ХОВОСДА ЗАМОНАВИЙ БОЛАЛАР-ЎСМИРЛАР СПОРТ МАКТАБИ

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни байрами ҳамда Рамазон ойи бу йил меҳр-мурувват ва чинакам саховат байрамига айланиб кетди. Байрам кунларида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронторти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар берилди. Жойларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан бўлган учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирларда айниқса машъум урушнинг инсоният тарихида оғир йўқотиш ва асоратлар қолдирганлиги, 500 мингдан ортиқ ўзбек ўғлонлари жанг-у жадалларда ўз жонини қурбон қилгани, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраш ҳозирги ёш авлоднинг ҳам чин ватанпарварлик бурчи эканлиги алоҳида тилга олинди. Давлатимиз раҳбари томонидан уруш қатнашчилари ва фронторти меҳнат фаҳрийларига кўрсатилаётган катта эътибор ва чексиз ғамхўрликлар эса кексаларнинг қаддини тоғ қадар юксалтирди.

Шу билан бирга бу унутилмас шодиёна кунларида Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгилаб берган 5 та муҳим ташаббуслари ижроси доирасида Сирдарё вилоятининг туман ва шаҳарларида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Чунончи, шу йил 8 май куни Ховос туманининг Фарҳод-5 қишлоғида (аввалги туман маркази қўрғонида) болалар-ўсмирлар спорт мактаби фойдаланишга топширилди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган спорт мактабида ўсмирлар чиниқиб, маҳоратларини оширишлари учун барча қулайликлар яратилган. Спорт мактабининг ўзида алоҳида ўйингоҳ ва томошагоҳ ҳам барпо этилган.

Йирик иншоотни “Фрегат — С” масъулияти чекланган жамиятининг қўли гул қурувчилари қисқа вақтда қуриб, битказдилар. Уни бунёд этишга 4 миллиард 850 миллион сўмлик маблағ сарфланди.

Болалар-ўсмир спорт мактаби очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентимиз раҳнамолигида ёшларга барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигини алоҳида мамнуният билан тилга олди ва ҳоким ховосликларни шундай спорт иншоотига эга бўлганлиги билан самимий қутлади.

                       Б.ҲОШИМОВ 

You may also like...

Fikr bildirish