МАРД ЎҒЛОН МАТОНАТИ

Кўпинча инсоннинг кимлиги фавқулодда вазиятларда намоён бўлади. У ўша пайтда қаҳрамонлик, жасорат кўрсатаман, деб асло ўйламайди. Билъакс оддий инсонлик бурчимни бажараяпман, деган хаёлда бўлади. Инсон зоти борки, унга қўрқув ҳамроҳ. Бироқ шундай вазиятлар бўладики, ўртада ор, номус турганлиги боис қўрқувни жасорат енгади. Гулистон давлат университети Табиий фанлар факультети “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” йўналиши 1-босқич талабаси Сардорбек Улуғбек ўғли Баҳодиров 30 апрель куни “Дўстлик” каналида чўкаётган ўқувчи қизни қутқариди-ю ўзи ҳалок бўлди.

Сардорбек қандай инсон эди? У кўрсатган жасоратнинг илдизи қаерда? Мана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Гулистон давлат университетининг у таҳсил олган Табиий фанлар факультетига йўл олдик. Факультет раҳбарлари ҳамда “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” йўналиши 26-18-гуруҳ талабалари билан Сардорбекнинг сажияси, феъл-атвори ҳақида гурунглашдик. Суҳбат асно бизни бир нарса ҳайрон қолдирди: у ҳақда ким фикр билдирмасин, укаси, акаси ва дўстидек ўзларига яқин олиб гапирди. Дунёда барчага бирдек ёқадиган инсон бўлмайди. Эй ёронлар, Сардорбекка ўхшаб устозлари, ёру дўстларига бирдай ёққан инсонлар онадан кам туғилади.

—Факультетимизда 1500 дан зиёд талаба таҳсил олади. Уларни номма-ном таниш амри маҳол. Бироқ шундай талабалар бўладики, юриш-туриши, одоби, интилиши, иссиқ чеҳраси билан киши кўнглига маҳкам ўрнашиб қолади.

Олдига катта мақсадларни қўйган, кўзлари ёниб турадиган Сардорбекни ана шундай хислатлари ҳисобига таниб қолганман. У ҳар доим ўрта қатордаги биринчи партада ўтирарди. Ярим йилнинг орасида устозлари ва курсдошлари ўртасида катта обрўга эга бўлиб қолди.

 Фожиа рўй бергандан кейин унинг акаси билан суҳбатлашдим. Сардорбек чўкаётган қизни қутқариш учун онгли равишда ҳаракат қилганлиги шундоқ билинди-қолди. У оёғидаги туфлисини ечишга ҳам улгурмаган. Бутун ўй-хаёли ўлим билан олишаётган қизни қутқаришда бўлган.

Талабамизнинг ҳурмати учун сурати билан таъзиянома ёзилган плакатни осиб қўйдик. Ўша куни АРМ ходимларидан бири ишга келмаган экан. Эртасига мен у йигитни танийманми, суратини кўрай, деб қолди. Шаҳиднинг расмини кўриб, бу бизнинг қироатхонага ҳар куни кириб китоб ўқийдиган талаба-ку, дея йиғлаб юборди, — дейди факультет декани Аброр Юлдашев.

Гулистон давлат университети маъмурияти томонидан Сардорбек Улуғбек ўғли Баҳодиров ҳақида битилган “Мардлик ва қаҳрамонлик намунаси” деб номланган тавсифномани ўқиймиз. “У таҳсил давомида бор истеъдоди ва қобилиятини намоён этиб, тиришқоқлиги, жонкуярлиги, аъло баҳоларга ўқиши билан барча курсдошларига намуна бўлганлиги боис 26-18-гуруҳ Ёшлар иттифоқи етакчиси этиб сайланди. Сардор Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Жасорат” клубининг фаол аъзоси эди.

Ёшлар иттифоқи етакчиси сифатида талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида мунтазам равишда “Заковат” интеллектуал ўйинларини ташкил қиларди. Бундан ташқари, тенг-дошларининг китоб мутолааси ва спортга бўлган қизиқишларини ошириш учун “Мени ўзгартирган китоб” лойиҳаси ҳамда “Спорт бизни бирлаштиради” шиори остида спортнинг футбол, волейбол, теннис ва шахмат турлари бўйича мусобақаларни ўтказишни канда қилмасди.

