БУ — МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК, ДАНГАСАЛИК ЭМАСМИ?

Томорқа-хазина калити. Ундан тўғри ва оқилона фойдаланаётган томорқа эгалари мўл сабзавот, боғ маҳсулотлари етиштириб, оила эҳтиёжини таъминлаш билан бирга ортганини бозорга чиқариб сотиб, мўмай даромад олмоқдалар. Бир ердан икки-уч марта ҳосил етиштириб, деҳ-қончиликнинг ҳадисини олган миришкорларнинг даромади тобора ўсиб, турмушлари обод бўлиб бораётир.

Сайхунобод туманидаги «Ўзбекистон» маҳалласида ҳам шундай тажрибакор миришкорлар анчагина. Маҳалланинг Ал-Бухорий кўчасида яшовчи Дилшод Ҳамзаев ўтган йили 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, саримсоқпиёз ва булғор қалампири етиштиришни йўлга қўйди. Мўъжазгина иссиқхонада бир йилда икки марта ҳосил етиштираётган тадбиркор ана шу ернинг ўзидан йилига 15-20 миллион сўм соф фойда кўраётир. Ўтган йилнинг кузида ҳам Ҳамзаевлар 2 сотих майдондаги иссиқхонага биринчи экин ўрнида тўлиқ саримсоқ пиёз экишганди. Суғориш, гўнг билан озиқлантириш тадбирларини вақтида ўтказган Дилшод Ҳамзаев қиш ойларида иссиқхонани иситиш, ҳароратни мўътадил сақлаб туришда оддий ўтин ёқиладиган печлардан фойдаланди. Иссиқхона икки қаватли плёнка билан ёпиб чиқилганлиги ҳам бу ерда ҳарорат бир меъёрда сақланишида муҳим аҳамият касб этди. Шу йил февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида кузда экилган саримсоқпиёз тўлиқ пишиб, етилди. Учинчи ўн кунликда етилган ҳосилни қазиб, кўтарасига сотишди. Биринчи  экиндан олинган фойда ўн миллион сўмдан ошди. Ҳозирда ерни қайта чопиб, текислаб, иккинчи экин — булғор қалампири экишга тайёрлаб қўйишди. Ҳадемай булғор қалампири экишни ҳам бошлаб юборишади. Ундан ҳам ўн миллон сўмлаб даромад олишини ҳисобга оладиган бўлсак, кичик иссиқхонадан бир йилда кўрилаётган фойда 20 миллион сўмдан ошади. Ерга, томорқага меҳрини берган, бир қарич ерни ҳам даромад манбаига айлантирган миришкорнинг ҳовлисидаги саранжом-саришталикка ҳавасингиз келади.

Маҳалладаги Ватан кўчасида яшовчи Ҳошим Абдуолимов эса бир неча йилдирки, 8 сотихлик иссиқхонада мўл помидор етиштириб келаётир. У ҳам иссиқхонада бир йилда икки марта ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. Кузда экилган помидорни қиш ойларида йиғиштириб олиб, Бахт ва Гулистон шаҳар деҳ-қон бозорларини сархил маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлайди. Март ойида иссиқхонага иккинчи марта экилган помидордан ҳам юқори ҳосил олади ва ёз бўйи аҳоли дастурхонига тортиқ этади. Тадбиркорнинг бир ерда икки марта ҳосил етиштириш ҳисобига олаётган даромади эса йилига 50-60 миллион сўмдан кам бўлмаётир.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройли, деганларидек, ҳар икки оила соҳиблари ҳам томорқа-иссиқхонадан келаётган даромад ҳисобига қўша-қўша тўйлар қилишди, данғиллама уйлар қуришди. Энг муҳими, бирор нарсага зор бўлмай, хорлик нелигини билмай фаровон турмуш кечиришмоқда.

 Аммо ери ерига туташ, шундай тенг имкониятларга эга бўлган маҳалланинг Ал Бухорий кўчасидаги Лутфулла Ғозиевга қарашли 35 сотихлик томорқанинг ярмига хўжакўрсинга беда экиб қўйилган. Шу кўчадаги Шавкат Фозиловга тегишли томорқа ҳам ҳалигача бўш турибди. Ал Бухорий кўчасидаги Дилшод Ҳамзаевларнинг қўшниси Бахтиёр Қўзиев ҳам ҳали томорқасига бирор сабзавот ёки кўкат экмаган.

Яна бир томорқа эгаси Ўктам Қўшиев эса икки-уч йилдан бери томорқасига тайинли экин экмай, ер умрини беҳуда ўтказаётир.

— Томорқамиз жуда паст-чуқурликда жойлашганлиги сабабли ернинг захини қочира олмаяпмиз, — дейди Ўктам Қўшиев. — Тўрт-беш машина соз тупроқ тўкиб, текислатишга эса маблағим йўқ.

Беш-олти сотихлик томор-қага тупроқ тўкиб, уни эпақага келтириш наҳотки шунчалик мушкул иш бўлса? Дангасалик қилмаган одам аравада тупроқ ташиб, тўкиб, аямай гўнг солиб ҳам бу ерни бемалол унумдор майдонларга айлантириши мумкин.Баҳоналар кўп-у амалий иш йўқ. Олма пиш, оғзимга туш, деб юравергани билан тоғни урса, тал-қон қиладиган ўғиллари бор Қаршиевнинг томорқасини бошқа маҳалладан ўзгалар келиб, созлаб бермайди. Тўрт мучаси соғ одам бугун ўз аравасини ўзи тортиши, ҳатто ташаббускорликда, рўзғор тутумида бош-қаларга ибрат бўлиши даркор. 

Катта ариқ кўчаси 2-уйда яшовчи Анвар Ғозиевнинг таморқаси ҳам ҳалигача ҳайдалмаган. Унинг ёнидаги четан билан ўралган, ярми чакалакзорга айланган қарийб 50 сотихлик томорқага ҳатто қўл ҳам урилмаган. Катта ариқ кўчаси бошидаги янги участкаларга кўчиб чиққан томорқа эгаларининг айримлари ерни шудгорлаган бўлса, айримларига ҳеч бир экин экилмай чўллаб ётибди. Бебаҳо бойлигимиз — ер умри эса беҳуда ўтаяпти.

Президентимиз Ш.Мирзиёев шу йил 19 февраль куни жойларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига қилган ташрифи, Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да фаоллар билан учрашуви чоғида ҳам вилоятда томорқа майдонларидан фойдаланиш талаблар даражасида эмаслигини қаттиқ танқид қилдилар.Шундай экан, бугун дангасалик, танбаллик қилишга, изланиш ўрнига баҳона қидиришга ҳеч бир томорқа эгасининг ҳақи йўқ. Бинобарин, “Ўзбекистон” маҳалласида ҳам ер умрини бекор ўтказаётган, экин-тикин экиш ишларини ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб, орқага сураётган томорқа эгалари бу ялқовликлари билан фақат ўз оилалари иқтисодига зарар келтирган бўладилар. Ахир масъулиятсизлик, танбалликнинг ҳам чеки-чегараси бор. Алал-оқибат ялқовлик оилани фақат қашшоқликка етаклайди. Бу ялқовлик фарзандлар тарбияси, камолида ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқаришини асло унутманг.

You may also like...

Fikr bildirish