САРВИНОЗДА БРОНЗА

Шахмат

Жорий йилнинг 3-12 май кунлари  Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида олий лигада дона сурадиган аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати поёнига етди. Мукофот жамғармаси 10 миллион сўмни ташкил этган нуфузли турнирда мамлакатимизнинг 10 нафар кучли шахматчиси ғолиблик учун кураш олиб борди. Улар орасида юртдошимиз Халқаро гроссмейстер Сарвиноз Қурбонбоева ҳам бор эди.

9 турдан иборат чемпионатнинг бошланғич ва ўрта қисмини маҳоратли шахматчимиз жуда яхши ўтказди. Биринчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи турларда ФИДЕ усталари Ирина Геворгян, Юлдуз Ҳамроқулова, Баҳора Абдусатторова, Севара Боймуродова ва Моҳим Ўразмуҳаммедовалар устидан ишончли ғалабаларга эришди. Иккинчи ва бешинчи турларда Умида Омонова ва Нилуфар Якуббаевалар билан дурангга имзо чекди.

Сарвиноз навбатдаги чемпионликка жуда яқинлашиб борган эди. Бироқ сўнгги икки турда унча кучли бўлмаган ҳарифлари Ҳилола Абдукаримова ҳамда Озода Ҳусаиноваларга ўйинни бой берди. Ана шу тариқа 9 имкониятдан 6 очко тўплаган Сарвиноз Қурбонбоева чемпионатнинг бронза медали билан кифояланди. Олтин ва кумуш медаллар 9 имкониятдан 8 ва 6,5 очко туплаган хоразмлик Нилуфар Якуббаева ва тошкентлик Баҳора Абдусаттороваларга насиб этди.

Муҳаммадали АҲМАД

You may also like...

Fikr bildirish