МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ АЗИЗ ИНСОНЛАР ХОНАДОНЛАРИГА БОРИШДИ

💐 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни

Сирдарё вилояти миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари II жаҳон уруши қатнашчилари Оқолтин туманида яшовчи 95 ёшли Рашит Ахярович Давлатов, Сирдарё туманида яшовчи 95 ёшли Иван Илич Шведенко, Ховос туманида яшовчи 101 ёшли Махмади Хўжабековнинг уйларига бориб, улардан хабар олишди. Мазкур ташриф уларнинг ҳар бирининг уйида катта тантанага айланди. Вилоят рус маданият маркази қошидаги “Гармония” хор жамоаси, Гулистон шаҳар “Болалар шаҳарчаси” оркестр жамоаси бадиий чиқишлари билан хонадон соҳибларига кўтаринки руҳ бағишлади. Уруш қатнашчиларига Миллий гвардия томонидан совға-саломлар топширилди ва байрам дастурхони ёзилди.

Қонли тўқнашувларга тарих гувоҳ. 2000 йилнинг июль-август ойларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида содир бўлган мудхиш воқеаларни халқимиз яхши эслашади. Ўшанда жангарилар Тожикистон орқали мамлакатимиз сарҳадини бузиб ўтиб, юритимизга раҳна солишди.

Қарийб икки ой давом этган жангларда Ватанимизнинг бир қанча довюрак йигитлари қаҳрамонларча ҳалок бўлганди. Улар орасида Сирдарё аҳлининг мард ва жасур ўғлони 22 баҳорни қаршилаган катта сержант Эломон Отажонов ҳам бор эди.

2000 йил 11 август. Узун туманида душманларга қарши қирғинбарот жанглар бўлди. Эломон Отажонов 2 маротаба, елкаси ва биқин соҳасидан ўқ тегиши натижасида яраланиб, мардларча ҳалок бўлди.

Эломон Отажоновнинг ўлимидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 25 август кунидаги Фармонига биноан унинг она-юрт тинчлиги, элимиз осойишталиги йўлида кўрсатган хизмати учун “Жасорат” медали билан мукофотланган.

2018 йили 9 май арафасида Сирдарё туманидаги Тараққиёт маҳалласидаги 2-мактабда Эломон Отажонов бюсти ўрнатилиб, унинг музейи ташкил қилинган.

Сирдарё вилояти Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари 3 май куни Эломон Отажонов хонадонига бориб, унинг оила аъзолари билан учрашиб, совға-саломлар топширишди. Сўнгра Эломон Отажонов музейига ҳам боришиб, руҳи сўнмас, номи ўчмас баҳодирни ёдга олишди.

Мардларнинг номи ҳамиша тилга олиниб, хотираси дилларда мангу сақлангайдир.

You may also like...

Fikr bildirish