ФИРИБГАР ҚАМОҚҚА ТУШГАЧ…

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани судининг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судья       С.Сарибоев раислигида фирибгарлик   жинояти иши кўриб чиқилди.

Ўткир Отабеков (исм ва фамилияси ўзгартирилган) 1981 йилда туғилган, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор. Аммо у ёш бўлса-да, икки марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди.  Бу — учинчиси.

Биринчи марта жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани судининг 2013 йил 25 декабрдаги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 2-қисми “б” банди билан судланди. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан озод қилинди.

Унинг иккинчи жиноят иши Янгиер шаҳар судида кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28, 21-моддаси “а” банди билан ЖК 59-моддаси тартибида саккиз йил муддатга  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг 2017 йил 3 мартдаги ажримига кўра, ЖК 74-моддасига асосан ўталмай қолган 5 йил 3 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилинган жазоси, шу муддатга ҳар ойлик иш ҳақидан давлат даромадига 20 фоиздан ундириб бориш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

У, жиноятни қилаётган ишларининг қонунга хилоф эканлигини била туриб қасддан содир этган. Алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш, ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш жиноятларини содир этган.

Судда жабрланувчиларнинг  кўрсатмалари инобатга олинди.

Жабрланувчи Р.Бойқулов ўз кўрсатмасида ўғли Л.Қосимовни танишлари  орқали чегара қўшинларига ишга киргизиб қўйишни ваъда бериб, ундан фирибгарлик йўли билан  4210 АҚШ доллари ва 1600000 сўм пул олганлигини айтди. Жабрланувчи Т.Холмуродовага эса унинг ўғиллари Б.Холмуродов, Д.Холмуродов ва О.Холмуродовларни жазо ўтаётган жойидан танишлари орқали озодликка чиқариб беришга ваъда бериб, 7500000 сўм миқдорда пул олган.

Гувоҳ Г.Сарибоева ўз кўрсатмасида судланувчи Ў.Отабеков  турмуш ўртоғи Т.Сарибоевга Жиззах вилояти Бахмал туманидаги танишининг уйида унга тегишли бўлган қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ускунани сотишини айтиб, ёлғон ваъдаларни бериб, фирибгарлик йўли билан 3000 АҚШ долларини олиб, ҳозиргача ускунани ҳам, пулини ҳам қайтариб ололмаётганини айтди.

Ў.Отабековнинг ана шундай ноқонуний ишларини айтаверсак, адоғига етиб бўлмайди.

Суд судланувчи Ў.Отабековнинг оилали эканлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Аммо у содир этган жиноятлар ғаразли, такрор-такрор содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат эканлигини таъкидлади.

Суд судланувчи Ў.Отабековга  Янгиер шаҳар судининг 2017 йил 3 мартдаги ажримига кўра, ЖК 74-моддасига асосан ўталмай қолган 5 йил 3 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини шу муддатга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига  ундириш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган қисмидан ўталмай қолган 4 йил 3 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига қисман қўшиб, узил-кесил икки йил моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда етти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини  тайинлади.

Шунингдек, Ў.Отабековдан жабрланувчи Т.Сарибоев, Р.Бойқулов, Т.Холмуродова ва бошқалар фойдасига келтирилган зарарлар ундириладиган бўлди.

            Баҳромжон ҚАНОАТОВ,

вилоят прокурорининг ўринбосари.

You may also like...

Fikr bildirish