ЗЕБО МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ТЕНГСИЗ

Енгил атлетика


Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида енгил атлетика бўйича 2002-2003 йилларда таваллуд топган ёшлар ва қизлар ўртасида Халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари — Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан умидли спортчилар иштирок этишди.

Халқаро турнирнинг тақдирлаш маросимида россиялик машҳур атлет, хизмат кўрсатган спорт устаси, лангарчўпга таяниб сакраш бўйича икки карра Олимпиада чемпиони, 28 карра жаҳон рекордчиси Елена Исинбаева иштирок этди. Номдор спортчининг қўлидан мукофотларни олган ёш атлетларнинг руҳи кўтарилиб кетди.

Марказий Осиё спортчилари ўртасида ўтказилган Халқаро турнирда мамлакатимиз терма жамоаси сафида иштирок этган сирдарёлик атлетлар қувонарли натижаларни қайд этдилар. Зебо Жумабекова узунлик ва баландликка сакраш баҳсларида мос равишда 5.45 ҳамда 1.60 метр натижа  кўрсатиб, Халқаро турнирнинг қўш олтин медалларига эга чиқди. Икки нафар спортчимиз эса кумуш медаллар билан кифояланишди. Азамат Тауров 200 метр масофани 22.81 сония босиб ўтиб, маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Александр Ли эса ядрони 14.51 метрга улоқтириб, совриндорлар сафидан жой олди.

Яна икки спортчимиз мамлакатимиз терма жамоаси жамғармасига иккита бронза медалини қўшиб қўйди. Севинч Хайриддинова 800 метрга югуриш мусобақаларида 2:25.83 дақиқа натижа билан шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Александр Ли босқонни 14.51 метрга итқитиб, кумуш медали ёнига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди.

Тасвирда: машҳур спортчи Елена Исинбаева ўзбекистонлик енгил атлетикачилар даврасида.

You may also like...

Fikr bildirish