ТАЛАБА ҚИЗЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАР

Вилоят адлия бошқармаси, Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда шаҳар “Оила”маркази  ҳамкорликда Гулистон Давлат университетида таҳсил олаётган талаба қизлар ётоғида бўлишиб, уларга яратилган шароитлар билан танишди.

Айтиш жоизки, Гулистон Давлат университетида 2 минг нафардан ошиқ талаба таҳсил олади, университет ётоқхонасида 576 нафар вилоятнинг турли ҳудудларидан ҳамда республиканинг турли вилоятларидан келиб ўқиётган қизлар яшайди. Ётоқхонанинг ҳар тўртала қаватида жойлашган фойеларда ўтказилган учрашув дилдан суҳбат тарзида ўтказилди. Қизларнинг орзу-мақсадлари, улар дуч келаётган муаммолар мавжуд-мавжуд эмаслиги ҳақида суҳбатлашилди.

Қувонарлиси, қизларнинг интилувчан, билимга чанқоқ эканлигида. Бири келажакда депутат бўлиш учун нима қилишим керак деса, иккинчиси хотин-қизларга, элга нафим кўпроқ тегиши учун нималарга эътибор беришим керак, деб сўрашди. Вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи З.Ҳайдарова қизларнинг ҳуқуқий мавзудаги саволларига жавоб берар экан, уларга Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” каналига уланиб олишларини маслаҳат берди.

–  Ҳуқуқини ва бурчини билган, қонунларни ҳурмат қилган интилувчан нафақат қизлар, балки барча ёшлар келажагимизнинг ҳақиқий  эгаларидир, – деди маърузачи ўз сўзида. – Бугунги давлатимизнинг ички сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳам жамиятимиз фуқароларини оиладан, боғча ёшидан қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан, фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришдан иборат.

Сўзга чиққан Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева қизлар билан оила, миллий урф-анъаналаримиз, қизлиқ ва келинлик таомиллари ҳақида суҳбатлашди. 

-Келажагингиз порлоқ бўлиши ҳозирги босаётган қадамингизга боғлиқ, ҳозир сизнинг мақсадингиз – ўқиб, билим олиш, сўнгра турмушга чиқиб, бахтли оила бекаси бўлиши лозим, – деди Н.Тожибоева.

Қизлар номидан сўзга чиққан ётоқхона тарбиячиси Дилором Холматова маърузачиларга миннатдорчилик билдирди.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими

You may also like...

Fikr bildirish