МУШТУМЗЎРЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Истеъмолчи сифатида ҳар биримизнинг ўз мажбурият ва бурчимиз бор. Аммо орамизда шундай кишилар ҳам борки, тўлов у ёқда турсин, ҳатто электр энергияси, табиий газ, сув истеъмолидан ноқонуний тарзда фойдаланаётгани етмаётгандек, бюро ходимларининг қонуний талабларига бўйсуниш ўрнига муштумзўр-лик қилишга ҳам уринмоқдалар. 2018 йил мобайнида қарздорликларни бартараф этиш, тармоққа ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаб, ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштириш давомида фуқароларимиз томонидан 8 марта қаршилик кўрсатиш ҳолатлари аниқланди. Мажбурий ижро бюроси органлари ходимларининг 8 нафари турли даражада жароҳат олди.

Мажбурий ижро бюроси Гулистон шаҳар бўлими инспектори А.Бўронов фуқаро Ф.Отақулов — исм ва фамилиялар ўзгартирилган — хонадонида бўлиб, электр энергиясидан қарздорлигини айтади ва электр энергияси истеъмолидаги қарздорлик юзасидан далолатнома тузгач, электр тармоғидан узишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда фуқарога тушунтириш берилишига қарамай орадан гап қочиб, уй соҳибининг жазаваси қўзийди. Инспекторни аввал ҳақоратлайди, сўнгра тан жароҳати етказади.

МИБ Боёвут тумани бўлими ходимлари томонидан фуқаро Ў.Раимовга хонадонининг электр энергиясидан 369250 сўм қарздорлиги бўлганлиги сабабли уни беш кун давомида бартараф қилиш ҳақида талабнома берилган ва Ў.Раимов белгиланган муддатда қарздорликни бартараф этмаганлиги учун тармоқдан узилган вақтда хонадон эгаси Ў.Раимов маст ҳолатда қаршилик кўрсатиб, давлат инспектори Б.Ҳакимовни уради. Шу вақтда тезкор шўъба криминалисти А.Тўраев уларни ажратмоқчи бўлганида уни ҳам ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказади. Мазкур ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказилиб, Ф.Отақулов ва Ў.Раимовга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бюро ходимларига қарздорлик миқдорини камайтириб бериш эвазига пора таклиф қилиш ҳолатлари юзасидан ҳам 2 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахслар ҳам суд томонидан қонуний жазога тортилди.

Хизмат вазифасини бажараётган ходимга нисбатан қаршилик кўрсатиб, истеъмолчи сифатида қонун талабларини бузаётган баъзи кимсалар ушбу салбий ҳолатлардан тўғри хулоса чиқаришлари зарур. Зеро, қонунларимизни ҳурмат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Қобилбек ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Бош инспектори.

Муродбек ЯКУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси катта инспектори.

You may also like...

Fikr bildirish