ОҚОЛТИН ТУМАНИНИНГ “ШОДЛИК” МАҲАЛЛАСИДА ЯНГИ ТИКУВЧИЛИК КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан тўрт босқичли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш эвазига мамлакатимизда 120 та хом ашёни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш чоралари кўрилмоқда. Ана шу лойиҳалар ўзлаштирилиши эвазига республикамизда 27 минг киши янги иш ўринлари билан таъминланади ва тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларнинг экспортдаги улуши 65 фоиздан оширилади.

Амалга оширилаётган лойиҳалар самарасида жорий йилнинг ўзида вилоятимизда ҳозиргача учта тўқимачилик мажмуалари барпо этилди. 2019 йил давомида вилоятда жами шундай 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш ҳамда уларда хотин-қизлар учун 4200 та янги иш ўринлари яратиш вазифалари белгилаб олинган.

Оқолтин туманининг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини марказий қўрғонида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан яна битта, яъни бир сменада 120 нафар тикувчи фаолият кўрсатадиган, замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган “Сирдарё барака чеварлари” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Фабрикани барпо этишга “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 1 миллиард 80 миллион сўмлик маблағи йўналтирилди.

Тикувчилик корхонаси очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевалар сўзга чиқиб, оқолтинликларни меҳр-мурувват ойи саналмиш Рамазон кунларида шундай корхонага эга бўлганликлари билан қутлашди ва фабрика жамоаси аъзолари ишига ривож тилашди.

Ҳозирда тикувчилик корхонасида ойига 10-12 мингта касалахоналар учун ётоқ (прос-тина, ёстиқ, кўрпа) буюмлари тикиб, тайёрланади. Бу ерда корхона ва ташкилотлар учун махсус кийим-бош тикиш ҳам кенг йўлга қўйилади ва келгусида хотин-қизлар учун корхонада 480 та янги иш ўринлари яратилади.

—Қишлоғимизда шу вақтгача биронта ҳам хизмат кўрсатиш корхонаси йўқ эди, — дейди тикувчилик корхонаси бош бичувчиси Ирода Жўраева. —Ўзим 10 километрлик йўлдан қатнаб, туман марказидаги тикувчилик фабрикасида ишлардим. Қишлоғимизда шундай замонавий корхонанинг қуриб, ишга туширилиши менга ўхшаган юзлаб хотин-қизларнинг доимий иш билан бандлигини таъминлади. Чеварлик касбини танлаб, қишлоғимизнинг ўзида ишлаётганим, элга нафим тегаётганидан бахтиёрман.

—Биздек уй бекалари учун замонавий фабрика фаолиятининг йўлга қўйилганлиги кўнглимиздаги иш бўлди, —дейди ёш тикувчи Дилдора Қўшимова. —Маҳалламизда фабрика очилишини эшитиб, туман марказидаги корхонада малакамизни ошириб, амалиётни ўтадик. Қисқа вақтда моҳир чеварлардек қўлимиз келишиб қолди. Ҳозир шифохоналар учун мўлжалланган ётоқ буюмларини замонавий андозаларга мос ва чиройли қилиб тикиб, буюртмачиларга етказиб бераяпмиз.

           Б.БЕКМУРОДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish