ИККИ ДАРЁ ТУТАШГАНДА

Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари журналистлари  ижодий ҳамкорлик ҳақида битим имзолашди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг ташаббуси билан сирдарёлик бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари Наврўз айёми кунлари Соҳибқирон бобомиз Амир Темур юрти Шаҳрисабзга саёҳат уюштиришди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3514-сонли қарори қалам аҳлини ҳам озод ва обод юртимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишга чорлади.

Яшил шаҳар – Шаҳрисабзда сирдарёлик журналистларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раиси Галовиддин Йўлдошев, уюшма вилоят бўлими нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Шавкат Султонов, “Кеш” газетаси бош муҳаррири Собиржон Примовлар тантанали равишда кутиб олишди. Ўзбекона удум нон-туз маросими амалга оширилди.

Сўнгра сирдарёлик ижодкорлар шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойлари — Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи, Дорут тиловат, Дорус-саодат, Оқсарой мажмуалари, Соҳибқирон бобомизнинг ер остида ўзи учун тайёрлаган хилхонаси, Мақом музейини зиёрат қилдилар.

Шаҳрисабзга саёҳат икки вилоят журналистларининг қўшма матбуот анжумани билан якунланди. Унда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари бўлимлари раҳбарлари Бойжигит Абдуллаев ҳамда Галовиддин Йўлдошевлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги битимга имзо чекдилар. Шунингдек, анжуманда “Сирдарё ҳақиқати”-“Сырдарьинская правда” ҳамда “Қашқадарё”-“Новости Кашкадарьи” вилоят газеталари, “Сирдарё” ва  “Кеш” (Шаҳрисабз шаҳри ва тумани газетаси), “Оқолтин” ва “Яккабоғ овози”  (Яккабоғ тумани газетаси) босма нашрлари, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари телевидениелари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish