“СУВОҚАВА” ДУК ЭЪТИБОРСИЗЛИГИ ТУФАЙЛИ КЕЛИБ ЧИҚАЁТГАН МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛАДИМИ?

Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Сирдарё вилояти “Сувоқава” ДУК Гулистон шаҳар филиалига қарашли оқава сувларни тозалаш иншоотида мониторинг ишлари олиб борилди.

Ушбу иншоот 1985 йилда қурилган бўлиб, лойиҳа қуввати 25 минг м3/сутка ифлос оқава сувларни биологик тозалаб, зарарсизлантиришга мўлжалланган.

Технологик жараён учун керак бўлган оқава сувларни зарарсизлантириш-хлорлаш биноси, тозалаш технологик жараёнини тиклаш учун хизмат қилиш бинолари бузиб ташланган. Шаҳар канализация тармоғида ҳосил бўлаётган оқава сувлар тўпланиб, бу иншоотга келтирилиши ва биологик тозаланиб, зарарсизлантирилиши керак.

Афсуски, анчадан буён иншоот ишламаяпти. Барча қурилмалари ишдан чиққан бўлиб, иншоот жойлашган ҳудуд назорати олиб борилмаяпти. Иншоотнинг таркибий қисмлари (зарарсизлантириш ҳовузлари) яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлиб, бир неча йиллардан бери оқава сувлар ташланмаганлиги сабабли қамишзорларга айланган.

Энг катта муаммо оқава сувлар иншоотга етиб бормасдан, тўғридан-тўғри очиқ ер усти сув ҳавзаси-Сардоба коллекторига ташланаётганидир. Оқибатда коллектор аянчли аҳволга келиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини нобуд бўлишига сабаб бўлаяпти. Бундан ташқари коллектор сувидан фойдаланаётган балиқчилик ва фермер хўжаликларининг иш самарадорлиги кескин пасаймоқда.

Оқава сув ташламаларидан намуналар олиниб таҳлил қилинганда, барча ингредиентлар меъёр даражасидан бир неча ўн баробар кўп эканлиги кузатилди ва бу сувлардан ҳеч қандай мақсадда фойдаланиб бўлмаслиги тўғрисида хулосага келинди.

Бу масалада мутасадди “Сувоқава” ДУК филиалларига маъмурий чоралар кўрилган бўлса-да, улар ўз билганларича иш тутиб келмоқда ва натижада жуда катта экологик муаммоларни пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Икром ТАГАЕВ,

Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи

You may also like...

Fikr bildirish