“Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам”

Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи” марказий майдонида бўлиб ўтган акция – тўғрироғи,  китоб байрами ана шундай деб номланди. Шуни эътироф этиш керакки,  ушбу майдон байрамлар, тантаналар, маънавий-маърифий тадбирлар марказига айланиб қолди, десак тўғри бўлади. Шу куни эрталабдан майдон яна гавжум бўлди.

Осмонларда юрганлар,

Олтин сарой қурганлар,

“Не берай?” – деб турганлар,

Болага китоб беринг!

Бола оққуш, оқ каптар,

Дунёлардан бехабар,

Ёвузлик топмай хабар,

Болага китоб беринг!

Майдон узра таниқли  шоира Зулфия Мўминованинг “Болага китоб беринг!” деб номланган ушбу шеъри сўнгра шу матн асосида  яратилган қўшиқ янграрди. Мазкур кенг қамровли маънавий –маърифий  маросимнинг мазмун ва моҳиятини, аҳамиятини ташриф буюрган  кишилар – вилоятимиздаги юздан зиёд ташкилот, муассаса, бирлашма ва корхоналарнинг раҳбарлари, масъул ходимлар чин қалбдан ҳис этиб турарди. Ҳар бирининг олдида тахлам-тахлам китоблар бор. Бу китоблар бугун турли манзилларга, яъни  раҳбарларнинг ўзлари ўқиган мактабларига элтиб берилади. Аниқроғи,  вилоятимизда “Ўзим ўқиган мактабимга китоб туҳфам”  акцияси шу  бугун, шу қутлуғ  кадамжодан – майдондан бошланиб, турли ҳудудлар, чекка-чекка қишлоқларгача етиб боради. Аслида бундай хайрли тадбирлар бундан бир ойдан кўпроқ вақт олдин, Муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифидан  бир неча кун кейиноқ бошланган эди. Давлатимиз раҳбари ўз ташрифлари  чоғида  Сирдарё ташаббуси – Сирдарё намунаси ҳақида гапирган эдилар.  Ана шу ташаббусдан бири болаларни китоб мутолаасига  қизиқтириш,  уларнинг қўлларига кўпроқ  китоб бериш, кутубхоналарни  адабиётлар билан тўлдириш саналади. Айни кунларда  вилоятимизда бу борада  ибратли ва хайрли  юмушлар амалга оширилмоқда ҳамда бу ташаббус  эндиликда юртимиз бўйлаб кенг  қулоч  ёзмоқда.

Давра айланиб, ўз туҳфаларини манзилларга элтишга ҳозирлик  кўраётган ҳамшахарларимиз билан мулоқот  қиламиз.

-Бугунги тадбир барчани ҳаяжонга солмоқда, чунки бугун биз ўзимиз ўқиган  қадрдон билим масканларига борамиз,  устозлар,  ўқувчилар, тўғрироғи, болалигимиз билан учрашамиз , –  дейди “Сирдарё бозор савдо” уюшмаси раиси Отабек Мусаев. – Иш,  турли ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, ўзимиз таълим-тарбия олган мактабларга боришга фурсат тополмас эдик. Муҳтарам Юртбошимиз, вилоятимиз ҳокими бу ибратли ишни қилишимизни ёдимизга солишди,  яна ҳам аниқроғи, бизни ҳушёр торттиришди. Мана, бугун  атоқли адибларимиз қаламига тегишли 50 дан зиёд китобларни, сайланмаларни Сардоба туманидаги 2- умумий  таълим мактабига туҳфа  қиламан.

Вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши  раиси Рустам Турдимуродов, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Фарҳод Боқиев, вилоят карантин испекцияси раҳбари Абдусамад Қўлдошев, шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа  жамоалар раҳбарлари ҳам ўзлари тайёрлаган совғалар ҳақида  сўзлашди.

Эндиликда  бирор кишидан, “ фарзандингизга, умуман, ёшларга энг яхши совға нима деб сўрасангиз”, албатта,  у “китоб энг яхши туҳфа” дея жавоб беришмоқда  ва албатта, бунга ўзлари ҳам амал  қилишмоқда. Маош олган ота  рўзғорига керакли нарсалар билан бирга  болаларига китоблар харид  қилишга  одатланмоқда. Демак, китоб ўқиш кундалик зарур машғулотга айланиб бораётганлигидан  фақат хурсанд бўлишимиз керак. Шу билан бирга майдонда китоблар  кўргазмаси ҳам ташкил этилган эди. Тадбирга тўпланганлар учун кўргазмага  қўйилган китоблар билан танишишга имкон яратилди.

-Вилоятимизда Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаган Сирдарё намунасининг 5 та  йўналиши бўйича кенг қамровдаги ишлар олиб борилмоқда, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев.  – Яна бир қувончли томони,  ушбу ташаббус бошқа  вилоятларда ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Яқиндагина бўлиб ўтган селектор  йиғилишда Юртбошимиз ҳар бир раҳбар ўзи алифбони ўрганган, таълим олган мактабига китоб туҳфа  қилсин, деган фикрларни билдирган эди. Мана, бугун  мазкур ташаббуснинг ижросини  кўраяпмиз.  Ҳали бу бошланиши. Энди ташаббус кенг қулоч  ёяди, чекка –чекка қишлоғу маҳаллаларга  ҳам етиб боради, ёшларимиз китоблар билан янада кўпроқ ошно бўладилар. Уларга кўплаб китоблар туҳфа  қилинади.  Мана, бугун давлатимиз раҳбари томонидан юборилган  совға – 1000 та китобни қабул  қилдик.  Ушбу  туҳфа Сайхунобод туманидаги  тадбиркор томонидан  янги очилган кутубхонага етказилади. Орамизда бутун умрини элга, болаларга зиё улашишга бахшида этган фидойи инсонлар бор. Сайхунобод  қишлоқ хўжалик касб ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари Ҳайитгул  Айнақулова 40 йилдан бери кутубхоначилик қилади. Ҳайитгул опага ҳам совғаларимиз бор. 

– Бугун Сирдарёда шундай катта тадбирга гувоҳ бўлиб турганлигимдан беҳад хурсандман, – деди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори  Комил  Алламжонов. –  Сайхунободда бугун очилажак янги кутубхонага совғалар билан  келганмиз. Фидойи кутубхоначи опамизга раҳмат. Зиё тарқатишда сира  чарчаманг.

Шундан сўнг К.Алламжонов  вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевга ва сайхунободлик кутубхоначи Ҳайитгул Айнақуловага “Ўзбегим” деб номланган  ноёб китоб нусхаларини топширди. Шунингдек,  Сайхунобод қишлоқ хўжалик касб хунар коллежига 200 нусха турли адабиётларни ҳам туҳфа  қилди.

Вилоят ҳокими меҳмонлар билан бирга даврани айланиб, акцияда иштирок этаётган  жамоалар раҳбарлари билан суҳбатлашишди, совғаларни кўздан  кечиришди. Тадбир ниҳоясида  тантана иштирокчилари  ўз туҳфалари билан тегишли манзилларга йўл олишди. Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан совға қилинган  1000 та китоблар юкланган “Дамас” автомашинаси Сайхунобод туманидаги “Гулистон”  СИУ ҳудудида янги ташкил этилган  кутубхонага жўнаб кетди.

Бухорий – сарварим у,

Термизий – анварим у,

Маҳмуд Замахшарий у,

Болага китоб беринг!

Кескир қилич бўлсин у,

Китобга ўч бўлсин у,

Енгилмас куч бўлсин у,

Болага китоб беринг!

Ҳа, фарзандларимизнинг қўлига китоб берайлик, токи улар билимдон бўлиб,  ўз тарихини, аждодларини билсинлар, дунёни танисинлар. Зеро,  академик шоир Ғафур Ғулом айтганидек,  китоб бўлмаса, китобдан ёғилиб турган зиё бўлмаса, инсон тараққиётининг ҳозирги ёруғ чўққисига етмас эди.

Холида ПАРДАБОЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish