АДОЛАТ ҚАРОР ТОПГАНИДАН ҲАММА МАМНУН

*Раддия

Газетамизнинг шу йил 23 февралдаги 14-сонида “Жиноят жазосиз қолмайди” рукни остида “Ички ишлар ходимининг қинғир иши” номли мақола эълон қилинган эди. 

Унда жумладан, қуйидаги сатрлар бор: “Ноқонуний ҳаракат қилиб, жиноят содир этган кишиларнинг кирдикорлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан фош этилади, ўша шахсга тегишли жазо тайинланади. Лекин жиноятни қонун ҳимоячиларининг ўзлари содир этишган бўлишса-чи? Шуни айтадилар-да, “ўзингдан чиққан балога, қайга борурсан даъвога”, деб.

1975 йили Тошкент шаҳрида туғилган, олий маълумотли, 3 фарзанднинг отаси, муқаддам Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари, жиноят-қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Умид Валерьевич Кличев мансабдор шахс бўла туриб, Гулистон шаҳар ҳудудида чет эл валюталарининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётган Адхам Ульмасович Сидиқов билан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил январдаги “Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1914-сонли қарорига зид равишда иш тутган. У.Кличев ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида А.Сидиқов билан 2017 йил 25 июнь куни Гулистон шаҳрининг 2-мавзесида (“Оила бургер” кафе қаршисида) 41.000.000 сўм пулларни чет эл валютасининг “қора бозор” нархида 1 АҚШ долларини 8.200 сўмдан ҳисоблаб, 5.000 АҚШ долларига айирбошлаган. Жиноий гуруҳ аъзолари бу каби ноқонуний ҳаракатларни бир неча марта такрорлаганлар. Лекин қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Ҳамтовоқлар тумшуғидан илиндилар.

Шуниси, ажабланарлики, У.Кличев судда тергов органи томонидан қўйилган айбловга иқрор эмаслигини билдирган (лекин суриштирув-тергов ишлари натижасида у содир этган жиноят ўз исботини топган), А.Сидиқов эса судда иқрорлик билдирган.

У.Кличев жиноий кирдикорлари учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Албатта, ҳар ким қилмишига яраша жазосини олади.

Жазо оғирми, енгилми, бу ушбу шахсларнинг пешонасида тамға бўлиб қолиши, шубҳасиз.

ҲАМРОҲ.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг протести асосида аппеляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, иш қайта кўриш учун жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди аппеляция инстанциясига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 21 февралдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Арнасой тумани судининг 2017 йил 19 декабрдаги ҳукмининг У.В.Кличевга оид қисми бекор қилиниб, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан реаблитация қилиниб, айбсиз топилган ва оқланган.

Таҳририят ўз хатосини тан олди ва У.В.Кличевнинг раддиясини асосли деб топди. Шу боис ундан кечирим сўрайди.

“СИРДАРЁ ҲАҚИҚАТИ” ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИ.

You may also like...

Fikr bildirish