ТАШМАЧИЛАР ТАВБАСИГА ТАЯНМАСА…

Давлатимиз мустақиллик эришгандан кейин мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имкониятлар яратилди. Эзгу мақсадни кўзлаган ишбилармон ҳамюртларимиз қонун асосида оқилона фаолият кўрсатиб, нафақат оилалари бюджетини, балки давлат бюджетини ҳам бойитиб, ўзларининг турмушлари фаровонлигини таъминлашяпти. Бироқ, айрим кишилар борки, беллари оғримай нон ейишни кўнгиллари тусаб қолишади.

Бугунги кунда чегара божхона постлари атрофида яшовчи айрим фуқаролар томонидан тирикчилик манбаи сифатида шаклланган мазкур гурухлар  фаолияти  тез-тез кузатилмоқда. Ҳаракатлари ноқонуний эканлигини билишса-да, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, мўмай даромад кўриш мақсадида жисмоний шахслар учун давлат чегарасидан олиб ўтилиши белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмасдан, қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг товарларини олиб ўтиб, қўлга тушганларида  аввало  “мол”ларидан  айриладилар, қолаверса, юзлари шувут бўлади. Ҳалол меҳнат билан маблағ топиб, рўзғорни тебратган одамгина  уйида ҳам, кўнглида ҳам ҳаловат топади.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан омма ўртасидақанчалик профилактик ва тушунтириш ишлари олиб борилмасин, тўғри ўғитни тушунмаётганлар чегарада ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли кўпгина холларда бошларини эгиб, ер чизибгина қолмай, “ўлжа”ларидан айрилиб қолиш аламини ҳам татиб кўришяпти.

Ташмачилар ҳанузгача тегишли хулоса чиқармаганлари боис божхона постларида  ҳамон  мазкур йўналишдаги  қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  ПҚ-3512-сон  қарори  ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сон ва 16 октябрдаги қарорлари асосида Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари ва уларга ўзгартиришлар киритилган бўлишига қарамасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 2018 йил давомида ўтказилган тадбирлар давомида жами 121 та божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарлардан умумий қиймати 1 миллиард 533,7 миллион сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 136 та ҳолатда 364,6 миллион сўмлик товарлар  ушлаб қолинди.

Ушбу иллатни йўқ қилиш учун  нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари балки кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб харакат қиладиган бўлса, чегараларда ғараз ниятли, нопок қадамли инсонлар ўтишига йўл қўйилмайди, уларнинг ҳаракатларига қарши кескин кураш янада кучайтирилаверади.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

You may also like...

Fikr bildirish