ЭРКИН ВОҲИДОВ ДАРАХТИ ОСТИДА ШЕЪРХОНЛИК

Газетамизнинг шу йил 13 март сонида “Журналист мулоҳазаси” рукни остида “Шароф ота эккан арча, Эркин Воҳидов ўтқазган шумтол бизнинг маънавий бойлигимиздир” сарлавҳали материалимиз босилган эди.

Орадан 2 кун ўтиб таҳририятимизга Сайхунобод туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактабидан бир гуруҳ ўқитувчилар ташриф буюришди.

—Эркин Воҳидов бизнинг ифтихоримиз, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жабборали Комилов. —У кишининг дилбар шеър ва ғазаллари, оташин достонлари, ажойиб драмаларини ўқиб ақл тишимиз чиққан. Ҳассос шоиримиз 1981 йилнинг Наврўз куни мактабимиз ҳовлисига бир туп шумтол эккан эди. Бугунги кунга келиб ўша ниҳол шовуллаган дарахтга айланди. Газетада чоп этилган сизнинг мулоҳазаларингизни ўқиб, ҳаракатга тушдик. Азим дарахт олдига: “Бу дарахтни Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов эккан”, деган лавҳани ёзиб, илиб қўйдик.

 Дарҳақиқат, устоз шоир эккан дарахтнинг сояси ёзнинг жазирамасида роҳатбахш салқин беради. Дарахт тагига ўрнатилган скамейкаларда танаффус пайти ўқитувчи ва ўқувчилар яйраб  ҳордиқ чиқаришади.

  Наврўз байрами арафасида қаҳрамон шоиримиз эккан дарахт остида устозлар йиғилишиб, машварат ўтказишди. Улар Эркин Воҳидов ўтқазган дарахтнинг атрофини ободонлаштиришга, сўлим гўшага айлантиришга келишиб олдилар. Ўша куни  шоир дарахти остида қизғин мушоира бўлди. Унда Эркин Воҳидовнинг баҳор, Наврўз, ёшлик ҳақидаги оташин байтлари янгради. Баҳор офтобидан уйғонаётган дарахт шивирларига монанд ҳассос шоиримизнинг гўзал байтлари янгради.

Баҳор.

Барқут кийиб безанди боғлар,

Саҳролар кўксига тақди қизғалдоқ.

Қуёш этагига оқ булут боғлаб,                                                                

Ўрик шохларида қовурди бодроқ.

Еллар олиб қочди қишнинг хобини,

Барглар чапак чалиб уйғонди шодон.

Бутоқларга қўниб, гул китобини

Варақлашга тушди булбул — ғазалхон….

Муҳаммад АЛИ.

Тасвирда: 11-умумтаълим мактаби ўқитувчилари Эркин Воҳидов дарахти остида гурунглашмоқда.

You may also like...

Fikr bildirish