керак-да: “Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога?”, деб. Камина бу зиёлиларнинг кўпчилигини орқаворотдан танийман. Уларнинг бари ўз она тилидан кўра ўрис тилида сўзлашишни боплашади. Ўз она тилини янтоққа судрашади.

Бу сумлимлар наҳотки, мамлакатимиз Конституциясида ўзбек тили давлат тили дея қонунлаштирилганини назар-писанд қилишмаса? Тўғри, бағрикенг, байналминал халқ эканлигимизни бутун дунё билади. Миллатимизнинг мана шу фазилатини заифликка йўйиб, андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, оғзига келганини бутун дун-ёга жар солиш бориб турган калтабинликдан бошқа нарса эмас. Миллат манфаатлари ҳақида жон куйдирган миллатпарварларнинг оғзига уриб, қўрқув остида ушлаб турадиган замонлар ўтиб кетди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллатимиз кун, ой сайин ўзлигини  англаб бораётир. Ёшларимизда миллий ғурур туйғуси кучайиб бормоқда.

Бу йил мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланади. Наҳот, юртимизда яшаётган бу ўриспараст зиёлилар шўролар давридаги сиёсат асло орқага қайтмаслигини англамаган бўлишса? Ёки уларга қандайдир яширин кучлар пишанг беришаяптими?

Кечагидек эсимда: ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида шўро салтанатининг курсиси қимиллаб қолганди. Хал-қимизда миллий ўзликни анг-лаш туйғуси ниш кўрсата бошлаганди. Ўшанда халқимизнинг илк орзуси она тилимизга давлат тили мақоми берилишини кўриш бўлган.

Газетамиз таҳририятига ўнлаб ватандошларимиз: “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин”, деган мазмундаги хатлар билан ташриф буюришган. Биз уларни қопларга солиб, Тошкентга олиб борганмиз. 1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ҳақидаги Қонун кучга кирганда, юртдошларимиз учун бу воқелик мустақиллигимизнинг муждасидек таассурот қолдирган. Дарҳақиқат, икки йил ўтмай юртимиз ҳақиқий мустақилликка эришди.

Мустақилликнинг бош белгиларидан бири миллатнинг давлат тилидир. Сумлимларнинг бош кўтаришига ўзимиз ҳам маълум даражада сабабчимиз. Биринчидан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунимизда мажбурийликдан кўра ихтиёрийликка ундовчи моддалар анчагина. (Бу қусурни қўшни давлатларнинг тил ҳақидаги қонунларига солиштирилганда яққол кўзга ташланади). Иккинчидан, қонунлар орасида энг назоратсиз қолаётган қонун “Давлат тили ҳақида”ги Қонундир. Шу ўринда бир мисол келтираман. Газетамиз саҳифаларида давлат тили қонунини бузаётган ташкилотлар ҳақида тез-тез танқидий чиқишлар қилиб турамиз. Бу ҳақда ташкилотлар раҳбарларини огоҳлантиришимизга қарамай «дунёни сув босса, ўрдакка не ғам» қабилида иш тутишади. Она тилимизга бундай нописандлик эса сумлимларнинг тегирмонига сув қуяётгани аниқ. Айрим хусусий телеканаллар эса тошкентча шевалар билан халқимизнинг дидини ўтмаслаштирмоқда.

 Шўролар замонида миллий ғурур ва миллий қадриятлар ҳақида мақолалар ёзсак, ўзимиз ҳам, муҳаррир ҳам нима бўларкан, деб ич-этимизни еб ўтирардик. Чунки миллатимизнинг миллий ғурурини ўлдиришга хизмат қиладиган ташкилотлар қулоғини динг, кўзини тўрт қилиб пойлаб турарди. Улар кўзларига дунёни қинғир кўрсатадиган кўзойнакларини тақиб, қилдан қийиқ ахтаришарди. Худога шукр, у қора кунлар орта қолди. Истиқлол туфайли миллатимиз ўзининг она тили, миллий қадриятлари, урф-одатлари билан фахр-ланишга ҳақли бўлиб турибди. Президентимизнинг ташаббуслари билан юртимизда мақом ва фольклор санъатимизга бағишланган фестиваллар бўлиб ўтди. Балки она тилимизнинг бугунги аҳволи ва истиқболи ҳақида ҳам яқин келажакда анжуманлар ўтказилар.

Она тилини севган, миллатини улуғлаган зиёлилар манқуртдан фар-қи йўқ ҳалиги сумлимларга вақтли нашрлар ва интернет тармоқларида ўзларининг муносиб жавобларини айтишаяпти. Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов манқурт сумлимларга қарата шундай гапларни битибди: “Эҳтимол, “Рус тили бизга бегона эмас”, деб хат чиқарган бу ўн саккиз нафар зиёлининг биров-ярми ўзбек тилини чала-чулпа бўлса ҳам билар. Эҳтимол, бу ўн саккиз одамнинг ортида қайсидир бир хорижий маҳкама эмас, рус тили давлат тилига айланишини орзулаётган… Боринг ана, ўн саккиз минг одам бордир ҳам. Аммо ўттиз уч миллионли ўзбек халқи-чи? Бу халқнинг давлати бўлсину, давлат тили бўлмасинми?”

Гапираверсак, гап кўп. Бугун ҳар бир миллатдошимиз она тилимизнинг тақдири ҳақида қайғуришга бурчлидир. Чунки унда миллатимизнинг руҳи мужассам. Тил номуси — эл номуси деган ҳикмат бор. Бошқа тиллар ҳам ўз манзил-маконида ривожланаверсин. Чет тилларини севиб ўрганаётганларга кенг йўл. Қанча кўп тил билса, шунча яхши. Ахир, халқимиз тил билмоқ—эл билмоқ, дея бежиз нақл тўқимаган. Бироқ ажнабий тилларни улуғлаш она тилимизни камситиш ҳисобига бўлишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

          Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish