ГУЛИСТОН ШАҲРИДА ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА НОМИДАГИ ИЖОД МАКТАБИНИ ОЧИШГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ

Бугун 13 март куни Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанига ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг қурилишига тамал тоши қўйилди.

Ушбу мактаб-интернати 150 ўринга мўлжанлланган бўлиб, Гулистон шаҳридаги 9-мактаб ёнида жойлашган “Ёшлар маркази” тўйхонаси ўрнида қурилмоқда.

Маросимда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғофуржон Мирзаев очиб, вилоятимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб биносига тамал тоши қўйилаётгани эсда қоларли кун бўлиб қолишини эътироф этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева сўзга чиқиб, мактабнинг барпо этилиши нафақат ижод аҳли учун, балки Сирдарё воҳаси учун қувончли воқеа бўлиб қолишини таъкидлади. Сўнгра ёш ижодкорларнинг вилоят ҳокими ҳомийлигида чоп этилган “Дунёларга танитамиз Сирдарёни” деб номланган шеърлар китобини ҳаммага кўрсатиб, тўплам  катта туҳфа бўлганини айтди.

Ўз навбатида сўз олган Гулистон давлат университети доценти Қобил Кўбаев Ҳалима Худойбердиева ўз ижоди билан Ўзбек адабиётида алоҳида ўрин эгаллаганини, шеърлари ҳамон барҳаёт эканлигини чуқур мамнуният билан таъкидлади ва ижодкорнинг “Муқаддас аёл” шеърини ўқиб берди. Шоиранинг синглиси Раҳима Худойбердиева опасига Юртбошимиз томонидан кўрсатилган юксак эҳтиром учун барча қариндошлари номидан ташаккур изҳор қилди ва унинг Сирдарёга бағишланган шеърини ёддан айтиб берди.

Шундан кейин отахонлар иштирокида янги қурилаётган бинога тамал тоши қўйилгач Қуръон тиловати ўқилди. 

You may also like...

Fikr bildirish