СИРДАРЁ МАҚОМИНИНГ ПАРВОЗИ


Вилоятимизда мақом ансамбли ташкил этилганига бир йилдан ошди. Ўтган муддат ансамбль учун тайёргарлик ва синов даври бўлди, десак тўғри бўлади. Жамоа турли тадбирларда фаол иштирок этган бўлса-да, ўз мухлислари билан юзма-юз учрашмаган эди.

Жорий йил Наврўз байрами арафасида жамоа бадиий раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳим Ҳасанов билан қилган суҳбатимизда “тез кунда мухлислар ҳузурида концерт қўямиз, Сирдарё мақомчиларини томошабинларга танитамиз,” деган эди. Мана, ниҳоят ўша кун келди.

Яқинда Гулистон шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Сирдарё мақом ансамблининг ҳисобот концерти бўлиб ўтди. Унга пойтахтдан бир гуруҳ устоз санъаткорлар, соҳанинг етук мутахассислари: Ўзбекистон Республикаси Мақом маркази раҳбари, профессор Сойиб Бегматов, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Маҳмуджон Тожибоев, Исроилжон Ваҳобов, Эркин Рўзматов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Пирматова ва бошқалар ташриф буюришди.

Концертдан олдин сўз олган республика Мақом маркази раҳбари Сойиб Бегматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун пойтахтимизда мақом санъати марказига асос солингани, вилоятларда мақом ансамблларини ташкил этиш учун саъй-ҳаракатлар бошланганлиги, жумладан, сирдарёлик санъаткорлар ҳам бунга “лаббай” деб жавоб беришгани ҳақида гапирди.

—Мақомни бир-икки йилда ўрганиб бўлмайди, — деди С.Бегматов. — Сирдарёда бунга асос, яъни ижодий муҳит, яхши ижрочилар бор эди. Уларга тўғри йўл кўрсатилиб, маслаҳатлар берилди. Айниқса, вилоят ҳокимлигига бу масалага эътибори ва кўрсатган ёрдами учун катта раҳмат.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йили жамоага Юртбошимиз томонидан бир нечта қимматбаҳо соз-лар туҳфа қилинди. Яқинда хонанда, созандаларга жуда кўркам миллий либослар келтирилди. Жамоа концертга пухта тайёргарлик кўрди. Репертуардан жой олган ҳар бир куй ва ашула маромига етказилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Концерт “Бузрук” мақомидан Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари билан айтиладиган “Сарахбори бузрук” мақоми билан бошланди. Сўнгра созандалар “Дугоҳ” куйини ижро этишди.  “Бузрук” мақомидан “Бухоро ироғи”, “Рост” мақомидан” “Савти ушоқ”, “Сегоҳ” мақомидан “Мўғулчаи сегоҳ”, “Тал-қини чоргоҳ”, “Қадаҳ”, “Кўргони келдим”, “Адо айлар” каби ашулалар жамоа томонидан маромига етказиб ижро этилди. Шунингдек, яккахон хонадаларнинг чиқишларини ҳам томошабинлар илиқ қарши олдилар. Зулфия номидаги Давлат мукофоти сов-риндори Мадинабону Мамирова “Муҳаббат”, Шоира Зулҳайдарова “Бағринг ёқай”, Сожида Умрзоқова ” Яхши бор”, Шерали Ваҳобов “Ушоқи холий”, Ҳабиба Одилова “Ёр ўлмаса”, Тўлқин Бувраев ҳамда Шоҳруҳ Абиев (жўровозликда) “Ошуфта ҳол айладинг” ва бошқа ашулаларни маҳорат билан куйлашди.

Ашулаларнинг оҳангларига Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлимининг раққоса қизлари хиром этишди.

Концерт жуда мароқли ва кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир сўнгида меҳмонлар жамоанинг чиқишлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

—Ўтган йили шу кезларда ансамблнинг илк чиқишини кўриб, йўл-йўриқлар кўрсатган эдик, — деди Маҳмуджон Тожибоев. — Қисқа даврда жамоада салмоқли иш қилинибди. Бугун ансамбль аъзолари мураккаб мақом ашулаларини маромига етказиб ижро этиб, юракларни сел қилди. Ҳамма вилоятларда ҳам шундай ансамбллар мавжуд, лекин Сирдарёнинг мақом жамоасида юксак профессионаллик борлигини кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Омад ёр бўлсин.

Ўзбекистон халқ ҳофизи М.Тожибоев ижро этган мумтоз ашула дилларни хушнуд этди.

—Бир йил мобайнида шу даражага эришиш, мақом ашулаларини мукаммал даражада куйлаш, осон эмас, — деди Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов. — Лекин Сирдарё мақом ансамблида соҳир овоз соҳиблари ва соҳибалари борлиги мени беҳад қувонтирди. Ҳозир саҳнада Саодат Қобулова, Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Холисхон Қодирова каби устоз санъаткорларни кўргандек бўлдим. Устозлар доимо барҳаёт, уларнинг ишини, ижросини бугунги ёшлар давом эттиришмоқда. Жўровозлик жуда мураккаб усул. Бу борадаги чиқишлардан қониқдим. Сизлар ҳали ўзбек мақомининг довруғини дунёга танитишга эришасизлар. Шу ўринда жамоа раҳбари Раҳимжон Ҳасановнинг хизматлари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтаман. Шундай улуғ айём — моҳи Рамазон, Хотира ва Қадрлаш куни арафасидаги бугунги учрашув, концерт барчага манзур бўлгани шубҳасиз. Улуғ устозларнинг порлоқ руҳлари қўлласин, сизларни.

Гарчи концерт тугаган бўлса ҳам, устозлар билан санъат ҳақидаги дилкаш гурунглар давом этарди. Шу лаҳзаларда орамизда мақом тинглайдиган, уни юракдан англайдиган тингловчилар кўпайганлигидан шодландик. Назаримизда бугунги концерт асрлар руҳини, мозий нафасини яна бир карра мухлисларга етказди. Жамоа бугунги концерт дастури билан устозлар ва талабчан томошабинларнинг дастлабки синовидан ўтганлиги рост бўлсин. Мақом яна минг йиллар оша яшайверсин, сайқал топаверсин.

             Холида ПАРДАБОЕВА

You may also like...

Fikr bildirish