“ТАСВИРИЙ САНЪАТ” ФЕСТИВАЛИ

Шу йилнинг 22–27 апрель кунлари республика” Тасвирий санъат” фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида таниқли рассомлар билан ижодий мулоқотлар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди. Маҳорат дарслари пайтида Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи” майдонида ёш мусаввирлар ва ҳунармандлар ижод билан машғул бўлдилар.

Фестиваль якуни ва ғолибларни тақдирлаш чинакам байрамга айланиб кетди.

Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш бошланди. Дастлаб ёш ижодкорларга таълим бериб, уларни тасвирий санъат ва халқ амалий санъати йўналиши сирларидан воқиф этаётган устозлар, яъни шаҳар ва туманлардаги Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларидан бир гуруҳига вилоят ҳокимли ва Бадиий ижодкорлар уюшмасининг дипломлари ва ташаккурномалари топширилди. Шу билан бирга  вилоятда фаолият кўрсатаётган рассомлар, Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчиларга тасвирий  ва халқ амалий санъати йўналишида дарс бераётган  мутахассислардан бир неча нафарига Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолиги гувоҳномалари топширилди.

Кейин Термиз шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Бахшичилик фестивали” доирасида ташкил этилган халқ амалий санъати ва миллий буюмлар кўргазмасида иштирок этган вилоятимиз вакиллари сертификатлар билан тақдирландилар.

Халқаро мукофот соҳибаси – “Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги маданий алоқалар, жумладан,  тасвирий санъатни ривожлантириш борасидаги ҳиссаси учун” деган  махсус диплом билан тақдирланган пойтахтимидаги санъат коллежи ўқувчиси Дилноза Рўзибоеванинг номи ҳам тантанали  равишда эълон  қилинди.

“Камолиддин Беҳзод издошлари” номидаги республика кўрик – танловининг биринчи даражали дипломи билан тақдирланган  Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги  вилоят ихтисослашган мактаб – интернат ўқувчиси Шоҳжаҳон  Саидқуловни маросимда яна бир марта ушбу юксак мукофот билан қутлашди. (Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Шоҳжаҳонга ушбу мукофотни пойтахтимиздаги Камолиддин Беҳзод номидаги музейда Ўзбекистон Бадиий академия раҳбари,  академик Акмал НУРнинг шахсан ўзи топширган эди).

Шунингдек, фестивалда фаол  иштирок этган барча иштирокчилар ташаккурнома ва  совғалар билан сийландилар.

Ниҳоят энг ҳаяжонли лаҳзалар етиб келди. Гулистон Давлат университети педагогика факультетининг тасвирий санъат йўналиши талабаси Абдулазиз Абдуллаевга Ўзбекистон Бадиий академиясининг Олтин медали ҳамда Мирзаобод тумани туманидаги 6 – сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Асила Турсунбоевага Кумуш медал топширилди.

Шу куни ёшларга тасвирий ва халқ амалий санъати йўналишида кўп  йиллардан бери сабоқ бериб келаётган Одил Ҳайдаров ва Комил Хўжаевга таваллудларининг 60 ёши муносабати билан бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимининг  туҳфалари топширилди.

Холида ПАРДАБОЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish