“ЁҒОЧЛИ САРДОБА” САЙЁҲЛАРГА МАНЗУР БЎЛАДИГАН МАНЗИЛГА АЙЛАНИШИ КЕРАК!


Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда туризмни ривожлантириш масалаларида оқсоқлик борлигини танқид қилган эдилар. Буни Сардоба туманидаги “Ёғочли сардоба” тарихий обидасининг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ҳам аниқ далиллайди. Атрофи темир панжара билан тўсилган ёдгорлик дарвозаси оддий латта билан боғлаб қўйилган. Тарихий обиданинг теварак-атрофлари ободонлаштирилмаган. Бино қаровсиз ҳолатда бўлиб, турли хил чиқиндилар ташлаб қўйилган. Ёнида қурилиши бошланган иккита бино чала ҳолда ётибди.

Бу ўтмиш меросининг бунёдга келиши тарихи ҳақидаги илк маълумотни Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома” асаридан ҳам билиш мумкин. Унда ёзилишича, “Ёғочли сардоба” Бухоро хони Абдуллахон II нинг 1579-1583 йиллардаги Тошкентга юриши даврида 1580 йил 10 апрелдаги фармонига кўра, ушбу жойда барпо этилган ва сардоба ҳамда карвонсарой қурилган экан.

Иншоотнинг ғиштлари квадрат шаклда бўлиб, уларнинг ҳажмлари 25х25х5 сантиметрни ташкил этади. Гумбазнинг ички диаметри 15 метр, баландлиги 12 метрдан иборат. Сардобанинг ички қисмида ердан 2 метр баландликда ёпиқ, уясимон туйнуклар жойлашган. Сардоба деворининг қалинлиги пастки қисмида 1,5 метрни ташкил этса, юқорига кўтарилган сари юпқалашиб боради ва энг юқори қисмида унинг қалинлиги бир ғишт қалинлигига тўғри келади. Унга бир томон — шимол тарафдан кирилган. Қолган уч тарафида арк кўринишидаги туйнуклар бўлган. Кириш қисми арксимон бўлиб, ундан ғиштли зинопоялар орқали сардоба ичкарисига кирилган. Кириш қисмида ўзига хос йўлакча мавжуд. Йўлакчанинг тепасида хизматчилар ва қўриқчилар учун махсус хоналар бўлган. Унга ташқарида қурилган айланма зинопоялар орқали кўтарилган.

“Ёғочли сардоба” ёмғир ва қор сувлари билан тўлдирилган. Шу сабабли у сойликда жойлашган, ушбу ҳолат унга теварак-атрофдаги сувларни йиғиш имкониятини берган. Ён-атрофдаги сувлар ирмоқчалар ёрдамида сардобага қуйилган. Сардобага сувнинг кириши учун махсус ясси тарновлар ўрнатилган бўлиб, улар бир-бирлари билан ҳалқасимон тарнов орқали боғланган. Сувнинг айниб қолмаслиги учун унга учта махсус салқинлик берувчи туйнуклар ўрнатилган. Гумбазнинг юқори қисми ҳам шу мақсадда очиқ қолдирилган.

Мана шундай тарихий обиданинг ҳозирда қаровсиз эканлиги билан асло келишиб бўлмайди. Бу ерда бунёдкорлик ишлари қилиниб, обида атрофи ободонлаштирилса, турист ва сайёҳлар келадиган обод манзилга айланарди. Энг аввало, ёдгорлик атрофида сайёҳлар автомашинаси учун тўхташ майдончаси қуриш зарур. Мўъжазгина емакхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам жуда катта муаммо эмас. Шу ернинг брендига айланадиган сариёғ солинган иссиқ қозонпатирлар тайёрлаб сотиш, маҳаллий аҳоли томонидан пиширилган яхна гўшт, тандир кабоб каби миллий таомлар, ҳунармандлар томонидан ясалган турли хил пичоқлар, сопол идишлар, ҳайкалчалар, маҳаллий рассомларнинг асарлари сотуви йўлга қўйилса, бу ерга келаётган сайёҳлар учун катта қулайликлар яратилган бўларди.

“Ёғочли сардоба” гумбази Тошкент-Самарқанд-Бухоро шаҳарларини боғловчи автомагистраль йўл ёқасида жойлашган. Бу ўзига хос ёдгорлик автомагистраль йўлдан ўтувчи ажнабий сайёҳларни ҳам қизиқтириши табиий. Шу сабабли ушбу ёдгорлик туристик маршрутга киритилса, сайёҳларда Мирзачўлнинг “Буюк ипак йўли” да тутган алоҳида ўрни тўғрисидаги тушунча ва қарашлари янада бойиган бўларди.

Зеро, Римдан чиққан ва Хитой сари отланган ҳар қандай карвон қадим Бухоро ва Самарқанддан кейин, албатта Сирдарё заминидан ўтганининг ўзи бу тарихий гумбазнинг роли тарихда нечоғлик катта роль ўйнаганини англаш қийин эмас.

  Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish