ШОЛ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ

Кўпчиликка маълум, ўтган асрнинг 80-90-йилларида республикада, айниқса, ёш болалар орасида шол — полиомиелит касаллиги кўплаб қайд этилиб, болаларни умрбод мажруҳликка олиб келар эди.

Эътироф этиш жоизки, республикамизда ўткир шол касаллигига қарши ўтказилган тадбирлар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан юқори баҳоланиб, 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси тараққий этган давлатлар қаторида ЖССТ-нинг “Ёввойи полио вирусидан халос бўлган давлат” сертификатига сазовор бўлди. Лекин кейинги пайтларда республикамизга қўшни бўлган қатор давлатларда шол касаллиги бўйича вазият бирмунча мураккаблашди ва бу касалликнинг бизнинг республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфи ортди.

Унутмаслик керак, полиомиелит ўткир шол касаллиги бўлиб, уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар келтириб чиқаради. Касаллик одам асаб (нерв) тизими, айниқса, орқа миянинг сариқ пўстлоғини зарарлаш, бурун-ютқум ва ичак шиллиқ пардасининг ўзгариши билан ҳаракатланади. Полиомиелитни қўзғатувчи вирус энтеровируслар оиласига киради, унинг учта (I, II, III) тури мавжуд. Кўпроқ биринчи тури учрайди. У ташқи муҳитга чидамли бўлиб, сувда 100 кунгача, нажасда 6 ойгача сақланиши мумкин. Шунингдек, вирус музлатиш ва қуритишни яхши ўтказади. Вирус дезинфекцияловчи моддалар, қуёшнинг ультрабинафша нури таъсирида ва қайнатилганда нобуд бўлади. Ошқозон шираси ва антибиотиклар таъсирида парчаланмайди.

Касалликнинг ягона манбаи хасталикнинг енгил ёки типик бўлмаган шакли билан оғриган бемор ҳисобланади. Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Беморларнинг 60-80 фоизини 4 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Касаллик оғиз орқали ифлос қўл, ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший мулоқот, мева ва сабзавотлар, шунингдек, ҳаво томчилари орқали ҳам юқади. Асаб тизимининг қайси қисми зарарланишига қараб паралитик ўткир шолнинг бир неча шакллари фарқланади.

Полиомиелит касаллигининг олдини олишда энг яхши чора касалликка қарши эмлашдир. Бу мақсадда 2 валентли ОПВ вакцинасидан фойдаланилади. Республика миллий эмлаш тақвимига асосан полиомиелитга қарши эмлаш чақалоқ 2, 3, 4 ва 16 ойлигида ҳамда 7 ёшида поликлиникада ўтказилади.

Ғ.ОЧИЛОВ, вилоят ДСЭНМ иммунопрофилактика бўлими мудири.

You may also like...

Fikr bildirish