«ЛОҚАЙДЛИКМИ, НОПИСАНДЛИК?»

Газетамизнинг шу йил 23 январь (№5) сонида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий мақола чоп этилган эди. Унда газета саҳифаларида эълон қилинаётган танқидий мақолаларга нописанд муносабатда бўлаётган ташкилотлар санаб ўтилганди. Мазкур мақола юзасидан Ховос тумани прокурори Ш.АЛТМИШЕВ имзоси билан расмий жавоб хати олинди. Унда қуйидаги сўзлар битилган:

“Сирдарё ҳақиқати” газета таҳририяти вилоят прокуратурасига йўллаган мурожаат хатида Ховос туманидаги “Соҳибкор” маҳалласи ҳудудида яшовчи бир неча нафар фуқаролар номидан шу ҳудудда жойлашган 7-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар учун етарли шароит йўқлиги ҳақида аноним ариза йўллаган шахс-га нисбатан чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат туман прокуратураси томонидан муқаддам ўрганиб чиқилган бўлиб, ўрганишда ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берган мактаб директори С.Бойтўраев фуқаролар номидан йўлланган аризани ўрганиш мақсадида газета таҳририятидан ходимлар мактабга келганликлари, шу вақтда ариза аноним эканлиги, яъни муаллифларнинг биронтаси ҳам ариза билан мурожаат қилмаганлилиги аниқланганлиги, шундан сўнг аризадаги хуснихат орқали ушбу аризани мактаб ўқитувчиси А.Журамуродов ёзганлигини аниқлаганлигини билдирган.

Ҳолат юзасидан тушунтириш берган А.Журамуродов ҳақиқатдан ҳам фуқаролар номидан аризани ўзи ёзганлигини, у аризанинг матнини мактабнинг илмий мудири Р.Ёқубов илтимосига асосан кўчириб берганлигини маълум қилган.

Масала мактабнинг педагогик кенгашида муҳокама қилиниб, А. Журамуродовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.

Мактаб ўқитувчиси А. Журамуродовнинг фуқаролар номидан аноним тайёрлаган аризасида кўрсатилган важлар ҳақиқатан ҳам қисман тасдиғини топиб, ўрганиш давомида мактабнинг бошлан-ғич синф ўқувчиларига мўлжалланган ўқув биносининг 10 та хонасидан фуқаролар турар-жой сифатида фойдаланиб келаётганлари маълум бўлган.

Бинобарин, тумандаги 7-сонли умумтаълим мактаби 1972 йилда қурилган бўлиб, 420 ўқувчи ўрнига мўлжалланган. 2000 йилда ушбу мактабга ҳудудда жойлашган 38-таянч мактаби тугатилиб, бирлаштирилган. Ховос туман ҳокимининг 01.08.2014 йилдаги “Ховос туман халқ таълими бўлимига қарашли 7-сонли умумтаълим мактаби биноси ва бошқа бино иншоотлари ҳамда ер майдонига бўлган эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисида”ги қарорига асосан Ховос туман “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” Давлат корхонаси томонидан 7-сонли умумтаълим мактаб бино иншоотларига эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиб, “Ер мулк кадастр” ҳужжати берилган.

 Шунингдек ўрганиш вақтида мактаб директори С.Бойтўраев томонидан мактаб биносининг бўш турган 10 та хонаси уйга мухтож фуқаролар билан мактаб ва “Сирдарё вилояти давлат мулкини ижарага бериш маркази” Давлат унитар корхонаси ўрталарида 3 томонлама муддатли шартнома тузиб келиниб, фуқаролар ўз вақтида ижара тўловларини тўлаб келаётганлари ҳақида кўрсатув берган.

 Мактабнинг таъмири учун пул йиғилганлиги ҳолати бўйича бирон-бир ўқувчининг ота-оналаридан шу кунга қадар ариза ва шикоятлар келиб тушмаганлиги ҳамда аноним ариза эгаси аниқланган тақдирда уни ёзган шахсга нисбатан қонунчиликда бирон-бир жавобгарлик назарда тутилмаганлиги сабабли туман прокуратураси томонидан ушбу ҳолатларни текшириш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаган.

Бундан ташқари аризадаги важларнинг қисман тасдиқланганлиги боис аноним ариза муаллифига нисбатан унинг ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддасида назарда тутилган туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдурмаларни тарқатишда ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли унга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш кўзгатиш мақсадга мувофиқ эмаслиги инобатга олинган.

Муқаддам газетанинг иккита сонида чоп этилган мақолаларни ўрганиш натижасига кўра А.Журамуродов томонидан аноним ариза номларидан ёзилган фуқароларга келгусида ушбу аноним ариза ёзилганидан ўзларини маънавий зарар кўрган деб ҳисобласа, уни ундириш мақсадида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилишлари мумкинлиги тушунтирилиб, хабарномалар юборилган”. (Жавоб хати аслиятга мос тарзда берилди. Имловий ва услубий хатолар тузатилмади).

ТАҲРИРИЯТДАН: биринчидан, вилоят прокуратурасига мурожаат хати эмас, эслатма хати йўлланган. Иккинчидан, аноним ариза ёзган фуқарога чора кўриш сўралмай, балки ҳуқуқий баҳо бериш сўралган. Фуқароларга чора кўриш бизнинг ваколатимиз доирасига кирмайди. Учинчидан, газета чиқишига прокуратура ўз вақтида муносабат билдирмаган. Бор-йўқ гап шу.

You may also like...

Fikr bildirish