Сардорбек Баҳодиров факультет “Табиий лидерлар” жамоаси аъзоси сифатида талаба ёшларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича ҳам қатор ишларни амалга оширди”.

Тавсифномадаги марҳумга берилган таърифлар қулоққа бироз расмийроқдек эшитилиши мумкин. Бироқ, курсдошларининг у ҳақда билдирган фикрлари содда ва самимийлиги билан диққатимизни тортди.

Курсдошларидан сўраб-суриштирсам, Сардорбекнинг энг севимли китоби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бўлган экан. Бу мўъжиза китобни қайта-қайта ўқиб, қази чайнагандай маза қиларкан. Балки уни Отабек ва Кумушбибининг илоҳий муҳаббати ўзига асиру мафтун этгандир. Бироқ, курсдошлари унинг бирорта қизга кўнгил қўйгани ҳақида эшитмаганини айтишди. Зеро, у аввал олий маълумот олиб, сўнгра ҳаётий ташвишларга кўмилишни ўйлагандир.

Фожиа муносабати билан турли интернет нашрлари отдан қолма байталим қабилида анча-мунча шов-шув кўтаришди. Фақат хабар бериш билан шуғулланадиган айрим ҳамкасбларимиз Сардорбекнинг жасорати ҳақида эмас, кўпроқ бахтсиз ҳодиса ҳақида оғиз кўпиртиришди. Ҳатто “Дўстлик” каналида рўй берган шунга ўхшаш бахтсиз ҳодисалар сонини санаб ўтишди. Бироқ аввалги чўкканлар билан бунисининг ер билан осмонча фарқи бор. Сардорбек бир ўқувчи-қизни ўлим домидан олиб чиқаман, деб жон фидо қилди. Бошқача айтганда, инсоний бурчини бажарди. Мард бир йигит қиладиган қаҳрамонликни адо этди.

Курсдошларининг Сардорбек ҳақидаги гапларини эшитиб уни бамисоли укамдек севиб қолдим. Талабалар даврасидан кўнглим аллақандай маҳзун ҳисларга тўлганча “Дўстлик” канали бўйига чиқдим. Майин эпкиндан сув юзида бобомнинг пешонасидаги ажинлар мисол мавжлар пайдо бўлади. Руҳониятимдаги сўлғинлик туфайли нажиб манзара татимайди. Юра-юра III ва IV мавзеларни бир-бирига боғлайдиган кўприкка етиб келаман. 30 апрель куни мана шу кўприкдан 100 метрча қуйида бахтсиз ҳодиса рўй берган. Сардорбек чўкаётган бир қизни қутқараман деб ширин жонидан кечган. Ҳаёт ўзи шунақа — бешафқат. Кимгадир беради, кимдандир олади. Бироқ бу йўқотишнинг ажри берилиб, албатта, Яратган эгам ёрлақайди. Бу дунёда ҳеч нарса беиз кетмайди. Ҳатто осмонда юлдуз учганда орқасида нурли из қолади. Сардорбекдан эса мард ва жасур инсон деган ном қолди.

Университет ректори, профессор Муҳсин Ходжиев таъкидлаганларидек, мард талабанинг қаҳрамонлиги унутилмайди, унинг номи абадийлаштирилади. Айтгандек, Сардорбекнинг курсдошлари у ҳақда слайд яратишибди. Хотира ва Қадрлаш байрами ўтгандан кейин факультетда жасур ўғлонга бағишлаб футбол бўйича хотира турнири ўтказиш режалаштирилмоқда. Юқорида номи келтирилган тавсифномадаги мана бу сўзлар уни билган ва билмаган кишиларнинг эътирофидек жаранглайди. “Сардорбек Улуғбек ўғли Баҳодировни Ватанимизнинг ҳақиқий мард ўғлони сифатида университет ёшлари доимо ёд олишади. Унинг жасорати ёшларга намуна бўлиб қолади. Охиратинг обод бўлсин, Сардорбек!”

Мақоламизга шу жойда нуқта қўйсак ҳам бўлардию, лекин вилоят ҳокимлиги ҳамда Гулистон давлат университетининг Баҳодировлар оиласига кўрсатган моддий ва маънавий мададини алоҳида таъкидлаб ўтмасак бўлмас. Бугун талаба ёшлар ўртасида Сардорбекнинг номи жасоратга уйқаш сўз сифатида қўлланилаётган бўлса не ажаб!

             Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish