ҚАТАҒОННИНГ ТОМИРИНИ МАЪРИФАТ ҚУРИТАДИ

“Буюк аждодларимизнинг муқаддас хотираси ва жасорати олдида бош эгамиз”

Ш. М. Мирзиёев.

Бу кўҳна диёримиздан қанчадан қанча буюк инсонлар етишиб чиққан. Аждодларимиз қолдирган илмий-манавий меросни ўрганиб, келажак авлодга етказиш бугунги зиёлиларнинг энг асосий бурчи. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз аждодларимиз нақадар теран ақл соҳиби, тафаккурнинг юксак чўққисини эгаллаганини англаб етамиз.

Аждодларини яхши билган халқимиз боболаримиз ва момоларимиз орқали етиб келган бой тарих, илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида яратилган асарлар, урф-одатлар, қадриятлар авайлаб асраб, ўтган алломаларни хамиша хотирлаб эҳтиром бажо келтирмоқда. Бунинг замирида шубҳасиз, катта маъно, теран моҳият, ҳикмат ётади. Маълумки ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келган миллий уйғониш ҳаракати номоёндалари ҳалқни  мустамлакачилик, ижтимоий ва маданий қолоқликдан олиб чиқиш учун ҳаракат қилган. Афсуски ўша давр ҳукмрон доиралари ота-боболаримизнинг илмий-маънавий салоҳиятини йўқ қилишга қаратилган қатағон сиёсатини олиб борди. Уларга нисбатан ҳар хил тухматлар уюштириб, “халқ душмани”, “Ватан хоини”, “буржуа миллатчиси” каби ёрлиқлар билан отувга ҳукм қилганлар.

Совет ҳукумати томонидан “Катта қирғин” 1937 йил июлдан бошланиб, 1938 йил ноябргача давом этган. Шу вақт ичида совет империяси бўйича бир ярим миллион киши қамоққа олинган, шундаб етти юз минги отилган. Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача 10 700 киши қамоққа олинган. Булардан 3 613 киши отилган, 7 087 киши 8-10 йил муддатга қамоққа олинган. Ўша йиллари аҳолининг барча қатламлари қатағон гирдобига тушган.

 Истиқлол шарофати билан уларнинг номи оқланиб, илмий-маънавий мероси ўрганилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 2002 йилда Қатоғон қурбонлари хотираси давлат музейи ўз иш фаолиятини бошлади. 2017 йилга келиб президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан Республикамизнинг барча вилоятларида, жумладан Сирдарё вилояти Гулистон давлат университети тузилмасида ҳам “Қатоғон қурбонлари хотираси” музейи ташкил этилди.

2019 йил 1 февралда музейнинг очилиш маросимида сўзга чиққан  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори профессор Бахтиёр Ҳасанов экспонатларни кўздан кечирар экан, намойиш этилаётган суратлар қаторидаги Ҳасанхон Ниёзий ва Ҳусайнхон Ниёзийларнинг сурати олдида тўхтаб, айтган гаплари қалбимизни ларзага солди: “Сирдарё аҳли  вилоятга бевосита алоқаси бўлган бу икки улуғ зот билан фахрланса арзийди. Улар 1937 йилларда шўролар ҳукумати томонидан отувга ҳукм қилинган”.

Гап шундаки, тақдир тақозоси билан Ҳасанхон Ниёзийнинг қизи Басимахон эшон ая Ховослик Полвонқул Нарзиқуловга турмушга чиқади. Куёв  бўлмиш Полвонқул ака хам кичик одам эмас экан, Андижоннинг Пахтаобод туман харбий комиссари вазифасида ишлар, 1943 йилгача урушда етти марта оғир ярадор бўлиб, Андижонга, шифохонага даволанишга келиб қолган экан. Олий харбий маълумотли эди. Насаби Ховоснинг Жўйлангар қишлоғидан бўлиб, зиёлилар хонадонидан, Бухоро мадрасасини хатм қилган мулла Маматқул хожининг ўғли ўша Мадраса толиби мулла Нарзиқулнинг фарзанди экан.

– Ҳасанхон Ниёзийни 1931 йилда  ГПУчилар  хибсга  олди.  Беш  кун  тергов  қилиб, чиқариб юборишди. 1937 йилда барибир мустабид тузум қатағони Басимахонннинг дадасини ўз домига тортиб  кетди.

