САРВИНОЗ — АЪЗАМОВ ТУРНИРИ ҒОЛИБАСИ

11-19 март кунлари Тошкент шаҳридаги республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар шахмат мактабида Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган анъанавий XIII “Tashkent Open” халқаро турнири якунланди. Унда дунёнинг 14 та мамлакатидан 200 дан зиёд шахматчи қатнашди. Иштирокчилар орасида халқаро гроссмейстерлар, Осиё ва жаҳон чемпионлари, фахрийлар ва иқтидорли ёшлар бор  эди.

Шахматчилар швейцарча тизимда 9 тур давомида ғолиблик учун дона суришди. Вилоятимиз вакиласи, боёвутлик Сарвиноз Қурбонбоева халқаро турнирда муваффақиятли қатнашди. Аёллар ўртасида Халқаро гроссмейстер мақомига эга спортчимиз 9 имкониятдан 5 очко жамғариб, хотин-қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллади. У халқаро турнирни 4 та ғалаба, 2 та дуранг ва 3 та мағлубият билан якунлади. Аёллар ўртасидаги совринли иккинчи ва учинчи ўринлар ҳам ўзбекистонлик шахматчиларга насиб этди. Нилуфар Якуббаева ва Ситора Сапарова Сарвиноздан кейинги ўринларни банд этди.

You may also like...

Fikr bildirish