БИР ГУРУҲ ФАЗОГИРЛАР КОСМОНАВТИКА КУНИНИ ЎЗБЕКИСТОНДА НИШОНЛАМОҚДА

Бугун эрталаб Россия Давлат Думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия Қаҳрамонлар Ассоциацияси президенти, Россия Қаҳрамони,  генерал Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия делегацияси Сирдарёда бўлди, деб хабар бермоқда “Халқ сўзи онлайн”.

Делегация таркибида  бир неча космонавт-учувчилар, хусусан, ватандошимиз, афсонавий фазогир Владимир Джанибеков, ўзбек ўғлони Солижон Шарипов ҳам бор.

Россиялик меҳмонлар Сирдарё вилояти остонасидаги “Чеҳра” ресторан –мажмуасида кутиб олинди. Нон-туз таомилидан сўнг улар ўз қўллари билан сумалак  қозони қопқоғини очишди ва муъжизавий баҳор таомидан татиб кўришди.Шу ерда фолкьлор ансамбллари чиқишлари, ўзбек ошхонаси неъматлари ва бошқа миллий руҳдаги кўргазмалар намойиш этилди.

Ўз навбатида генерал Шаманов болалар бадиий ҳаваскорлик ансамбли иштирокчиларини Россия шоколадлари билан сийлади.

Тантанада йиллар давомида унутилмай келинаётган ҳарбий ва дўстлик мавзуидаги қўшиқлар ижро этилди.

Россия Қаҳрамони Владимир Шаманов Сирдарё ва унга туташ Чиноз ерларида кўп бора бўлганлигини, бу жойлар унга ёшлигидан қадрдон гўша эканлигини айтди. “Халқ сўзи” мухбирига делегациянинг яна бир аъзоси, Россия Қаҳрамони Андрей Морозов ҳам ҳаётининг бир қисми Ўзбекистонда кечканини, яъни Чирчиқда таълим олганлигини билдирди.

Табдирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маълумот учун, Россия делегацияси айни дамда Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида бўлиб турибди. Меҳмонлар туман марказидаги дунёнинг биринчи космонавти Юрий Гагарин ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

You may also like...

Fikr bildirish