Полвонқул Нарзиқулов билан танишганида, ўз ўтмишини эслаб дадаси ва амакисининг қатағон қурбони бўлганлиги ҳақида гапиради ва ўшандан бери қўрқувда, хўрликда яшаймиз. Авлодимизнинг, яқинларимизнинг номи қора. На ўқишда ва ўсишда ҳаловати бор, Ахир, менга уйланмоқчи бўлган шундай ажойиб офицернинг келажагига, хаётига зомин бўлиб қоламан-ку? – деган эди Басимахон ая.[1]

Лекин шундай бўлишига қарамасдан Полвонқул Нарзиқулов Басимахон аяга уйланди. Сирдарё вилоятида салкам етмиш йил умр кечиришди, 8 фарзандни ўқимишли, зиёли инсон этиб вояга етказишди. Минглаб ғазаллар ва шеърлар, катта-катта романларни ёд олган ҳожи ая ўзидан “Ҳаж таасуротлари”, “Мерос хазина” ва “Асо” китобларини қолдирди, аянинг ўғли Муҳиддин Полвон боболари сингари олим, адиб. Улар ҳақида кенгроқ материал тўплаш бизнинг вазифамиз. Хўш, пойтахтлик профессор меҳр ва эҳтиром билан тилга олган Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийларнинг ўзлари ким бўлган?…

Улар 1895 йил Андижонда харзат Матмусохон эшон Ниёзхон эшон оиласида таваллуд топган. Улар отасининг мадрасасида тахсил олган. Шу билан бирга улар рус-тузем мактабига ҳам бориб ўз билимларини янада оширган. Араб, форс, олмон ва рус тилларини мукаммал ўзлаштирган. Қуръон ҳофизи, хаттотликда “заррин қалам” унвонлари билан тақдирланган. Ҳасанхон Ниёзий 72 ҳунар соҳиби эди. У Навоий, Бобур, Фузулийга эргашиб гўзал ғазаллар битган. У кўпроқ ирригация ва устачиликни касб қилиб олган эди. Андижон шаҳрида ирригация бошлиғи бўлиб ишлаб юрган вақтида каналлар, ариқлар ва ҳовузлар шундай жойлаштирилганки сув муаммоси кўтарилмаган ҳамда сув йўллари атрофи пок тутилган. Одамлар сув ҳавзаларидан бемалол сув ичишган. У биринчилардан бўлиб амиркон ва хром тери тайёрлаш технологиясини ишлаб чиққан. Шу билан бирга Андижонда 29-мактабда илмий мудирлик қилган, географиядан ва ботаникадан дарс берган.

Ҳусайнхон Ниёзий эса ёшлигидан темир-терсакка ҳавас қўйди. Хорижий олимлар асарларини ўрганиш учун ҳатто Оренбург, Москва ва Бокугача боради. Мамлакатимизнинг дастлабки ядро физикаси бўйича олими, илк атомшунос аллома, биринчи авиаконструктор Ҳусайнхон Ниёзийдан 15 га яқин кимё, физика ва адабиёт ҳақида асарлар, поэтикага бой бўлган шеърлар тўплами қолган. Уларнинг баъзилари Алишер Навоий номидаги кутубхона ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида сақланмоқда.

Басимахон аянинг ҳикоя қилишича, – Отамдан, Ҳусайнхон амакимдан айрилиб, “халқ душмани”нинг фарзанди тамғаси босилиб, чеккан азобларим етмас эканми? Ўша машъум қатағон йиллари, 11-12 ёшимда НКВД ходимлари туртиб, бир бурчакка тиқиб, уйимиздан китоблар, физика ва кимё лаборатория ишларига оид бўлган қўлёзмаларни, уй жихозларимизни, ҳатто кийимларимизни ҳам олиб кетганини, серфайз ҳовли ҳувиллаб қолганини, қуруқ ерда ётганимни кўрганим озмиди? Катта олим, мударрис бўлган дадамни сабабсиз отиб юборишди, тирик бўлганларида ўқирмидим, мусофир бўлмасмидим. Майли, бунисига хам чидаймиз, деб ўйладим, – дея элайди Басимахон ая.[2]

Ая халк донишмандлигини ўзида мужассам этган, адабиёт ихлосмандларининг сарвари, Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Саъдий, Аҳмад Яссавий, Машраб, Ҳувайдо, Умар Хайём, Бедил сингари улуғларнинг ғазалларидан, рубоийларидан йигирма мингдан ортиқ  шох сатрларни, пурхикмат байтларни ёд билади, – дейди Ўзбекистон  Қаҳрамони, халк ёзувчиси  Саид Ахмад. – Саидахон ҳам улар ҳақида кўп гапирарди. “Сизни айбсиз айбдор хисоблаб, банди этган кезлари, ер қаттиқ, осмон йирок, ҳақиқат излаб ҳуқуқ-тартибот идораларига қатнаб нажот топмай,  хўрликдан, ёлгизликдан ўлимимга рози бўлиб турганимда Басимахон кўз ўнгимга келди. Андижон шахридаги Бобур мадрасасини ўз маблағига қурдирган маърифатпарвар, зодагонлар хонадонида  бамаъни  тарбия  кўрган,  серғайрат дугонам Басимахон  хузурига бордим”, дерди Саидахон менга.

Бу даврда Басимахон отаси, биринчи устоз муаллим Ҳасанхон эшон Ниёзий, амакиси, биринчи ўзбек физик профессори, кимё, физика фанлари буйича ўзбек тилидаги илк дарсликлар муаллифи, биринчи кичик моторли самолёт ясаб учирган (1916), ховлисидан оққан ариққа мўъжаз гидроэлекростанция қуриб атрофини чароғон этган (1920), фарзандларини робот-қўғирчоқ ихтиро қилиб хайратга солган, баркамол инсон  Ҳусанхон Ниёзийни инқилоб душмани, жадидларнинг шериги, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевнинг “думи” деган ноҳақ айбларни ёпиштириб, “Миллий иттиход” гуруҳининг Андижон бўлими раиси сифатида отишганида қалби жарохатлар билан қопланган эди.

Адибнинг эьтирофича, Саидахон дугонасининг уйидан умид тўла  дил билан қайтганини тўлиб-тошиб хикоя қилган эди.[3]

Ховос халқини маърифат ва маънавият, адабиёт ва санъат дурдоналари, айниқса, муқаддас динимиз аҳкомлари билан ошно қилишга муносиб ҳисса қўшган Басимахон эшон аянинг акаси тарихчи олим Одилхон Ниёзов Андижон Давлат университети тарих факультетининг декани, укаси Ноҳидхон Ниёзов пойтахтда таниқли иқтисодиёт профессори эди. Узоқ йиллар мактабда болаларга тарихдан таълим берган, фарзандлари, эл-юрт ардоғида Мустақиллигимиз неъматларини кўзига суртиб, уни олқишлаётган, Истиқлолнинг қадрига етинглар, маърифат ва маънавият бўстонидан чиқманглар, улар – қатағон, хунрезлик, билимсизлик ва жоҳиллик илдизни қуритади, дея таъкидлаган эди синглиси Ситорахон ҳожи ая. Ҳусайнхон эшоннинг журналистликни танлаган ўғли Козимхон Ниёзовни ҳам НКВД жавобгарликка тортди. Ўзи сингари “халқ душмани”нинг зурриёди – укаси Одилхон, амакиси Салимхон ва тоғаси Нодирхон билан орқама кетин Москва, Киев ва Оврупа шаҳарларини немис-фашист босқинчиларидан озод этишда жанг қилди, сўнгра Москва Саноат Академиясини тугатиб, Андижон маҳаллий саноат бошқармасида бош инженер бўлиб ишлади. Олимнинг қизлари Пирояхон, Сайёрахон ва Раънохонлар ҳам зукко отин, адабиёт ва санъат билимдонлари, ўз фарзандларининг суюкли оналари сифатида умргузаронлик қилишди. Улардан солиҳ фарзандлар қолди.

Биз юқоридаги бой маълумотларни профессор Бахтиёр Ҳасанов марузаси изидан тушиб, бу улуғ олимлардан Ҳасанхон Ниёзийнинг невараси, давлат ва жамоат арбоби, журналист ва адиб Муҳиддин Полвон (Нарзиқулов)ни излаб  Тошкентдаги хонадонига бориб билдик. Музейимиздаги акс эттирилган расмда Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийларнинг эгиз ака-ука эканлигидан бехабар эдик. Нуроний, сўзлари латиф мезбон бир хонага бошлади. Кирдигу китоб жавонлардаги минглаб қимматбаҳо китобларни кўриб илмга бўлган иштиёқимиз, меҳримиз янада жўшди. Адибнинг оиласи аъзоларига оид асарлар алоҳида жавонда сақланмоқда, ёзувчи ўзи ёзган китоблар ҳам бир токча бўлиб турибди.

