МУХЛИСА МУХЛИСЛАРНИ РОМ ЭТДИ

Саҳнада 2-3 та, хатто 4 та доирани қойилмақом чалиб, барчани лол этган доирачиларни кўп кўрганмиз. Тўғриси, бу чолғуни катта саҳналарда, концерт дастурларида йигитлар чалишига ўрганиб қолганмиз. (Албатта, фольклор дасталарида аёллар ҳам чилдирма чалишади. Лекин уларнинг усуллари бошқача — бир хил). Гулистон санъат коллежи ўқувчиси Мухлиса Туропова қўш доирани чалиб, тенгдошлари ва мухлисларни лол этмоқда.

Ўтган йилнинг кузида “Ниҳол” кўрик-танловининг вилоят босқичида 5 та йўналиш бўйича иштирок этаётган ижрочи ёшларнинг саҳнага чиқишларини кузатар эканмиз, ушбу танлов кўплаб истеъдод эгаларини кашф этаётганига гувоҳ бўлдик. Мусиқа йўналиши бўйича бир неча йигит-қизлар ўз маҳоратларини синаб кўришди.

Бошловчи Мухлисанинг номини эълон қилди. Саҳнага битта доира билан чиққан ёш созанда дастлаб бир куйни ижро этгач, иккинчи доирани қўлига олди ва ҳар иккисини чунонам чалдики, танловда қатнашаётган бошқа ёш мусиқачилар, айниқса, уларни баҳолаб бораётган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳайратга тушишди.

Ёнимда кўпчилик ижрочиларнинг чиқишларидан кўнгли тўлмай ўтирган ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Ойдин Абдуллаеванинг бирданига кайфияти кўтарилиб кетдию — “Бор экан-ку ҳақиқий иқтидорлилар. Кўп вилоятларда бўлиб, танловларда ҳакамлик қилганман, лекин бунақасини биринчи кўришим. Ўзбегимнинг қизларига офарин!” — деди қувонганидан. У Мухлисага бир неча доира усулларини кўрсатишни айтганида ёш доирачи барчасини маромига етказиб ижро этди. Ундаги шиддат, ўзига ишонч ва маҳорат профессорни мафтун этди. Ижро тугагач, томошагоҳни олқиш, ҳайқириқ босиб кетди. Айниқса, санъат коллежи директори Адҳам Самановнинг ўз ўқувчиси шаънига айтилган бу эътироф, мақтовдан боши осмонга етди.

Холида ПАРДАБОЕВА

You may also like...

Fikr bildirish