ХАЛҚ ШОИРЛАРИНИ ЁД ЭТИБ…

9 май— Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Гулистон шаҳридаги 17- умумтаълим мактабида Ўзбекистон халқ шоирлари Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойбердиева ва Муҳаммад Юсуфнинг хотираларига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Тадбирни мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Коммуна Аҳмедова очиб, халқ шоирларининг ҳозирги замон ўзбек адабиётида тутган ўрни хусусида тўхталиб,  уларнинг хотираси  мухлисларнинг қалбларидан асло ўчмаслигини, ижодлари туфайли иккинчи умрлари ҳамон давом этаётганини таъкидлади. Бошловчилик қилган 10-синф ўқувчиси Ҳасан Акбаралиев ва 9-синф ўқувчиси Чарос Тўрақулова шоирлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маърузалар ўқишгач, дастурни  барчага таниш, қадрдон шеърлар асосида олиб боришди.

Вилоятимизда яшаб, ижод этаётган шоирлардан Мунаввар Пардаев ва Бахтиёр Ватан сўзга чиқиб, ҳамиша халқ эъзозида бўлган Т. Сулаймон, Ҳ. Худойбердиева ва М. Юсуфнинг юксак ижодкорлик маҳорати  хусусида сўз юритиб, мазкур таълим-тарбия масканида уларнинг хотирасига бағишланиб адабий-бадиий кеча ўтказилаётганидан мамнун эканликларини эътироф этишди ва ижодларидан назмий намуналар ўқиб бериб, мактаб кутубхонасига ўзларининг китобларини совға қилишди. Шундан сўнг 7-“А”синф ўқувчилари Рухшона Шукуржонова, Моҳинур Абдумажидова, 9-синф ўқувчилари Лазиза Мамарозиқова ва  Ҳилола Имомназаровалар дилга яқин шеърларни ёддан айтишди. Тадбир давомида хотиралари ёдланаётган шоирларнинг битиклари  асосида яратилган қўшиқлар янгради. 7-“Б” синф ўқувчиси Асқар Самадқулов ва 9-синф ўқувчиси Шоҳсанам Мустафоқулованинг дилрабо хонишлари жозибали рақсларга уланди.

Она тили ва адабиёт ўқитувчилари Коммуна Аҳмедова, Марғуба Маматова, Саломат Ҳалимова ва Замирахон Қўзибоевалар тайёрлаган адабий-бадиий кеча иштирокчиларнинг қалбларида адабиётга, китобхонликка бўлган ҳавасни яна бир бора орттиргани шубҳасиз.

                                                                                       Ҳ. АБДУВОҲИДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish