ЕТТИ ИҚЛИМ ҲУКМДОРИ

Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти юзлаб китобларга мавзу бўлишга арзигай. Мағрибу Машриқда алломаи замон ҳақида жуда кўп илмий ва бадиий асарлар ёзилган ва ёзилмоқда. Адиб Тўлқин Ҳайит Соҳибқирон ҳақида ёзилган кўплаб китобларни назардан ўтказиб, “Амир Темур хазинаси” деб номланган оммабоп китоб ёзди. Бу асарнинг ўзига хос жиҳати ҳамма тушунадиган тилда битилганлиги, боз устига, Соҳибқирон бобомизнинг ҳаётидаги энг муҳим қирраларни китобхон кўз олдига бамисоли заррабинда акс этгандек ёрқин тасвирлашида кўзга ташланади. Биз мутолаа асно қизиқарли ҳамда янгилик бўладиган айрим парчаларни ажратиб олиб, газетхонларимизга ҳавола этишни лозим топдик.

ТУҒИЛГАН КУНДА ТАХТГА ЎТИРДИ

1379 йил, баҳор фасли.

Амир Темур ҳаётида ғаройиб ҳодисалар жуда кўп учрайди.

Юртнинг барча беклари, нуфузли кишилари, халқ Балх шаҳрида тўпланиб, қурултойга тайёргарлик кўрди. Ўша йилнинг 9 апрель куни халқ Амир Темурни Турон ҳукмдори деб эълон қилди.

Гап шундаки, 1336 йил 9 апрелда Темурбек дунёга келган бўлиб, ҳижрий 771 йилнинг 12 рамазонида, 1370 йил 9 апрелда 34 ёшга тўлган кунида тахтга ўтирди.

ПАРИЖ МИЛЛИЙ МУЗЕЙИДАГИ ҚЎЛЁЗМАДАН

“Темурбек форс, араб тилларини яхши билади. Қуръон илми ва ислом ҳуқуқида шу қадар кучли олимки, ҳеч бир донишманд у билан мунозара қилишга қодир эмас.

 У олим ва шоирларга катта ҳурмат билан қарайди. Бунинг сабаби, унинг ўзи олим ва донишманддир”.

ОҚСАРОЙ ДЕВОРИДАГИЁ ЗУВ АСЛИДА ҚАНДАЙ?

Кўпчилик Оқсарой деворида ёзилган машҳур битикни нотўғри талқин этмоқда.

Яъни “Қудратимизга шуб-ҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг”, деб ёзаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Аслида қандай? “Мин шакка фи вилоятино ва кароматино фанзур ило иморатино”, яъни: “Агар қудратимиз ва кароматимизга шубҳа қилсанг, шак келтирсанг, биз тиклаган иморатга боққил”.

175 ҲАШАРОТДАН 1 ГРАММ БЎЁҚ

Ўша пайтларда қирмизи бўёққа катта эътибор берилган.

Бўёқ таркибига иссиқ сув, сирка кислотаси ҳамда қанотсиз қирмизи ҳашаротдан олинган маҳсулот қўшилган.

175 та қирмизи ҳашаротдан атиги бир грамм бўёқ олинганини назарда тутсак, бу иш ўта мураккаб эканини англаш мумкин.

МАДҲИЯ

Э.Азимов ва Ф.Ашрафхўжаевларнинг маълумотларига кўра, Амир Темур даврида мадҳия мавжуд бўлиб, “Аллоҳ ёр” деб номланган. Ҳар ишда Аллоҳ ёр бўлсин, Тангри мададкор бўлсин, деган маънони билдиради.

Бу жангчиларнинг руҳи ва кайфиятини кўтаришга хизмат қилган.

АЙЛАНАДИГАН СОЯБОН

Амир Темурнинг қуёш ҳаракатига қараб айланадиган соябони бўлган экан. Худди кунгабоқарга ўхшаб, пешингача Шарққа, ундан сўнг Ғарбга оғар экан.

Яна Клавихо жанобларининг китоби дилимнинг қорон-ғи тубларини ёритади:

“…чодир эшиги олдида ранг-баранг шоҳидан тикилган соябон қуёш ҳаракатига қараб айланиб, чодир эшиги олдини ҳамиша соя қилиб туради”.

Муаллифдан: мутахассисларнинг Амир Темур чодири ёнидаги соябонлар қай йўсинда ясалган ва қандай қилиб ўша давр ҳунармандлари уларни қуёш ҳаракатига қараб айлантирадиган қурилма ихтиро қилганлар? — деган савол устида ўйлаб кўришларини жуда истар эдим.

Бундан англаш мумкинки, Амир Темур фақат жангу жадаллар ҳақида эмас, илм-фан, бунёдкорлик, боғдорчилик соҳаларига ҳам катта эътибор берган.

