МАКТАБГА НУР КИРДИ

Профессор Қозоқбой Йўлдошев ўзи таҳсил олган мактабга 1000 жилд бадиий китоб совға қилди

Мамлакатимизда Президентимизнинг ташаббуслари билан “Мен ўқиган мактабимга китоб совға қиламан” акцияси кенг қулоч ёймоқда. Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ўзи таҳсил олган Боёвут туманидаги  4-умумий ўрта таълим мактабига 1000 жилд китоб туҳфа қилди. Адабиёт байрамига айланиб кетган тадбирда олимнинг “Сўз ёлқини” деб номланган янги китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Гулистон давлат университетининг доценти Умурзоқ Ўлжабоев, филология фанлари доктори, шоир Нодира Афоқова, шоир Абдунаби Бойқўзиев, “Дунё бўйлаб” телеканали муҳаррири, шоир Абдулла Вахшиворий Қозоқбой Йўлдошевнинг маънавиятимиз, маърифатимизга қўшган ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

— Бугун мактабимизга минг тутам нур кирди, — дейди мактаб директори Умрзоқ Шералиев. — Қозоқбой Йўлдошев аввал ҳам  кутубхонамизга китоблар совға қилган. Бу галги ташриф ўзгача бўлди. Кутубхонамиз кўплаб сара асарлар ҳисобига бойиди. Бундан ўқитувчиларимиз ҳам, ўқувчиларимиз ҳам бениҳоя хурсанд бўлдилар.

Учрашув қизғин мушоирага айланиб кетди. Ҳаёт Шодмон, Нодира Афоқова, Абдунаби Бойқўзиев, Абдулла Вахшиворийлар ўз ижод намунлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.

Тадбир сўнггида сўз олган Қозоқбой Йўлдошев ўзи ўқиган мактабга совға қилган китобларни шахсий кутубхонасидан махсус ажратганини айтди. Бу китоблар узоқ йиллар мобайнида тўпланган. Ҳозир ушбу нашрларни кундуз куни чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ўзбек адабиётига Сирдарё вилояти Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймон каби халқ шоирлари, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Ҳаёт Шодмон каби ижодкорларни етказиб берганлигидан фахр ҳисси туйишини сўзлади. Улар Сирдарёни ўз ижодларида тараннум этдилар ва этмоқдлар. Абдуқаюм Йўлдош Сирдарё ҳақида “Дарё” деган роман ёзди. Унинг “Пуанкаре” асари Европа мамлакатларида ҳам тан олинди.

Сўнгра олим мактаб кутубхонасига яқиндагина нашрдан чиққан “Сўз ёлқини” китобини совға қилди.

Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган қўшиқ ва рақслар учрашувга ажиб бир руҳ бағишлади.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish