ГулДУ ТАЛАБАЛАР ТЕАТРИ — ҒОЛИБ

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда “Ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” ҳамда Олий таълим муассасаларининг талабалар театр студиялари фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан республика ташкилий қўмитаси йиғилишининг жорий йил 14 февралдаги 1-сонли баёнига асосан барча олий таълим даргоҳларида ташкил этилган талабалар театр студиялари ўртасида илк фестиваль ўтказилди. Фестивалдан мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишдир. Шунингдек, талаба-ёшларни санъатга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни саҳна санъатининг мумтоз намуналари билан яқиндан таништириш, ижодий фикрлаш қобилиятини ўстириш, маънавий камолотга йўналтириш, иқтидорли ёшларга ўз имкониятларини юзага чиқариши учун шароитлар яратиш ҳамда уларни рағбатлантиришдан иборат.

Яқинда Гулистон давлат университетида мазкур фестивалнинг саралаш босқичи ўтказилди. Жиззах педагогика ва политехника институтлари ҳамда Гулистон давлат университети талабаларидан ташкил топган театр студиялари жамоалари учта номинация бўйича беллашдилар.

Гулистон давлат университетининг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Абдуллаева раҳбарлигидаги “Гулистон гулдастаси” театр студияси талабалари сирдарёлик ижодкор Ҳасан Абдувоҳидов қаламига мансуб “Меҳрижудолик” номли спектаклни (асарни О.Абдуллаева саҳналаштирган) намойиш этдилар. Асар томошабинлар томонидан қизғин қарши олинди.

Спектаклда ота-она ва бола ўртасидаги муносабатлар, меҳр-оқибат масалалари қаламга олинган. Унда халқимиз орасида бот-бот тилга олинадиган меҳр кўрсатсанг, меҳр топасан, деган ҳикматнинг ҳаётдаги исботини кўриш мумкин. Талабалар ўзларига топширилган ролларни маромига етказиб ижро этишди.

Бош рол — Нозимани Педагогика факультетининг мусиқа таълими йўналиши 3-курс талабаси Покиза Убайдуллаева маҳорат билан ижро этди. Шунингдек, Филология факультети 3-курс талабаси Қуддусбек Асадуллаев (Содиқ), мусиқа йўналиши 1-курс талабалари Асад Қобилов (Козим), Дурдона Тўрабекова (Манзура)лар ўзларига топширилган ролларни қойилмақом қилиб ўйнаганларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари алоҳида эҳтироф этишди.

Фестиваль якунига кўра, ГулДУнинг театр студияси томонидан саҳналаштирилган “Меҳрижудолик” номли спектакль “Энг яхши спектакль” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритиб, фестивалнинг ҳудудий босқичига йўлланма олди.

О.Абдуллаева “Энг яхши режиссёрлик иши”, П.Убайдуллаева “Энг яхши аёл роли ижрочиси” номинациялари бўйича мукофотларга сазовор бўлдилар.

2-ўрин Жиззах политехника институтининг “Ибрат” театр студиясига насиб этди. Жамоа томонидан намойиш этилган “Устоз” номли спектаклга “Долзарб мавзунинг саҳнавий талқини учун” номинацияси берилди.

Шунингдек, Жиззах давлат педагогика институтининг “Истеъдод” театр студияси жамоаси “Меҳрибоним, қайдасан?” номли спектакли учун “Миллий анъана ва қадриятларни тараннум этгани учун” номинациясини қўлга киритиб, 3-ўринни эгаллади.

           Х.ПАРДАБОЕВА.

Суратда: Меҳрижудоликспектаклидан саҳна кўриниши.

You may also like...

Fikr bildirish