ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ

вилоятимизда тўгараклар ишини жонлантиришга алоҳида эътибор берилади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифлари чоғида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эдилар. Бугунги кунда мазкур ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича мутасадди ташкилотлар томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг бевосита раҳбарлигида 8 апрель куни вилоятимизнинг Сирдарё, Мирзаобод туманлари, Гулистон ва Янгиер шаҳарларида “Иқтидорли ва истеъдодли ўқувчи-ёшлар фестиваллари” бўлиб ўтди.

Унда мактаблар, туман-шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказлари, Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошидаги тўгараклар ва синфларда шуғулланаётган ўғил-қизларнинг ижодий ишлари намойиш қилинди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда ўтган иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар фестивали ёшларнинг яширин қобилиятларини юзага чиқаришда катта туртки бўлишига шак-шубҳа қилмаймиз. Бироқ мактаблар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ташкил этилган тўгараклар тўлақонли фаолият юритиши учун моддий-техник база, тажрибали кадрлар сув билан ҳаводек зарур. Афсус-надоматлар бўлсинки, мазкур йўналишларда ҳали камчиликлар талайгина. Қолаверса, ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни самарали ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўлида Маданият ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси каби ҳамкор ташкилотларнинг бирдамлиги муҳим роль ўйнайди. Ёшларимиз иқтидорли, уларни юзага чиқариш эса, биз, катталарга чамбарчаст боғлиқ. Бу муҳим ишни пайсалга солиб бўлмайди. Президентимиз, халқимиз, замон биздан шуни талаб қилмоқда. Зеро, мамлакатимизнинг келажаги бугун мактаб, лицей, коллеж, университет парталарида ўтирган ёшларга боғлиқлиги исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир.

You may also like...

Fikr bildirish