ҚАРОР МАЗМУН-МОҲИЯТИ АҲОЛИГА ЕТКАЗИЛДИ

Гулистон шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги ПҚ–4030-сон “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан семинар бўлиб ўтди. Унда тегишли ташкилотлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар. 

Семинарда сўз мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш,  хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу йўл билан аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида сўз борди. Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирар экан, уни қабул қилиш сабаблари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучаяётганлиги, шу жумладан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишнинг давом этаётганлиги билан боғлиқ бўлган криминоген вазиятнинг ёмонлашгани, бунинг асосий сабаби миқдор ва сифат жиҳатидан саноат усулида қазиб олиш объекти ҳисобланмайдиган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан қонуний шуғулланиш имкониятининг мавжуд эмаслигидир, -деди маърузачи ўз сўзида.

Маълумки, амалдаги қонунчиликда, ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан шуғулланишга рухсат этилмайди. 

Бироқ йўқ ердан даромад топиш мумкин бўлган жойда қонун бузилмаслигига ким кафолат беради? Шу ўринда Президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги ПҚ–4030-сон “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш назарда тутилганлиги, унга кўра, 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилиши белгилаб қўйилганлиги ҳақида гапириб берди. .

Айни шу фаолиятни тартибга солишга қаратилган жорий йилнинг март ойида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, эндиликда ҳар йили 1 февралгача Вазирлар Маҳкамаси қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун бериладиган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди.

– Ушбу қарор мени жуда қизиқтириб қўйди. Айниқса, пропискадан қаъий назар “E-IJRO AUKSION”даги орқали 3 йил муддатга участка сотиб олиш, қазилма бойликларни носаноат услубида қазиб олишни ҳамда  қазиб олинган қимматбаҳо металларни “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКга, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда реализация қилиш имкониятлари мен каби тадбиркорларга катта имконият яратади, – дейди тадбиркор Сайёра Асатуллаева. 

Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.

Зебо Ҳайдарова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи

You may also like...

Fikr bildirish