ҚАРЗДОРМИСИЗ? ДЕМАК, ҚОНУННИ БУЗГАНСИЗ!

Электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувини истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этилишни таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Янгиер шаҳар бўлими томонидан барча ҳудудларда тадбирлар ташкил этилиб, аҳолига тўлов интизоми хусусида тўлиқ тушунчалар берилмоқда.

Шаҳарда 8 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан 5 тасида тўлов интизоми намунали ташкил этилмаган.

Жорий йилда дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланишни бартараф қилиш борасида таъсирчан ишлар олиб борилди. Бироқ амалий чораларга қарамасдан шаҳардаги “Обод юрт”, “Шодлик” ҳамда “Наврўзобод” маҳаллаларида ҳанузгача қарздорлик камаймаяпти.

Мажбурий ижро бюроси Янгиер шаҳар бўлими томонидан ана шу муаммолар ҳал этилиши, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ ундирилиши, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, қолаверса, суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш юзасидан “Бобур”, “Обод юрт”, “Шодлик” ҳамда “Наврўзобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида фаоллар иштирокида тадбир ташкил этилди. Унда ҳамкорлик асосида олиб борилиши лозим бўлган келгуси режалар белгилаб олинди. Шунингдек, қарздорликларни камайтириш чоралари ва омиллари таҳлил қилинди.

Фуқаро Э.Р.нинг электр таъминоти ва табиий газ истеъмолидан қарздорлиги бўлса-да, огоҳлантиришларга қарамасдан бугунги кунга қадар ўз мажбуриятини бажармади. Хонадон соҳиби ишчи гуруҳга турли хил важларни келтирди. Бироқ, қонун барчага баробар. Тартиб-тамойиллар асосида истеъмолчи тармоқдан узилди.

Янгиер шаҳар “Маърифат” маҳалласида истиқомат қилувчи Ф.Ж.нинг электр энергияси таъминотидан 1.112.500 сўм қарздорлиги мавжуд. Хонадон эгалари талабнома юборилишига қарамасдан шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли электр энергияси тармоғидан мажбурий тарзда маҳрум қилинди.

Электр ҳамда газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш ва истеъмол килинган табиий газ, электр таъминоти тўловларини бажармаслик каби ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик саналади. Шунинг учун ҳам фуқароларимиз қонун олдида жавоб берадилар.

             Абдулазиз ҲАКИМОВ,

Мажбурий ижро бюроси Янгиер шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари.

You may also like...

Fikr bildirish