БАЛОГА ҚОЛГАН БАННЕРЧИ…МИ?

Мақоланинг сарлавҳаси ишни қилган карнайчи, балога қолган сурнайчи мақолини эслатиб юбораяпти, дейсизми? Тўғри топдингиз. Нега шундай сарлавҳа қўйганимизни мақолани ўқиш асно билиб оласиз.

“Мактаб — илм боғи. Ўқитувчилар эса шу боғнинг боғбонларидир”. Бу гаплар айтилавериб, қулоғимизга қўрғошиндек қуйилиб қолган. Шу боис мактабларга қадам қўйганимиз ҳамоно бизни ўзгача ҳаяжон босади. Чунки фойелар, заллар, синфхоналардаги баннер ва стендлардан билим бўйи уфуриб туради. Қолаверса, театр кийимилгичдан бошланганидек, мактабдаги саводхонлик зал ва фойе-лардаги баннер ва стендлардан бошланади. Чунки унга ҳар куни ўқувчиларнинг бир неча бор нигоҳи тушади.

Яқинда билим масканларининг кўргазмали воситалар ёрдамида жиҳозланиши билан танишиш мақсадида Оқолтин туманига йўл олдик. Туман халқ таълими бўлимининг маънавий-ахлоқий-тарбиявий ишлар бўйича шўъба раҳбари Ҳикматилло Қаршиев билан суҳбат асно мазкур йўналишдаги аҳвол борасида сўрадик. Суҳбатдошимиз ишонч билан ҳаммаси жойида, дея жавоб берди. Бироқ куткилаб сўраганимизда ишлар кўпайиб кетганлиги боис мактаблардаги мафкуравий кўргазмали воситаларни янги ўқув йилида бирор марта мониторинг қилмаганлиги ойдинлашди.

Туман халқ таълими бўлимининг табиий фанлар бўйича методисти Нусратилло Дўсманов ҳамроҳлигида мактабларга йўл олдик. Масалани ўрганишда Вазирлар Маҳкамасининг қўлимиздаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ҳовлиси, бино йўлаклари ва синф хоналарини жиҳозлаш ҳамда ободонлаштиришнинг намунавий талабларини амалиётга жорий қилиш юзасидан тавсиялари” асқотди. Мазкур тавсиялар мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш сифатини янада ошириш мақсадида тайёрланган. Мазкур ҳужжатда: “Умумий ўрта таълим муассасалари ҳовлисини, бино йўлаклари ҳамда синф хоналарини баннер ва стендлар билан жиҳозлаш ҳамда ободонлаштиришнинг намунавий талабларини ишлаб чиқишда ўқувчи-ёшларнинг психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни ватанпарварлик ва маърифатпарварлик, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бадиий-эстетик дидини ривожлантириш, уларнинг зарарли таъсирлар ҳамда оқимларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, китобхонлик, мутолаанинг инсон камолотидаги ўрнини тарғиб этиш орқали жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган олимларнинг маънавий меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор” қаратилган.

Илк манзилимиз тумандаги рейтинги юқори 5-умумтаълим мактаби бўлди. Мактаб ҳовлисига қадам қўйишимиз билан сўлим бир хиёбонга кириб қолгандек ҳис этдик ўзимизни. Йўлак четидаги баннерларда Президентимизнинг ёшлар, таълим-тарбия, одоб-ахлоққа доир ҳикматлари кўримли қилиб ёзиб қўйилган. Мактаб директори Моҳира Каримова таълим муассасаси фойе ва залларига 40 га яқин баннер ҳамда стенд-лар ўрнатилганини фахрланиб гапирди. Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Раъно Солиева билан мактабни айландик. Мактаб фойесида мамлакатимизнинг биринчи Президенти И.Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган баннер ярқ этиб кўзга ташланди. Унинг ёнида амалдаги Президентимиз фаолиятига бағишланган худди шу ҳажмдаги баннер эътиборимизни тортди.

—Биринчи Президентимизга бағишлаб Маънавият хонасида бир бурчак ташкил этсаларинг бўлмайдими? — дея муовинга юзланамиз.

—Бундай баннер Маънавият хонамизда ҳам, фойемизда ҳам бор, —дейди суҳбатдошимиз.

Сўнгра Раъно Солиева билан биринчи-иккинчи қаватлардаги баннер, стенд ва ҳикматли сўзларни кўздан кечирдик. Анчагина имловий ва пунк-тацион хатолар кўзга ташланди. Ҳатто аллома бобомиз Форобийнинг “Билим, маърифат яхши ахлоқ билан безанмоғи лозим” деган пурмаъно ҳикмати тагига унинг тахаллуси саҳв тарзда “Фаробий” дея  битиб қўйилибди. Биз хатоларни бирин-кетин кўрсатавергач, муовин уялганидан буларнинг барини бугуноқ тузатамиз, дея ваъда берди.

Энг охирида зиё маскани—кутубхонага кирдик. Кутубхоначи Мақсуда Пирматова кутубхонада 832 жилд бадиий китоб борлигини очиқлади. Бу бир ўқувчига битта китоб тўғри келади, деган сўз. Президентимизнинг ташаббуслари билан раҳбарлар ўзлари ўқиган мактабларга бадиий китоблар совға қилиши таомилга айлантирди. Мактабнинг собиқ ўқувчиси, “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиали бошқарувчиси Акмалжон Пўлатов мактаб кутубхонасига 50 жилд китоб ҳадя этибди. Ки-тобларни кўздан кечирдик. Бари сара, мумтоз адабиётлар. Бу ерда ҳам бир нарса ошдан чиққан тошдек табиатимизни тирриқ қилди. Кутубхонадаги анчагина ёзувлар имловий хатолар билан битилган. Биз бу билан мактабнинг ҳурматли домлаларини саводи ҳамин қадар дейишдан йироқмиз. Лекин улардаги эътиборсизлик, лоқайдликдан ҳам кўз юма олмаймиз. Шу ўринда мактаб директорининг ихтисослиги филолог (она тили ва адабиёт) ўқитувчи эканлигини айтиб ўтмасак бўлмас.

15-умумий ўрта таълим мактабининг қуввати 360 нафар ўқувчига мўлжалланган. Айни пайтда таълим масканида 519 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Мактаб биносига кираверишдаги эшикнинг икки тарафига таълим муассасасининг номи лотин ёзувига асосланган ўзбек ҳамда крилл алифболарида давлат, шунинг-дек ажнабий (ўрис) тилларда пешлавҳалар илиб қўйилган.

—Мактабда ўрис синфлар ҳам борми?—дея директорга юзланамиз.

—Йўқ! — деб жавоб беради суҳбатдошимиз.

Унда ўрис тилида ёзилган битикда қандай мантиқ бўлиши мумкин. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганлари шудир-да. “Тавсиялар”да мактабнинг номи давлат тилида, таълим қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда тегишли тилда ёзилган пешлавҳа ўрнатилиши мумкинлиги ёзиб қўйилган.

Мактаб директори Ҳожиакбар Жўраев кўча кийимида юрганлигини кўриб, “сизларда ўқитувчилар учун форма жорий этилмаганми?”, деб сўрадик. “Жорий этилган, бемор эдим. Мактабдан бир хабар олай деб келган эдим”, деган гапни қилди. “Бемор бўлсангиз,  уйингизга бориб дам олинг”, деб жўнатиб юбордик. Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Файзиев етовида корпусларни айландик. Бу таълим масканида ҳам баннер ва стендларда имловий ҳамда пунктацион хатолар анчагина топилди.

Тумандаги 15-умумий ўрта таълим мактаби яқинда капитал таъмирдан чиқарилибди. Таълим муассасаси гўзал қиёфага кирибди. Дарвоза устидаги “Хуш келибсиз!” тавозели шиорнинг остида инглиз тилида шу шиорнинг таржимаси битилибди. Кейинги пайтларда мактабларга борганимизда бундай битикларга тез-тез кўзимиз тушаяпти. Таълим муассасаси директори Зуфар Джаббаровдан инглизча лутфни ёзиб қўйишни юқори идоралардан тавсия этганми, деб сўрадик. У киши болалар чет тилини ўргансин, деб шундай йўл тутилганини айтди. Бизлар анча берилувчан миллатмиз. Илгари бундай шиорлар ёнига ўрисча “Добро пожаловать” деб ёзиб қўярдик. Энди эса…

Мактабда китобхонликни, билимни тарғибот қилиш йўлида хайрли ишлар бошланибди. Шундоқ бинога кирган заҳотимиз кўзимиз йўлакнинг икки томонига ўрнатилган жавонлардаги бадиий китобларга тушди. Дарсга келган ўқувчи мактабга кирган ҳамоно ушбу китоблар билан юзлашади. Ички биноннинг “манглайи”га электрон табло ўрнатилибди. Унга Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ёшлар, билим олиш, китобхонлик ҳақидаги 25 та ҳикмати жойлаштирилибди. Пурҳикмат айтимлар ҳаракатланувчи сатрларда чархпалак мисоли айланиб туради. Табло компьютер ёрдамида бошқариларкан. Директорнинг шаҳодат беришича, қанотли ҳикматлар сони таблода янада кўпаярмиш. Бу қимматбаҳо матоҳни мактабга ҳомийлар совға қилишибди.

Залга бўйладик. Деворларга турли баннер ва стендлар илинган. Бахт-га қарши бу ерда ҳам талайгина имловий хатолар кўзга тушган чўп янглиғ ғашимизни келтирди. Бизнинг кинояли гапларимиздан директорнинг жаҳли чиққандай бўлди. “Бу матоҳларни тайёрлаш учун қанча пул кетганини биласизми?” дея аччиқланди. Биз ўз сўзимизда собит туриб, фикримизни ётиғи билан тушунтирдик. Хато ёзилган баннер ва стендларга отнинг калласидек маблағ кетган бўлса-да, зал ва фойеларга осиш маънавиятимизга зарба бўлажагини уқтирдик. Раҳбар шаштидан тушди. Хато ёзувли баннер ва стендлар аввал тайёрланган кўргазмали воситалардан қолганлигини, уларнинг барчаси тузатилишини айтди. Биз борган мактаблардаги барча раҳбарлар кўргазмали воситалардаги хатоларда баннерчиларни айбдор қилиб кўрсатишди. Тўғри, мана шу иш билан шуғулланадиган тадбиркорлар қўл остида ишлаётган ходимларнинг кўпи ҳарфхўр, ўрисча айтганда буквоед. Уларга тақдим этилган матнларни синчиклаб кўздан кечириш буюртмачиларнинг яъни олий маълумотли ўқитувчиларнинг иши саналади. Ўшанда  матнларда хато кетмайди. Бу ерда арпа унни баҳона қилиш билан иш ижобий якун топмайди.

Ҳа, ёронлар! Мактаб савод чиқарадиган маскан саналади. Саводхонада эса саводсизлик айб саналади.

             Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирларда: саҳв билан ёзилган баннер

ва шиорлардан намуналар.

Муаллиф олган суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish