ЯНГИ КИТОБ ДЎКОНИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат, спорт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишар экан, бешта йўналиш бўйича “Сирдарё намунаси” ҳақида ўз таклифларини билдирган эдилар. Ушбу йўналишлардан бири китобхонликни кенг тарғиб этиш концепцияси ҳақида маълумот берилди ва Гулистон шаҳрида “O‘qituvchi” бренди остида марказий китоб дўкони ташкил этиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш концепцияси ҳам тақдим этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан кўп ўтмай, ушбу ибратли ва хайрли ишга қўл урилди, яъни Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласида (Гулистон ахборот ва компьютер коллежи ёнида) намунали лойиҳа асосида қуриладиган зиё масканига тамал тоши қўйилди. Қисқа вақт ичида ушбу мазкур китоб дўкони қуриб битказилди.

Яқинда “O’qituvchi” китоб дўконининг очилишига бағишланган  маросим бўлиб ўтди. 

Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.

“Сирдарё  ташаббуси”нинг илк намунаси сифатида бунёд этилган ушбу китоб дўкони ва “BOOK kafe” шаҳримизга янада мазмун ва чирой бағишлади, – деди  вилоят ҳокими. –  Бу ерга келганлар кафеда бир пиёла қаҳфа ёки чой ичиш баробарида китоб дўконидан харид қилган янги адабиётлар ҳақида суҳбатлашадилар, баҳс-мунозара юритадилар. Ушбу манзил чин маънода маънавият ва маърифат маскани бўлиб қолишига ишонамиз.

– Муҳтарам Президентимиз тилга олган биринчи ташаббус – китобхонликни тарғиб этиш, аҳолини, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига жалб этиш эди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов. – Мана, ўша биз кутган лаҳзалар келди. Гулистон шаҳрида ажойиб китоб дўкони қад кўтарди ва дид билан жиҳозланди. Бу ерга 10 минг нусхадан кўп китоблар келтирилди. Дўконда барча ёшдаги китобхонлар учун мўлжалланган адабиётлар  мавжуд.  Китоб ҳаётингизга мазмун ва зиё бағишласин.

Шундан Ғ.Мирзаев ва К.Алламжонов китоб дўкони олдига тортилган рамзий тасмасини  қирқишди. Зиё маскани барчани ўз бағрига чорлади.

Х.ПАРДАБОЕВА

You may also like...

Fikr bildirish