АМИР ТЕМУРГА ЁҚҚАН АСАР

Амир Темур сарой тарихчилари томонидан ёзилган кундаликлар, тарихий асарларни доимо кузатиб борган.

Аммо ҳамма ижодкорларнинг асарларини холис, ҳаққоний дейиш қийин эди. Ғиёсиддиннинг 1399 йилда ёзиб тугатган “Рўзномаи ғазавоти Ҳиндистон” асари шулар жумласидан. Бу асар Амир Темурга ёқмаган. Асар ҳаммага тушунарли, ортиқча оҳанжамасиз ёзилиши, воқеалар айнан акс эттирилиши керак эди.

Соҳибқирон ўша йили табризлик олим Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақиради. Қисқа суҳбатдан сўнг улуғ Амир олимни ёқтириб қолади ва ёзилажак асар ҳақидаги талабларини жиддий тушунтиради.

Низомиддин Шомий асарни 1402 йилда ёзишга киришиб, уни 1404 йилда тугатди. Асарга “Зафарнома” деган ном берилди.

Худди шу пайтда Амир Темур етти йиллик урушдан қайтиб келиб, Қорабоғда (Озарбайжон) дам олаётган, Самарқандга қайтишга тайёргарлик кўраётган эди. У асарни ўқиб чиқади ва “Зафарнома” маъқул бўлганини айтади. Дарҳақиқат, Низомиддин Шомий “Зафарнома”ни ортиқча мақтовларсиз содда, тушунарли тилда битганки, ўша замонда кечган воқеаларни аниқ ҳис этасиз.

СОҲИБҚИРОННИНГ КАСАЛИ НИМА ЭДИ?

1996 йилда Ўзбекистон телевидениесининг 1-канали орқали намойиш этилган “Етти иқлим ҳукмдори” кўрсатувида иштирок этган таниқли тарихчи олимлардан бири: “Амир Темур ўз ажали билан вафот этмаган”, деди. Ҳамкасблари эътироз билдиришди, лекин негадир шубҳа бор: ул зот ўз ажали билан вафот этдими ёки бирор воқеа рўй берганми?

Амир Темур бир гал ўлпон даъвоси билан келган Хитой элчиларига пастроқдан жой кўрсатган эди, ҳатто уларнинг талабларига қўл силкиб: “Овора бўлманглар, бу гал ўлпонни ўзимиз олиб борамиз!” дегани ҳам бор ҳақиқат. Хитой элчилари ҳам бўш келмай: “Сен Чингача етиб боролмайсан!” дейишганини тарихчилар очиқ ёзишган.

Амир Темурнинг танасида касаллик 1405 йилнинг 11 февралида бошланади. Али Яздий ёзадики: “… шабъон ойининг ўнида, чаҳоршанба куни ҳазратнинг мизожи ўзга бўлиб, иситти. Ва ҳазрат Соҳибқирон барча гуноҳидан тавба қилди. Аммо замон-замон марази ортар эди”.

Эл аро машҳур бўлган табиб Мавлоно Фазуллоҳ Табризий қанча муолажа қилмасин, қанча билими ва тажрибасини ишга солмасин, бир касаллик тузалиши билан иккинчиси чиқиб келаверди, аммо Амир Соҳибқироннинг ақлу ҳуши жойида эди. Хўш, Амир Соҳибқиронга қандай касаллик илашган эди?! Агар менингит бўлса, хотираси, ақлига путур етарди.

“Кеча бўлғонда, намозшом ва хуфтон аросида тавҳид калимасини неча қатла айтиб, жонини тобшурди”. Бу воқеа чоршанба куни, шабъон ойининг ўн еттисида, тарих саккиз юз еттида, мелодий 1405 йилнинг 18 февралида содир бўлди.

Мулоҳаза қилиб кўринг: ақл жойида бўлсаю, танада бир касаллик иккинчисини қувиб келиб, ўзини кўрсатса, бу нима бўлиши мумкин? Касаллик хуруж қилганда, одам боласи тилдан қолиб, ўзини билмаслиги мумкин! Оламда тенги йўқ хос табиблар ҳам касалликни аниқлай олишмаган. Хитой элчилари башорат қилишганидек, Амир Соҳиб-қирон ҳақиқатан ҳам Чинга етиб бормади, Ўтрор унинг сўнгги нафас олган шаҳри бўлди.

Тахминимизча, буюк ҳукмдорга аста-секин таъсир кўрсатувчи заҳар берган бўлишлари мумкин. Хўш, бу суиқасдни ким уюштирган? Бу тўғрида на Низомиддин Шомий, на Али Яздийда бирор гап йўқ, аммо айнан валиаҳдларнинг бирин-кетин оламдан ўтишгани, барибир, киши юрагига шубҳа-гумонларни солиб туради.

М.АҲМЕДОВ тайёрлади.

You may also like...

Fikr bildirish