Қалами чархланган ижодкор, меҳнат фаолиятини Оқолтин туманидаги Усмон Носир номли 10А – давлат хўжалиги машина-мелиоратив отряди бошлиғи бўлиб бошлаган экан. У киши ҳали ўттизга кирмасдан республикамиз раҳбари Шароф Рашидов назарига тушади ва Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига ишга чақирилади. Сўнгра Жиззах шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби этиб тайинланади.

Муҳиддин Нарзиқулов Сирдарё вилояти ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари, вилоят партия қўмитаси котиби, Янгиер шаҳар ҳокими, вилоят ҳокими ўринбосари лавозимларида ҳам ўзининг ташкилотчилик қобилиятини, зукко раҳбарлик сифатларини намоён этди, вилоят жамоатчилиги, халқнинг қалбидан мустаҳкам жой топа олди, шеърлар, қиссалар, ҳикоялар битди, публицистик материаллар эълон қилди.

Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Носир Фозилов, Тўра Сулаймон, Саъдулла Сиёев, Ўткир Ҳошимов сингари улуғ ёзувчиларнинг этагидан маҳкам тутган Муҳиддин Полвон “Жўйлангар қишлоғи”, “Асо”, “Русско-узбекский словарь современного бизнесмена”, “Эхо Мирзачуля”, “Қалбимизда барҳаёт инсон”, “Қоя”, “Дераза олдидаги ўйлар”, “Олис юлдуз шуъласи”, “Мирзачўлда тобланганлар” каби бадиий, 200 дан кўпроқ новелла, очерк, эсселар ёзиб кўклам, осмонўпар тоғлар, бепаён чўллар, гулу бўстонлар куйчиси сифатида танилди. Серқирра олим молия-иқтисод соҳасида иккита йирик илмий-татқиқот, бир нечта ихтиро муаллифи.

Жонажон Ватанни мустамлакачилар чангалидан қутқариш беомон курашида ўз наъралари, қолаверса, Сирдарё воҳасининг муҳтарама волидаларидан бири сифатида танилган Басимахон ҳожи она туфайли қайтадан юзага чиққан ва музейимиздан ҳақли равишда фахрли ўрин эгаллаган ака-ука Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийларнинг бой илмий, ижодий фаолияти бундан кейин ҳам алоҳида эътибор билан ўрганилади ва тадқиқотлар ўтказилади. 

Бугунги кунда биз каби изланувчи ёшлар мазкур ишимиз қаҳрамонларининг бой ҳаёт тажрибаларини, илмий салоҳиятини ўрганиб ҳаётимизда тадбиқ этсак ўйлайманки мақсадга мувофиқ бўлади. Шуни алоҳида такидлаш керакки китобни ўзини ўқиган билан инсон олим бўлиб қолмайди, балки улуғларнинг назари ҳам инсонни олим, улуғ ва комил инсон қилади. Бундай одамлар Аллоҳнинг ҳам назарига тушади. Шундай экан Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшлар устоз-шогирд анъаналрини давом эттирган ҳолда, улуғ инсонларимизнинг этагидан маҳкам тутиб бор ҳаёт ва илмий тажрибалрини ўрганмоғимиз лозим.

Эрбўтаева Ўғилой ГулДУ тузилмасидаги

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори,

Нурали Турсинкулов музей бош мухофизи.


[1] Басимахон ҳожи Ҳасанхон қизи, Муҳиддин Полвон, Асо. “Ўзбекистон” нашриёти, Тошкент-2010. 88-бет.

[2] Басимахон ҳожи Ҳасанхон қизи, Муҳиддин Полвон, Асо. “Ўзбекистон” нашриёти, Тошкент-2010. 87-бет.

[3] Басимахон ҳожи Ҳасанхон қизи, Муҳиддин Полвон, Асо. “Ўзбекистон” нашриёти, Тошкент-2010.            88-89 бет.

You may also like...

Fikr bildirish