МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТГА ЭҲТИРОМ

2019 йилнинг 9 май тонги. Хотира майдони уруш ва фронторти меҳнат фахрийлари, маҳаллий ҳокимлик масъуллари, Қуролли Кучларимиз аскар ва зобитлари, ёшлар, қўйингки, кенг жамоатчилик вакиллари билан лиқ тўла. Кўкракларига шараф тасмасини қадаб олган байрам қатнашчилари роппа-роса соат 9 да Мотамсаро она ҳайкали томон ҳаракатланишди. Она Ватан тимсоли саналган ҳайкал пойи анвойи гулларга тўлиб кетди. Биз Хотира майдонида кўплаб уруш ва меҳнат фахрийларини учратдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бектурсун ота Пирматов Узоқ Шарқда япон милитаристларига қарши курашда қон кечган йилларини эслайди.

—Уруш ўз номи билан буз-ғунчилик, вайронагарчилик, —дейди фахрий. —У кунларни эсласанг шаҳид кетган дўстларинг хотирангда жонланади. Вилоятимизда 11 нафар уруш қатнашчиси қолибди. Бугунги тантанада уларнинг тўрт нафари қатнашмоқда. Жанг кўрган биз каби фахрийларни давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз ҳурматимизни жойига қўймоқда. Байрам арафасида менга кўпқаватли уйлардан икки хонали квартира ажратишди.

Сайхун кўчасида Қуролли Кучларимиз қўшинлари зобит ва аскарлари байрам парадига сафланишди. Ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик олдида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев нутқ ирод этди.

—Бугун жонажон Ватанимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги кенг нишонланмоқда, — деди нотиқ. —Ана шу айём билан сизларни чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром, эзгу тилакларимни билдираман.

Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Шу билан биргаликда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзоларига ғамхўрик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

Шундан кейин оркестр садолари остида Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия қўшинларининг аскар ва зобитлари ҳарбийча юриш билан байрам қатнашчилари олдидан ўтишди.

Байрам тадбирининг иккинчи қисми Юрт байроғи майдонида давом этди. Бу ерда ҳарбий қисмлар ўзларининг чодир чаманини тикиб, уруш йилларидаги оғир ҳаётни эл-улус кўз олдида жонлантиришди. “Муқаддас уруш”, “Катюша” каби қўшиқлар баралла жаранглади. Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгараклари аъзолари амалий ва тасвирий санъат кўргазмаларини намойиш қилишди. Бахтли болаликни улуғловчи қўшиқлар майдонни тутиб кетди. Қўғирчоқ театрларининг ёш артистлари эса қаҳрамонлик эртаклари асосида тайёрлаган томошаларини намойиш этишди.

Бизнинг эътиборимизни майдоннинг жануб томонида қўлларига турли расмларни кўтариб олган болакайлар тортди. Кейин билсак, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши “Боболаримиз билан фахрланамиз” деган акция ташкил этган экан. Қўлларида кўкси тўла орден таққан фахрийнинг расмини кўтариб турган маъсума қизни суҳбатга тортамиз.

—Мен Сардоба туманидан келганман, —дейди ўзини Ноила Эшқувватова дея таништирган қиз. —Қўлимдаги портрет бобом Эшқувват Сагатовники. У киши Москвадан то Польшагача душманни қувиб борган. Бугун орамизда йўқ. Биз барча уруш қурбонларининг муборак хотирасини қалбларимизда абадий сақлаймиз. Дунё ҳамиша тинч бўлсин.

Ўттиз нафардан зиёд ўғил-қизлар барчасининг қўлларида урушда қатнашиб, эсон-омон қайтган ёхуд шаҳид кетган қариндошларининг суратлари. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев акция қатнашчиларининг олдида тўхтаб, дилдан гурунг қилди. Жанг майдонларида қурбон бўлган боболарининг қаҳрамонликларини унутмасликка, улар бошлаган хайрли ишларнинг муносиб давомчиларига айланишга даъват этди. Вилоятимизни, Гулистон шаҳрини обод масканга айлантиришда фидо-йилик кўрсатишга чақирди. Норасида болакайларнинг қўлларидаги марҳум аскарлар расмини кўриб, хотирамда ҳассос шоирамиз Зулфияхонимнинг мана бу дардчил сатрлари жонланди.

Уруш!

Номинг ўчсин жаҳонда,

Ҳамон битмас сен солган алам.

Сен туфайли кўп хонадонда

Ота номли буюк шодлик кам!

Яна бир ажабтовур манзара тинч-ликнинг буюк неъмат эканлигини эсимизга солиб юборди. Ислом Каримов кўчасининг Юрт байроғи майдонига туташ қисмида ўзига хос ҳарбий техникалар намойиши ташкил этилди. Энг қизиғи, ушбу ҳарбий машиналарга болажонларимиз эмин-эркин чиқиб ўйнадилар. Ҳарбийларни саволларга тутдилар. Тинчлик, осо-йишталик ҳукмрон юртда ҳарбий машиналар ҳам ҳеч кимни безовта қилмас, хавотир ва қўрқувга солмас экан.

Байрамнинг якунловчи қисми “Билимдонлар маскани”да бир пиёла чой устида давом этди. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев яна бир бор минбарга кўтарилиб, Иккинчи жаҳон урушининг халқимиз бошига келтирган кулфатлари, жабру жафолари ҳақида тўхталди. Мард, ботир, иродали халқимиз бу машаққатли синовдан муваффақиятли ўтганлигини алоҳида таъкидлади. Пировардида башариятга буюк Ғалабани олиб келишда муносиб ҳисса қўшган ўзбекистонлик ўғлонларнинг жасорати унутилмаслигини урғулади. Бугунги кунда биз билан ёнма-ён яшаб, кексалик гаштини сураётган уруш ва меҳнат фахрийларига соғлик-саломатлик тилади.

Байрам тадбири вилоят театри актёрларининг уруш даври воқеаларини жонлантирган саҳна кўриниши ҳамда хонандаларнинг куй-қўшиқлари билан янада файзли бўлди. Айниқса, афғон уруши қатнашчиси Алишер Удаев куйлаган жанговар қўшиқлар фахрийларга ёшлик йилларини эслатиб юборган бўлса не ажаб! Пойтахтдан ташриф буюрган Ўз-бекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Ҳайдаровнинг ўзбекона нолалари ҳам барчага манзур бўлди.

Ҳа, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқларида таъкидлаганларидек: “Бугун барчамиз аввало, буюк ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз”.

         Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish